Сўнгги кунларда ўзбек футболи тўғрисида эълон қилинган хабарлар оммани жуда ҳам ҳайрон қолдирмоқда. Яъни ЎФА 3 нафар ҳакамни келишилган ўйинларда ишлаган деб ҳисоблаб, ўзига хос жарима ва четлатиш билан иш кўрди.

Айниқса бугун “Нефтчи” – “Турон” ўйини ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас. Бу тўғрисида мақоланинг қуйи қисмида ўқишингиз мумкин.

Маълумки, бундай хабарлар футбол мухлислари ва жамоатчилик ўртасида кенг тарқалади. Чунки, ЎФА бундай хабарлар тўғрисида ЎФА камдан-кам маълумот берар эди. Ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам воқеалар содир бўлгач, ЎФАга бир қанча саволлар билан юзланди.

Блогернинг сўзларига кўшилган ҳолда айтиш мумкинки, ҳақиқаттан ҳам Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси фақатгина коррупция ишида аралашган ҳакамлар ҳақида маълумот бериш билангина чекланди.

Ваҳоланки, ҳакамлар ҳақида маълумот берилдими, улар қайси келишилган ўйинларда иштирок этганини ва бу ҳолатга қайси клублар ёки бошқа фактлар аралашгани ҳақида маълумот беролмади. Ёки буни оммага айтиш учун жазми етмади.

Маълумотлар элон қилинмасидан олдин, ПФЛда фаолият юритаётган Диёр Имомхўжаевнинг берган интервьюси бизни эътиборимизни яхшигина жалб қилганди: “Яқинда ҳакамларнинг ишлаш тизими тубдан ўзгаради. Бунга оз вақт қолди”, деган эди журналистликдан амалдор лавозимига кўтарилган Имомхўжаев.

Аҳамиятлиси шундаки, Ўзбекистонда фақат, ҳакамлар тизимини яхшилашдан наф йўқ. Тизим тубдан янгиланиши керак!

Уч нафар ўзбекистонлик ҳакам келишилган ўйинларда соққа қилгани учун футболдан четлатилди

Агар тизим ўзгармасдан, шундай қоладиган бўлса, биз 2018 йилги U-23 терма жамоасидан кейин, ўша онларни, ўша ҳис-ҳаёжонни, ўша мени ватаним деган ғурурни ҳаётда йўқотиб қуйишимиз ҳам мумкин. Нималардир ўзгармоқда, аммо, ҳали ҳам айрим нарсалар “уйқуда” қолиб кетяпти.

“Нефтчи” – “Турон” ўйинига келадиган бўлсак, воқеалар ривожидан ўзбек футболи нақадар коррупция ботқоғига ботиб кетганини бемалол англаш мумкин. Чунки, футболчи ёки мухлислар ҳакамни калтаклашгача бордими, демак бу ерда бир гап бор…

Яъни, гап шундаки, бизнинг футбол ёки футболчи-ю, спортчиларимиз шунчалар аламзада ва тепадаги тизимдан доим нолиб келишган. Бунга Самвел Бабаяннинг Ўзбекистон терма жамоасида иш бошлаганини оддий мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Нега ўзбек футболи бунчалик шарманда ҳолатга келиб қолди. Раҳбарларни айблашдан йироқмиз, аммо бўлган воқеаларга ҳеч қачон оддий халқ ёки пулига чипта сотиб олиб, стадионга кирган футбол аҳлини айбдор қила олмаймиз.

Биз яна нималар қилишимиз керак, масалан 60 ёшли отахон Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига чиқишини яна қанча вақт кутиши мумкин? 20 йил ё 30 йилми? Қанча аниғи?

ФИФА ҳаками Шерзод Қосимов Қатардан Ўзбекистонга чақириб олинди. У коррупцияда гумонланмоқда

“Нефтчи” – “Турон” ўйинидаги ҳакамликни баҳолаш учун балки экспертлар жалб қилинар, бошқа бўлар, бироқ шу нарса аниқки, бўлар иш бўлиб якунланди. Коррупция янада авж урмоқда…

Коррупцияда аралашган ҳакамларни исм-фамилялари билан очиқлаган ЎФА нега ўшаларни сотиб олган бойвачча-қоринбойларни номини ошкор қилолмаяпти. Мана шунинг ўзида ҳам катта бир коррупция ҳолатини пайқаш мумкин.

Фарғона аҳли қизиққон бироқ бў ўйин Наманган, Андижон ваҳоланки Тошкентда бўлганда ҳам тинчлик билан тугамас эди.

Аламлиси, ЎФА биринчи-вице президенти Равшан Эрматовнинг йигитлари ёки издошлари билан шундай ишлар содир бўляпти. Равшан Эрматов эса Ҳабиб Нурмагомедов билан суратга тушиш билан овора. Қани мантиқ?

Равшан ака бироз хушёр тортинг, сизнинг икки оғиз сўзингизни қанчадан-қанча фуқаро кутаётганини биласизми? Агар шу икки оғиз гапга ёлчимасангиз балки, вақтингиз бўлмаса, секингина истеъфо ҳақида ҳам ўйлайверинг.

Унутманг, бу футбол фақат сизники эмас… Футбол бутун бир мамлакатники, ундаги муаммоларни тубдан йўқ қилиш ваколати эса сизга топширилган.

Йигитларингизнинг хурмача қилиқлари яна қачонгача давом этади, қачонгача бу юрт вакиллари ўз миллий жамоаси муваффақиятидан маҳрум этилиб келаверади. Нима, шунчалар ҳам ожизмизми?

Футболчилар маоши учун ёки бошқа харажатларни қоплаш учун давлат оғзингиздан чиққан суммани беряптими, демак шунга яраша иш қилиш керак.

Бабаянни халқ душманига айлантирган бу футбол аҳли кези келиб, Эрматовнинг Жаҳон чемпионатида энг кўп ўйинларни бошқарганлигини ёдидан чиқариши мумкин. Азарти бор мухлиснинг ғазаби мана шундай қаттиқ бўлади.

Курсига ўтирганингизга қанча бўлди ва нима ишлар амалга оширдингиз? Сиз кимга ҳисобот беряпсиз? Сиз ҳисобот бераётган раҳбарлар ҳам аслида халққа ҳисобот бериш кераклигини унутиб қўйган. Амал бу вақтинчалик, осмондан тушиш вақти аллақачон етиб келган.

Зеро, Халқ розилиги учун ишлаётган раҳбарлар орасида сизни кўриш бизга ҳам насиб қилсин… Акс ҳолда норозилик кайфияти бўлган мамлакат эртага бир ҳакамни эмас, ўша ҳакамни ҳакамликка тайинлаганларни ҳам тепкилашка кучи етади. Ўйлаб кўриш вақти келди, ҳали ҳам кеч эмас. Соғ-саломат бўлинг!