Нима учундир, Ўзбекистонда про лигадан элитага кўтарилган аксарият жамоалар мавсум якунига етмасданоқ келган жойларига тушиб кетишлари аниқ бўлиб қолади. Бу қуйи лигадаги рақобат билан боғлиқ бўлган масала.

Авваллари ўйинларнинг шиддати ва жамоаларга эътибор ҳам шунга яраша эди. Бу мавсумда эса, суперлигадан-да шиддатлироқ ўтди назаримизда. Про лигада 8 та жамоа курашни бошлаган эди.

Жамоалар уй-сафар тизимида ўзаро ўйинлар ўтказишди. Энг кўп очко тўплаган “Шўртан”, “Нефтчи”, “Турон” ва “Динамо” клублари уй-сафар тизимида яна ўзаро баҳс олиб боришди.

Ғузорнинг “Шўртан” клуби  дастлаб жадвалда пешқадамлик қилаётган эди. Охирги турлар яқинлашгани сари асосий рақобатчилар билан ўйинларда мағлуб бўлиб, улардан кейинги ўринга тушиб қолди. Ҳозирда Фарғона вилоятининг икки жамоаси “Нефтчи” ва “Турон” чемпионлик учун асосий давогарлардир. Орадаги фарқ икки очко. Мусобақа якунига битта тур қолди.

1 декабрь куни “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтадиган Фарғона дербиси про лиганинг бу йилги ғолибини аниқлаб беради. Тасаввур қиляпсизми?

Жамоаларнинг имкониятлари қандай эканлигини кўриб чиқамиз.

“Нефтчи”

Абдусамад Дўрмонов шогирдлари аввалги турда Самарқанднинг “Динамо” клубига мағлуб бўлишди. Чемпионлик масаласи охирги турда ҳал бўладиган бўлди. “Нефтчи” 19 ўйиндан сўнг 37 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалининг биринчи поғонасида бормоқда. 2018 йилда Фарғона жамоаси суперлигани сўнгги ўринда якунлаб, Про лигага тушиб кетган эди.

Икки йиллик танаффусдан сўнг яна элитага кўтарилиш учун яхшигина имконият бор. Дуранг натижа ҳам жамоани қониқтиради. Бироқ рақиб  анча жиддий. Мезбонлар шу кунгача беш марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритишган.

Жамоанинг ғалаба қозониш имконияти — 55/45.

Эҳтимолий таркиб: Абдураимов, Неъматов, Эргашев, Тошпўлатов, Қобулов, Тошматов, Расулов, Ирматов, Авазбеков, Абдуҳамидов, Ҳожиматов.

“Турон”

“Нефтчи”нинг мағлубиятидан фойдаланган Исломбек Исмоилов шогирдлари сўнгги турда “Шўртан” клубини мағлуб этиб, чемпионлик учун имкониятни сақлаб қолишди, 19 ўйиндан сўнг 35 очко жамғарган ҳолда иккинчи поғонани банд этишган. Чемпионатнинг энг кўп гол урган жамоаси.

2017 йилда ташкил топганига қарамай яйпанликлар суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишга яқин туришибди. Агар вазифа уддаланса, уларга бўлган эътибор анчагина ортади. Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида ўтказилган “Нефтчи”га қарши аввалги баҳсда “Турон” 0:2 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Жамоанинг ғалаба қозониш имконияти — 45/55

Эҳтимолий таркиб: Жалилов, Абдурашидов, Пўлатов,  Эрматов, Ахматов, Ҳайдаров, Исмоилов, Мелиқўзиев, Тоштемиров, Соҳибов, Тошмирзаев,

Айтганча, 29-ноябрь куни ўтказилиши керак бўлган учрашув 1-декабрь санасига қолдирилгани бежиз эмас. Сабаби “Пахтакор”  жамоасининг чемпионлик маросими айнан 29-ноябрь кунига режалаштирилган. ЎзПФЛ мутасаддилари қарорига кўра ўйин куни ўзгартирилди. Учрашувни Шавкат Насибуллаев бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боришади.

Ҳумоюн Орипов.

www.pfl.uz маълумотларидан фойдаланилди