Айни пайтда, Зохиршоҳ ва Санжай ҳақидаги гаплар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда.  Бунга сабаб икки хонанда ҳам бир-бирларига жавоб қайтаришдан ортга чекинишмаяпти.

Яъни хонанда Зохиршоҳ Жўраев Youtube видео хостингида берган интервьюсида San Jay репер ўртасидаги жанжал ҳақида гапирди.

“Аслида яхши қўшиқ яратиш жуда қийин. Отамнинг қўшиқларида халқимизнинг тарихи бор. Мен ҳеч бўлмаганда, битта қўшиқни отам билан бир хил даражада айтиш учун барча қўшиқларимни беришга тайёр бўлардим. Рухсат олмасдан қўшиқ айтиб бўлмайди. Қонунлар бор ва улар ишлайди.

У мендан икки марта рухсат сўради, мен ҳеч нарса демадим, яъни уни хафа қилишни хоҳламадим. У ўзи тушунади деб ўйладим, аммо бунинг учун ақл-идрок керак. Баъзилар бизнинг оиламиз ҳақида ёмон сўзларни айтишади. Одамлар мен ҳақимда гапириши мумкин, аммо ҳеч ким менинг отам ҳақида гапиришга ҳаққи йўқ” деб жавоб қайтарди хонанда журналистнинг саволига.

Бунга жавобан, San Jay ўзининг Instagram саҳифасида қуйидагича фактларни келтириб ўтди. Яъни хонанда Зохиршоҳ билан Telegram’да ёзишмалар олиб борганини саҳифасига жойлаштирди.

Маълум бўлишича, San Jay бир неча марта Зохиршоҳдан отасига айтиб, “Карвон” қўшиғини куйлашга рухсат олиб беришни сўраган, аммо кичик Жўраев аниқ жавоб бермаган.

Эслатиб ўтамиз, San Jay’га “Карвон”, “Гулбадан”, “Атиргулим” сингари қўшиқларни куйлаш тақиқлаб қўйилди. 42 ёшли хонанда Instagram саҳифасида жойлаштирган видеода, Шерали Жўраевнинг қўшиқларни эндиликда, ижро этмаслигини айтди.

Шунингдек, бугун Шерали Жўраевнинг катта ўғли Шоҳжаҳон Жўраев бу борадаги тингловчилар томонидан келиб чиқаётган айрим тушунарсиз фикрларга ойдинлик киритди.

  1. Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Карвон” қўшиғини хонанда Сан Жай (Джавбердиев Санжар) томонидан бошқа услубда куйланганига, Шерали Жўраев эмас, шеър муаллифи Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ариза келиб тушган.

Жўраевлардан эса, бу қўшиқни хонанда Сан Жай томонидан бошқа услубда куйланган вариантига суратга олинган клипда, Шерали Жўраевнинг суратини рухсатсиз деворга чизиб кўрсатилганлиги учун эътироз бўлган, холос! Чунки, бирор инсонни ўз розилигисиз, унинг тасвиридан (фотосурат, видеоёзув ва бошқалар)дан фойдаланиш мумкин эмас.

Жўраевлар оиласининг бу қўшиқни, хонанда Сан Жай томонидан бошқа услубда куйланишига, ҳеч қандай эътирози ва қаршилиги йўқ! Чунки, бу ерда муаллифнинг мусиқасига тегилмаган ва ўша қўшиқнинг ўзини хонанда Сан Жай айтаётгандек “кавер” қилинмаган.

Ҳозирги кунда кўпчилик хонандалар “кавер” асли нима эканлигини мукаммал даражада тушунишмайди. “Кавер”, деб, мавжуд қўшиқни ўз йўналишига тегилмаган, ўз йўналишидан чиқиб кетмаган ҳолатда, бошқа жанрда куйланишига айтилади.

“Карвон” қўшиғи эса, хонанда Сан Жай томонидан куйланганида, ўша шеърга умуман бошқа мусиқа қилинган! Бу эса, “кавер” эмас, “мэшап” дейилади. Шунинг учун ҳам, “Карвон” қўшиғини хонанда Сан Жай томонидан куйланишига, Жўраевлар оиласи томонидан ҳеч қандай эътироз бўлмаган!

Санъаткорнинг фарзанди Шоҳ Жаҳон Жўраев, хонанда Сан Жай (Джавбердиев Санжар)  билан юзма-юз кўришган ҳолда, Халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Гулбадан”, “Атиргулим” қўшиқларини шеъри ва мусиқаси ҳам, Шерали Жўраевга тегишли эканлиги ҳақида, 2000 йил нашрдан чиққан “Санъатим” номли китобини унга кўрсатиб огоҳлантирилганида, хонанда Сан Жай “буни бир аёл шоира ёзган, у аёл вафот этган. Буни менга хабарини беришди. Шерали Жўраев эса, уларни ўзлаштириб олган.” деб туҳмат қилиб, қўшиқлар муаллифининг розилигисиз, ундан ҳеч қандай рухсат олмай, (ёки шартнома тузмай) қўшиқлар аслини ўзбошимчалик билан “бузиб” ўзгартирган ҳолда, ижро қилиб келган.

Шунинг учун, бу ҳолат юзасидан, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти, Халқ артисти Шерали Жўраевнинг ишончли вакили сифатида, хонанда Сан Жай (Джавбердиев Санжар) га нисбатан “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бузганлиги учун белгиланган тартибда чора кўрилиши юзасидан,  ариза билан мурожаат қилишига сабаб бўлди.

Чунки, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддаси бўйича, “Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартириш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.”, дея пост изоҳ қолдирган.

Хуллас, Жўраевлар ва Санжай ўртасидаги можаронинг қачон якун топиши ҳозирча яна номаълум муддатга қолди.

Беруншоҳ Умуров

Facebook Comments