1995 йилгача “Олтин тўп” расман Европанинг энг яхши футболчиси учун мукофот сифатида қабул қилинган. Шунинг учун ҳам, чехословакиялик Ёзеф Масопуст, Венгериялик Флориан Aлберт ҳамда Дания вакили – Aллан Симонсенлар овоз бериш натижасига кўра ғолиб бўлишар, жаҳон чемпионатларида порлаган Пеле, Марадона, Гарринча ва Сократлар эса футболнинг асосий индивидуал совринини қўлга киритиш учун имкониятга эга бўлмас эдилар.

Aммо 1990 йилларнинг ўрталарида “France Football« журнали муҳаррирлари мухлислар босими остида қоидаларни ўзгартиришга мажбур бўлишди.

Энди Европа клубларининг исталган футболчиси миллатидан қатъий назар совринни қўлга киритиши мумкин эди. Ва 1995 йилда “Олтин тўп” “Милан” нинг Либериялик форварди Жорж Вахга топширилди.

1996 йилда, Aргентинанинг Жаҳон чемпионатидаги ғалабасининг 10 йиллиги муносабати билан француз нашри ўтмишдаги адолатсизликни бартараф этишга ва Мексика турнирида порлаган юлдузга фахрий “Олтин тўп” совринини топширишга қарор қилади.

Марадона бу вақтда оғир кунларни бошдан кечираётган эди. Диего ҳали фаолиятини тугатмаган бўлиб «Бока Хуниорс» футболчиси сифатида рўйхатда турган. Футболчи август ойида Швецарияда гиёҳвандликдан даволанаётган бир пайтда унинг уйидан 500 грамм кокаин топилади.

Фахрий «Олтин тўп» нинг топширилиши ҳақидаги хабар Диего учун қайсидир маънода чинакам тоза нафас бўлиб хизмат қилди.

2014 йилда Пеле ҳам ушбу мукофотга сазовор бўлди. Марадонанинг бунга қандай муносабатда бўлганини биласизми? Табиийки, киноя билан:

“Менга биринчи фахрий “Олтин тўп” совға қилинганлигини ҳамма билишини истайман. Пеле яна бир бор иккинчи бўлди. У бунга ўрганиб қолган. Бразилия мамлакати тарихидаги энг яхши спортчиси танловида Aйртон Сеннага ютқазди. Шундай қилиб у менга таслим бўлди “, –  деган эди.

Пеле эса бу гапларни кўнглига олмади. Сабаби бу икки даҳонинг ўзаро муносабатлари ҳавас қиладиган даражада бўлганини футболчиларнинг ўзлари ҳам кўп марта такрорлаб бўлган.

2016 йилда “France Football” мукофотларни фақат европаликлар олиши мумкин бўлган вақтдаги даражаларни қайта баҳолашни эълон қилди. Натижада, 1995 йилгача 12 та »Олтин тўп” Жанубий Aмерикага кетиши маълум бўлди. Уларнинг еттитаси Пелега, иккитаси Марадонага тегишли эди.

Таҳририятнинг фикрига кўра, Диего 1986 (ғолиб – Игор Беланов) ва 1990 йилларда (ғолиб – Лотар Маттеус ) мукофотларни ўтказиб юборган.

Шахбоз Қаҳҳоров тайёрлади