Кеча, 1 декабрь куни Фарғонадани “Истиқлол” стадионида “Нефтчи” – “Турон” ўйини бўлиб ўтди. Ушбу ўйин якунлангач, “Нефтчи” футбол клуби аъзолари ва бир қанча мухлислар ўйинни бошқарган ҳакам Шавкат Насибуллаевни калтаклашди. Бундан ташқари, бурчак ҳакамлари ҳам муштлар ва тепкилардан ҳоли қолмади.

Фарғонада футболчи ва мухлислар ўйин ҳакамини дўппослашди

Фарғона шаҳар ИИБ мазкур видеолавҳа юзасидан дастлаб барча ҳуқуқбузарлар ушланиб, терговга кадар текширув ҳаракатлари ўтказишга киришилганлиги тўғрисида хабар берди.

“Воқеага алоқадор ҳар бир иштирокчининг ҳаракатига конуний баҳо берилади” – Фарғона ИИБ

ИИБ орадан вақт ўтгач, яна чиқиш қилиб, ҳолат бўйича жиноят иши очилганини маълум қилди.

“Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “в” банди (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга киришилди.

Жиноят иши доирасида 6 нафар шахслар юқоридаги модда билан иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, улар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.

Шу билан бирга, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда иштирок этган 5 нафар шахсларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги боис, улар маъмурий тартибда ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Тергов ҳаракатлари якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Мазкур ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, қўшимча хабар берилади”, дейилади ИИБ хабарида.

Қўлга олинганлар ичида футболчилар йўқлиги айтилмоқда. Жамоалар ўйиндан кейин тўлиқ таркибда автобусга ўтириб кетишган. Ҳакамни тепган футболчи “Нефтчи”нинг 1998 йилда туғилган футболчиси Жамшид Тўрақулов бўлган.

EFFECT.UZ

Ҳакамларда ташқи жароҳатлар аниқланмаган бўлса-да, улар экспертиза учун текширилган. Ҳакамга ташланган ва унга зарба берган “Нефтчи” футболчиларига қандай чора кўрилиши ҳақида маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Про-Лиганинг 20-туридан ўрин олган “Нефтчи” – “Турон” учрашуви якунлангач ўйинни бошқарган ҳакамга жуда жиддий ҳужум уюштирилди. Бунга сабаб “Турон” жарима майдонида бўлган вазиятда ҳакам Шавкат Насибуллаев 11 бир метрлик жарима зарбасини белгиламагани бўлган.

Ўйин якунланиши арафасида “Турон” дарвозаси томон берилган зарбадан кейин тўп меҳмонлар ҳимоячисининг билагига тегиб қайтди. Майдон эгалари бу вазият учун пенальти берилмаганидан норози бўлишади. Ўйин якунлангач эса “Нефтчи” футболчилари учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаев ва унинг ёрдамчилари Ришат Нугманов ва Дониёр Сайлавовга кескин норозилик билдиришди.

Бу вақтда майдонга мухлислар ҳам тушиб келишганди. Мезбон футболчилардан бири ҳакамга акробатик услубда зарба берди, у ҳуқуқ-тартибот органлари ёрдамида футболчилар ва мухлислар таъқибидан қочиб қутулишга муваффақ бўлди, хабарларда қанот ҳакамларидан бирининг боши ёрилган.

EFFECT.UZ

Маълумот учун, бу учрашув чемпионлик ва Суперлига йўлланмасини ҳал қилди. Якунда йўлланма ва кубок Яйпаннинг “Турон” жамоасига насиб қилди. Яйпанликлар Суперлигада.