Эркинлик ҳақида гап кетганида кўпчиликнинг кўз олдида “1991” рақами гавдаланиши табиий ҳол. Назаримизда, бунинг сабабини изоҳлашнинг ҳожати йўқ.

Хўш, биз бу йилда расман мустақил давлат мақомини олган бўлсак, халқ қачондан мустақил ҳаёт бошлади? Эҳтимол, “1991 йилдан” дейишингиз мумкин. Аммо бу умуман нотўғри фикр. Давлат мустақиллиги  мафкуранинг мустақиллиги дегани эмас, албатта.

Аслида инсон мустақил эканлигини ҳис этиши учун унинг эркига тўсиқ бўлувчи бирор бир омил бўлмаслиги керак. Мустақил давлатнинг қарам давлатдан фарқи ҳам айнан мана шунда.

Шу орада савол туғилади агар шахс эркинлиги эркин, чекловларсиз ҳаёт кечириш билан белгиланса, унда сўз эркинлиги нима?

  • Сўз эркинлиги — инсоннинг асосий шахсий ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларидан бири; ҳозирги даврда аксарият мамлакатларда “ахборот эркинлиги” деб аталадиган умумий ҳуқуқнинг таркибий қисми. Ўз фикрини оммавий тарзда (оғзаки ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзма) баён этиш имкониятини билдиради. Сўз эркинлигига демократия кўринишларидан бири сифатида қаралади. Бу эркинлик Ўзбекистон Республикаси конституцияси билан ҳам кафолатланган. Хусусан 29-моддада шундай дейилган:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”.

Лекин шахс эркинлиги сингари бу борада ҳам қоғоз ва амал масалалари мавжуд.

Жамиятда инсонлар ўз фикрларини эркин баён эта оладиган, камчиликларни танқид қила оладиган ва бунга қарши цензуранинг бўлмаслиги сўз эркинлигининг  мавжудлигига ишора бўлиб хизмат қилади. Хўш, бугун Ўзбекистон узра юқорида саналган белгилар қай даражада ўз аксини топган?

Баъзида, оммавий ахборот воситаларида чиқадиган хабарлар, танқидий мақолаларга назар ташласак, бу эркинлик бўғиб қўйилгандек баъзида эса яхши шакллангандек туюлади.

Ҳаттоки айрим кишиларнинг “номаъқул” танқиди учун жазолангани ҳам қулоққа чалиниб туради. Бу масалада халқнинг фикрини ўрганиш ва сўз эркинлиги даражасини холис баҳолашни мақсад қилиб, аҳоли орасида сўровнома ўтказиб кўрдик.

Сўровномада қатнашганлар ўз фикрларини баён этар экан, асос ва мисолларни ҳам келтириб ўтишди. Афсуски, бу фикрлардан чиқарилган хулоса ҳавас қиларли эмас. Яъни кўпчилик сўз эркинлигини яхши шаклланмаганини айтиб ўтди.

 

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларидаги шаффофлик, аниқлик каби масалалар демократик жамият ривожининг бир қисми ҳисобланади. Бунга тўсиқ бўлувчи ҳар қандай омил эса жамиятни орқага тортувчи куч бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан бу масалага жиддий қараб, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш жамият ва давлат олдида турган асосий вазифалардан биридир.

Шаҳбоз Қаххоров ва Ҳумоюн Орипов тайёрлади

Facebook Comments