Жорий йилнинг 1 декабрь куни Про-лига чемпионлиги ва Суперлига йўлланмаси учун ўтказилган “Нефтчи” – “Турон” учрашувидаги тартибсизликлардан хабарингиз бор.

Бугун, 5 декабрь куни келиб чиққан ҳолат юзасидан жамоа қароргоҳида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишга Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулла Бозоров раислик қилган. Бу ҳақда “Нефтчи” ФК матбуот хизмати хабар берди.

Айтилишича, йиғилишда шунингдек,вилоят ҳокимининг спорт ва туризм ишлари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Аҳмедов, Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Ф.Абдиллазов, Фарғона НҚИЗ директори ўринбосари Б.Мўминов,”Нефтчи” ФК бош директори З.Ғофуров ҳамда Фарғона вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице президенти Н.Отақўзиевлар қатнашган.

Йиғилишда таъкидландики, 1 декабрь куни ўтказилган “Нефтчи” – “Турон” беллашувида “Нефтчи” жамоаси футболчиларининг ўйинни бошқарган ҳакамларга нисбатан қилган қўполликлари туфайли юзага келган тартибсизликлар натижасида футболга хос бўлмаган ҳолат бўлганлиги, “Нефтчи” жамоаси масъул ходимлари клуб футболчиларини ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйганлиги,тартибсизлик келтириб чиқарган футболчиларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилганлиги ҳақида гапириб ўтилди.

Шунингдек, келгусида “Андижон” ФК билан бўлиб ўтадиган ўйинга етарлича тайёргарлик кўриш ҳамда ижобий натижа кўрсатиш бўйича “Нефтчи” футбол клуби масъулларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. “Нефтчи” жамоаси масъул ходимлари футболчиларини ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун бош мураббий Абдусамад Дўрмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Facebook Comments