Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида яшовчи 26 ёшли 1-гуруҳ ногирони Севара Мамаражабова Effect.uz ахборот агентлигига мурожаат қилди.

Мурожаатчига кўра, у 2017 йил Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5006-сон 01.08.2017 фармонига асосан ногиронларга ажратилган уйларнинг биттасини кредит асосисида олган.

Шундан сўнг, Севара пахта саноати ташкилотида бир оёғи йўқ бўлса ҳам ишлашга мажбур бўлган. Бироқ Севара кооператив билан тузган шартномаси бекор бўлиб, айни вақтгача ишсиз бўлиб қолган. У имконияти етгунча кредит тўловларини тўлаб келади. Мажбурлигидан барча ишга қўл уриб кўради, аммо кичик гўдак билан ишлашга ёлчимайди.

Лекин шунга ҳам қарамай у ишлаш мақсадида туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Мурожаатлари эса эътиборсиз қолиб, катталар томонидан “сизга иш йўқ”, деган жавобни олади.

“1-гуруҳ ногиронларига иш йўқ, уйга кетаверасиз”, бу Севара мурожаат қилган қайсидир мутассадининг жавоби эди.

Мамаражабовага туман ҳокими билан учрашиш насиб этмайди. Устига-устак фуқаронинг банкдан 5 миллион 700 минг сўм қарзи борлиги сабаб энди унинг яшаётган уйини ҳам тортиб олишмоқчи. Суф сизларга…

 

Айрим ғўддайган раҳбарлар ногиронларга иш бериш тугул, соппа-соғларга ҳам иш топиб беришни эплолмайди-ку… Банк раҳбарлари, ҳокимлик вакиллари ва бошқа-бошқалар қайси виждон билан бу ишни қилмоқчисиз. Ногиронлиги етмай, энди Севара кўчада ҳам қолиши керакми?

Аслида “сизни иш билан таминлаб қўямиз, маошингизни кредитга тўлайверасиз”, деб алдаб кредитга уй берган бўлсангизлар, энди иш йўқлигини ёки ишингиз йўқлигидан бу фуқаро азият чексинми?

Севара яна “Микрокредитбанк”дан ҳам кредит олиб, яхши ниятда ишлайман мақсадида уч дона тикув машинаси олган. Бироқ машиналарнинг иккитаси “хитойникидан” ҳам баттар дабдала эканлиги сабаб, иш бермаган.

Сизни доимий иш билан банд қиламиз деган ёлғончи, муттаҳамлар бу сўзларимизни ўқияпсизми? Агар инсофингиз бўлса, одамийлик ҳислатидан бироз бўлса ҳам асар қолган бўлса, катта туманда бир ногирон фуқаронинг аҳволи билан яқиндан танишинг ва унга ёрдам беринг!

Effect.uz сайти ходимлари масалани кўтариб оммага ҳавола қилишди, Севарага бунинг оқибатида яхши бўлиши тарафдоримиз. Зеро, у аёл, у она, унинг қўлида гўдаги бор…

Фазлиддин Меҳмонов, Сайфулло Исахонов
Қизириқ туманидан махсус