Истанбулда ўзбек аёлларини фоҳишалик қилишга мажбурлаган гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда UzNews.uz хабар берди.

Тадбир давомида жиноий гуруҳнинг бошқарувчиларидан иборат 16 гумондор, фоҳишалик қилишга мажбур қилинган 17 нафар аёл ва 9 нафар мижоз, жами 42 киши қўлга олинди. Операция ўтказилган манзилларда, 63 минг лира (тақрибан, 84 млн сўм) ва гиёҳванд моддалари топилган.

Гуруҳ етакчилари — 5 нафар ўзбекистонлик аёл бўлган. Ички ишлар бўлимига олиб келинган гумондорларнинг берган кўрсатмаларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқаролари бўлган 5 нафар аёл ўзбекистонлик аёлларга Туркияда иш топиб бериш баҳонаси билан уларни алдаб, Истанбулга олиб келишган.

Улар олиб келинган аёлларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилишган. Гуруҳ етакчилари юборган аёллар келишилган пулнинг ярмини мукофот тариқасида ўзларига олишгани маълум бўлди.

Полиция жиноий гуруҳнинг бошқарув тизимида бўлган 16 нафар гумондорни судга топширган. 17 нафар алданган аёлларни Ўзбекистонга қайтариш учун зарур чоралар кўрилаётгани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Тошкент шаҳрининг турли жойларида қўшмачилик, фоҳишахона ташкил қилиш, фоҳишалик билан шуғуллантириш орқали пулга муҳтож аёлларни маълум миқдордаги пуллар эвазига бошқа эркаклар билан муттасил равишда жинсий алоқада бўлишларига ундаб, бу иш учун уларга шароит яратиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинганди.