“Ҳисоб-китобларимизга нисбатан шубҳамиз йўқ, биз ўз фикримизда қоламиз”, дея Монополияга қарши кураш қўмитаси “UzAuto Motors” билан боғлиқ суд қарорига изоҳ берди.

“Биз суд қарорини ҳурмат қиламиз, бироқ ҳисоб-китобларимизга нисбатан шубҳамиз йўқ, ўз фикримизда қоламиз. Суд қарори устидан берилган апелляция расмиятчилик учун қилинаётгани йўқ”, деди қўмита раиси ўринбосари Бекзод Умматов.

“UzAuto Motors” билан боғлиқ ҳолатни тўхтатишнинг битта йўли бор — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди.

“Агар шу нарса ҳал бўлмаса, “UzAuto Motors” ишини ҳар йили кўриб чиқишимиз, судда ютишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу натижа бермайди, бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш”, дея қўшимча қилди Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари Бобир Каримов.