Effect.uz жамоаси ноябрь ойида Жиззах вилояти Фориш тумани Учқулоч қишлоғига борди. У ерда айрим тадбиркорларнинг муаммосини эшитди. Гап шундаки, тадбиркорлар туман ҳокими Абдували Мустанов қарори билан олиб қўйилаётган ер муамосидан нолиб келади.

Фориш тумани

“Керак бўлса Мирзиёевнинг олдига бораман” – Форишликлар туман ҳокими ва депутатдан норози

Ҳокимият ва турли ташкилотларга қилинган мурожаатлар вақтида ўрганилмаган. Бу мурожаатлар орасида бундан 5 ой аввал юборилганлари ҳам бор. Ушбу мурожаат Президент Халқ қабулхонаси Ишга давлат ташкилотларининг совуққонлик билан қараши ёки беписандлигидан тўйган тадбиркорлар охир-оқибат ОАВ ходимларига мурожаат қилишга мажбур бўлишган.

 

“Туман ҳокими аввалига бизга қарор чиқариб берди, сўнгра ўз қарорини бекор қилди. Сабаби ҳоким бизнинг меҳнатимиз ва пулимиз кетган ерни “Ўзлидеп” партияси депутати Раҳмат Нарзиевнинг куёвига олиб бермоқчи. Ахир бу ерда коррупция ҳаракатлари кетмоқда. Бунга чора кўрадиган инсоннинг ўзи борми бу – давлатда.

Ёзавериб чарчадик, онам хаста бўлиб қолди. Лекин шу туришида ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг олдига бормоқчи. Муаммо ҳал бўлиши биз учун жуда муҳим. Агар шундай нияти бор экан, унда нега бизга бу ерни ишлашимиз учун берди. “Golden Territory” МЧЖ ҳосилоти раҳбаридан эгалик ҳуқуқини мажбурлаб қайтариб олишга ҳокимнинг ҳадди қандай сиғди?

Нима, оддий тадбиркор азобланади-ю, қолган каттаконлар истаганини қилиб, истаган ерини ўзиники қилиб олаверадими? Қани бу ерда ҳақиқат, барчаси кўз-кўз қилиш учун ишлаяптими? Президент камбағалликни йўқотинглар деса бизни раҳбарлар камбағалликни ривожлантириш билан банд”, дейди икки йилдан бери ердан фойдаланиб келаётган тадбиркор Лазиз Суннатов.

 

Муаммонинг асл моҳиятига келадиган бўлсак, туманнинг собиқ ҳокими П.Махатов 2017 йилнинг 3 май куни “Golden Territory” МЧЖнинг ер майдони ажратиш тўғрисидаги 01-сонли хатини инобатга олиб, МЧЖ раҳбарига ер ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган. Қарорда МЧЖ раҳбарига жами 77 060,3 гектар ер майдони, шундан 29,2 гектар сувли, 1629,6 гектар ҳайдаладиган ерлар, 73180,6 гектар яйлов ва пичанзорлар, 140,2 гектар ер ости сувлари, 985,7 гектар сўқмоқлар, 19,7 гектар ижтимоий ховли, кўча, бино ва майдонлар, 18, 2 гектар ва 1057,1 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ер майдонлари контурлар бўйича “Golden Territory” МЧЖга 49 йил муддатга ижарага ажратиб берилган.

Қарор туманнинг собиқ ҳокими П.Махатов томонидан имзоланган. Қарор 2017 йилнинг 3 май куни 725-сон билан ҳокимликдан рўйхатдан ўтказилган. Эътибор бердингиз-а, “Golden Territory” МЧЖ туман ҳокимлигидан жами 77060, 3 гектар ер майдонини 49 йил муддатга ижарага олган.

Қарор хат бошида “Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 17-моддасига асосан “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлатишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”иг Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 16 мартдаги ПҚ-2841 сонли Жиззах вилояти ҳокимининг 2017 йил 23 мартдаги 123-сонли ва туман ҳокимининг 2017 йил 27 мартдаги 460-сонли қарорига асосан тасдиқланган ишчи гуруҳ томонидан хатловда аниқланган ер майдони тўғрисида тузилган 2017 йил 25 апрельдаги далолатномаси ҳамда “Golden Territory” масъулияти чекланган жамиятининг 2017 йил 1 майдаги 01-сонли хатини инобатга олиб ҚАРОР ҚИЛАМАН”, дейилган.

“Golden Territory” масъулияти чекланган жамият шундан сўнг 2018 йилда юқорида контурлари келтирилган ер майдонларини турли контуридан 4 нафар тадбиркорга фойдаланиши учун камида 25 йил муддатга ижара шартномалари асосида расмийлаштириб берган.

Мазкур тадбиркорлар Жиззах вилоят Фориш тумани Учқулоч МФЙда яшовчи Абулқосимов Жамол, Маҳамматов Шерзод, Маҳамматов Шахзод ва Сунатов Лазизлар ҳисобланади.

Юқорида исм-фамиляси келтирилган тадбиркорлар оилавий корхона ёки МЧЖ очиб, ижара шартномасига асосан ер майдонларидан экин ва чорвачилик мақсадида фойдаланишни бошлаган. Тадбиркорлар узоқ Наманган, Самарқанд ва бошқа ҳудудлардан 500 нафарга яқин ишчи ёллашган. Ёлланган ишчилар тадбиркорлар ажратиб берган ер майдонларидан унумли фойдаланиб, ўз оиласини шу йўлда боқиб келган.

Тадбиркорларнинг шахсий маблағи эвазига ер майдонига сув чиқариш учун қудуқлар кавланган, электр чироқлари тортиб келинган. Қисқаси, ижарачи “Golden Territory” берган ерга тадбиркор пул сарфлаган ва шу орқали ўз оиласи, бола-чақасини боқишга ҳаракат қилган.

Бироқ  орада туманда ҳоким алмашгач, янги раҳбар Абдували Мустановнинг ташаббусига кўра “Golden Territory” МЧЖга қарашли ер майдонининг бир қисми, жумладан 10500 гектари туман захирасига қайтарилган. Захирага қайтарилган ерлар орасида 5 нафар тадбиркорнинг ерлари ҳам мавжуд бўлган.

Бу қарордан норози бўлган тадбиркорлар “Golden Territory” МЧЖ раҳбарини бўйнидан бўғишган, аммо МЧЖ раҳбари “ҳоким мени алдади, ерни беришга мажбур бўлиб қолдим”, дея вазиятдан осон қутулган.

Қарордан норози тадбиркорлар вилоят ҳокими Эргаш Солиев, туман ҳокими Абдували Мустанов, Республика бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, туман прокурори М.Отақулов, Жиззах вилояти прокурори Ислом Эргашхўжаев, Вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Б.Узоқов, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи Н.Сидиқов ва энг асосийси Президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига бир ҳил мазмунда ариза мурожаатларини йўллашган. Вақт ўтиши билан мурожаатларнинг айримларига жавоб қайтарилган, айримларига эса умуман жавоб хати келмаган.

Масаланинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, туман ҳокими Абдували Мустанов захирага қайтарилган ер майдонини 2019 йилнинг 19 декабрь куни Учқулоч МФЙ округи томонидан “Ўзлидеп” партияси депутатлигига сайланган Раҳмат Нарзиевнинг синглиси “TOSHTEMIR SAVDO BARAKA” хусусий корхонаси раҳбари Г.Тоштемировага 5148-сонли ҳоким қарори билан “Осмонсой” МФЙ ҳудудидаги туман захира ерларидан узумчиликни ривожлантириш, Қизилқум МФЙ Арнасой оринтолог буюртма қўриқхонаси ҳудудидан экобоғ барпо этиш ва экотуризмни ривожлаштириш учун қўшимча, жами 994,0 гектар яйлов ер майдонини 25 йил муддат ижарага расмийлаштириб берган.

Савол: нега туман ҳокими кейинчалик, яъни 2020 йилнинг 6 июнь куни “Golden Territory” МЧЖ билан ўртадаги ижара шартнома шартларини қўпол равишда бузиб, айнан МЧЖга 49 йил муддатга ижарага берган ер майдонини ҳам қандай сабаблар билан “TOSHTEMIR SAVDO BARAKA” хусусий корхонаси номига ижарага беряпти?

Ушбу жараёнда, масалан қарор қабул қилингунга қадар ҳоким “Golden Territory” МЧЖ ер майдонини ижарага олиб ишлаётган тадбиркорлар билан бир оғиз маслаҳатлашишиши мумкин эдими? Ҳа, албатта, мумкин бўлган. Бироқ ҳоким тадбиркорлар ишлаб келаётган ерга ҳам кўз олайтириб, уни таниши ёки амалдаги депутат Раҳмат Нарзиевнинг синглиси ва куёвига олиб берган. Битта қарор билан тадбиркорнинг шунча қилган ишлари чиппакка чиққан.

Ҳоким Абдували Мустановнинг 2020 йил 6 июнида имзоси босилган 1061-сонли қарори қайси экспертлар ёки ишчи гуруҳнинг хулосаларига асосан қабул қилинган?

А, лаббей ҳоким жаноблари? Депутат ёки унинг яқинлари бу қарор учун қанча сарфлашди? Виждон поклиги қаерда қолди, ёшингиз ҳам 57 га бориб қолибди. Туманингиздаги тадбиркорлар ривожланиши ўрнига уларни белларини синдириш сизга ўйинчоқдек оддий иш ҳисобланадими?

Форишни бюрократия ва коррупция ботқоғига ботириб, секингина курсини бўшатиш билан қутулиб қолмоқчимисиз. Сиз ўзингизги Халқ билан шаффоф ишлаётган ёки шу туманга фойдаси тегаётган инсонлар қаторига қўша оласизми?

Фориш бошқа Пастдарғом бошқа макон. Унутманг, сиз ўз манфаатингиз учун эмас, туман аҳолиси манфаати учун уларнинг фаровон ва асосийси норози бўлиб, ҳаёт кечириши учун жавобгар шахссиз…

Юқорида келтирилган важларнинг айримлари тўғри балки нотўғридир, бироқ ҳаммасини чеккага суриб, мард инсонлар каби кетингизни иссиқ стулдан кўтариб, ўз туманингиз ҳудудидаги Учқулоч МФЙга яна бир марта бора оласизми? У ерда сизни кўплаб фуқароларингиз кутмоқда.

Унутманг бу фуқаролар сиздан мутлақо норози ва қилаётган ҳаракатларингизга шубҳа кўзи билан қарамоқда. Тўрт кунлик дуёнда, барчаси қайтар! Кўкрагингиздаги “Шуҳрат” медалига лойиқ инсон сифатида шуҳратли амалларни бажарингизни тилаймиз, зеро Эл сиздан рози бўлсин…

Акмал Эшонхонов

Бекзод Раҳмонов

EFFECT.UZ мухбирлари