Самарқандда хотинини боласининг памперсини ейишга мажбурлаган ва бир неча йилдан буён уни таҳқирлаб келгани айтилган Ш.К.га суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизматига таяниб, Effect.uz мухбири хабар берди.

Маълумотга кўра, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Ш.К.ни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарган. Жазони ўташ 2020 йил 24 августдан бошлаб ҳисобланади. Айбланувчига Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми (ўзини ўлдириш даражасига етказиш), 105-моддаси 2-қисми “г” банди (ўта шафқатсизлик билан баданга қасддан жароҳат етказиш) билан айблов эълон қилинди.

Ш.К. сўнгги сўзида суддан узр сўраб, бундай ишларни қайтиб қилмаслигини, уч ой ичида кўзи очилганини маълум қилди. У ўзига эълон қилинган айбловлардан рафиқасини ўз жонига қасд қилишга олиб бориш қисмини тан олмаслигини, уни калтаклаганини эса тан олишини айтди. Судда қатнашган жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова судга ишонишини ва чиқарилган ҳукмдан розилигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида эри томонидан аёвсиз калтакланаётгани акс этган аёл видеоси тарқалганди. Кейинроқ эр аёлни мунтазам хўрлагани ва мажбурлаб памперс едиргани маълум бўлди. Айнан шу ҳолат ишнинг бутун мамлакат бўйлаб муҳокама қилинишига сабаб бўлди.

Эр хотинини ургани тасвирланган видео интернетда тарқалгач уйидан қочиб кетган. 23 август куни у Тошкент шаҳрида қўлга олиниб, Самарқандга олиб кетилган. Кейинроқ Сенат мазкур аёл билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олганди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида давлат айбловчиси, прокурор хотинини памперс ейишга мажбурлаган ва уни бир неча йилдан бери таҳқирлаб келган фуқарога 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш лозимлигини айтган эди.

“Бу жиноятлар оиладек муқаддас масканда паст ниятлар билан амалга оширилган. Айниқса, бу зўравонлик ожизага нисбатан содир этиб келинганига алоҳида эътибор қаратишингизни сўрардим. Қолаверса, Ш.К. олдин ҳам судланиб, амнистия туфайли озодликка чиққан. Бундан ташқари унга нисбатан 22 маротаба маъмурий чора кўрилганига ҳам эътибор қаратиш керак. Айнан ушбу ҳолатлар судланувчи шахсининг кимлигини англатади”, деди давлат айбловчиси Умид Ҳакимов.

Судланувчи Ш.К. музокара сўзида, барчадан, жумладан, турмуш ўртоғидан кечирим сўрашини билдириб, жазони ўтагандан сўнг ҳам турмуш ўртоғи билан бирга яшашини маълум қилди.

“Мен ҳаммадан кечирим сўрайман. Уч ой давомида ҳаммасини тушуниб этдим. Мен ундай одам эмасман. Урган бўлсам ҳам рашк қилиб урдим. Мен иккита фарзандимнинг кўчада қолишини истамайман. Шунинг учун ҳам уларни ташлаб кетмоқчи эмасман”, деди судланувчи Ш.К.

Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса турмуш ўртоғи Ш.К. билан бирга яшашга рози бўлмаслигини, мазкур воқеа ва жавобгарлик турмуш ўртоғи, умуман, бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши лозимлигини маълум қилган.