Ноябрь ойида Туркманистон президент Гурбангули Бердимуҳаммедов янги касалхонанинг очилиш маросимида профилактика чоралари туфайли мамлакатда COVID-19 касаллиги қайд этилмаганлигини қайд этди.

Бу фикрни шубҳа остига олган журналистлар ва фаоллар тазйиқ остига олинмоқда, дейди кузатувчилар.

“Humans right watch” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори ўринбосари Рейчел Денбернинг “Америка Овози” нашрига айтишича, Туркманистон асосий эркинликларга чекловлар қўйишда давом этмоқда.

“Бу репрессияга ҳукуматнинг бепарволик билан COVID-19 ҳолатларини инкор этиши, соғлиқни сақлаш ходимларини муҳим ҳимоя воситалари билан таъминламаслиги ва COVID-19 касалларини даволаш учун дори-дармон, асбоб-ускуналар ва шунга ўхшаш нарсалар берилмаслиги қўшилса, жамоат саломатлиги хавф остида қолади”, дейди Денбер.

Глобал миқёсда коронавирусга чалинганлар сони 63 миллиондан ортган. Туркманистон пандемия ўз чегараларини кесиб ўтганини инкор қилар экан, айни пайтда ниқобда юриш, саёҳат ва чакана савдони чеклаш каби чораларни йўлга қўйди, дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган Туркманистон фуқароси “Америка Овози”га.

“Улар бозорларни ёпиб, мамлакат минтақалари ўртасида саёҳат қилишни чеклади. Темирйўл алоқаси ҳам тўхтатилди, аммо самолётлар вилоят марказлари ўртасида парвоз қилишни давом эттирмоқда”, деди чет элда яшайдиган, аммо ватанига ташриф буюрган туркманистонлик фуқаро.

Пандемия ҳақидаги мунозаралар

Туркманистон аллақачон сўз эркинлиги учун репрессив минтақа сифатида танилган. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти уни глобал матбуот эркинлиги индексида иккинчи даражали давлат сифатида қайд этган.

Бельгиянинг Брюссел шаҳрида жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил халқаро ҳамкорлик (IPHR) ташкилоти директори Брижит Дюфорнинг айтишича, ҳукумат пандемия пайтида давлат сиёсатини савол остига олганларни тазйиқ қилишни янада кучайтирган.

Унга кўра, ҳукуматнинг пандемияга нисбатан тутган йўли аҳоли орасида ва ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бунга жавобан эса ҳукумат танқидий овозларни ўчиришга уринмоқда.

“Сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларда норозилик изоҳлари кучаймоқда, мамлакат ичкарисида бир нечта кутилмаган намойишлар юз берди. Чет элдаги диаспора жамоалари томонидан ўтказилган ҳукуматга қарши митинглар тўлқини ҳам кўпайган. Буларга жавобан Туркманистон миллий хавфсизлик хизматлари тўғридан-тўғри ва Туркманистондаги қариндошлари орқали чет элдаги фаолларни нишонга олмоқда”, дея қўшимча қилди у.

2020 йил бошидан бери Туркияда истиқомат қилаётган меҳнат муҳожири Дурсултан Таганованинг айтишича, Бердимуҳамедовни истеъфога чиқишга чақирган Истанбулдаги митингда қатнашгани учун полиция уни ҳибсга олган. У депортация қилиниши учун миграция марказига жойлаштирилган.

Таганова ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари босимидан сўнг октябрь ойида озод қилинди. Аммо унинг Туркманистондаги оиласи тазйиққа учраган ва мамлакатга қайтса, ҳибсга олиниши ҳақида хабар олган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси (TIHR) раҳбари Фарид Тухбатуллиннинг айтишича, ҳукумат ижтимоий тармоқларда танқидий чиқиш қилганларни ҳам нишонга олмоқда.

“Туркманистон махсус хизматлари маълумот, фото ва видеофильмларни чет элга узатмоқчи бўлганларни аниқламоқда. Май ойида 70 га яқин одам ушланиб, Туркманобод шаҳридаги полиция бўлимларига олиб кетилган. Кейинчалик ҳибсга олинган аёлларнинг камида иккитаси судланган. Бошқаларнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас”, деди Тухбатуллин.

Туркманистоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Туркманободда 100 дан ортиқ тиббиёт ходими июль ойида ҳукуматдан кўпроқ шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашни сўраганда, расмийлар уларнинг мурожаатлари “Президент сиёсатига зид” эканлиги ва бу талаблари учун жазоланишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Янгилик сайтлари блокланган

Туркманистон ва унинг пандемия билан боғлиқ янгиликларини ёритадиган чет элдаги веб-сайтлар ва оммавий ахборот воситалари муттасил киберҳужумлар ёки киришни блокировка қилишга уринишларга дуч келяпти.

Хабарлари туркман, рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган “Туркманистон хроникалари” нашри 2011 йилдан бери киберҳужумларни бошдан кечирмоқда, сўнгги ойларда ҳужумлар янада кучайган.

Сургундаги журналист Ак Велсапар You tube каналида “Эркин Туркманистон радиоси“ каналига асос солган. Канал сентябрь ойида муаллифлик ҳуқуқи бузилгани даъвоси билан You tube томонидан ёпилган. Журналист бу иш ортида Туркманистон ҳукумати турганини айтади.

“Бизнинг радио 2020 йил 8 февралдан бошлаб туркман халқига коронавирус тўғрисида биринчи бўлиб хабар берди ва мунтазам равишда COVID-19 ва унинг Туркманистонда кенг тарқалиши тўғрисида журналистик материалларни нашр этди”, деди Швецияда яшовчи Велсапар “Америка Овози”га.

Журналистнинг таъкидлашича, муаллифлик ҳуқуқи бўйича даъво унинг расмий миллий телевизион кадрлардан фойдалангани билан боғлиқ ва Туркманистон расмийлари шикоят бериш учун Ғарбда ишончли шахсларни ёллаган.

“Афсуски, Туркманистондаги бирон бир оммавий ахборот воситаси ҳозирги муҳим бир паллада COVID-19 ҳақида жамоатчиликни огоҳлантирувчи хабарлар бера олмади”, дейди Велсапар.

Шу ўринда бир савол туғилади: дунёдаги эпидемиологик вазият Туркманистон расмийларини ташвишга солмаяптими? Касаллик билан боғлиқ ҳолатларни яшириш ёки пандемия ҳақида хабар берувчи ОАВни таъқиб қилишдан наф йўқ.

Ҳумоюн Орипов “Америка Овози” маълумотлари асосида тайёрлади

Facebook Comments