Кеча, 30 ноябрь куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ҳукумат йиғилиши якунларига кўра чиқиш қила туриб, жамоатчиликни янги турдаги коронавирус тарқалишига қарши курашиш доирасида чеклов чораларнинг кучайтирилганлиги тўғрисида хабардор қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Пандемия билан боғлиқ янги чекловлар бугун, 1 декабрь куни соат 21:00 дан кучга киради.

Хусусан, қуйидаги чеклов чораларини жорий қилиш тўғрисида қарор қилинди:

– Иш кунлари соат 21:00 дан 5:00 га қадар комендантлик соати белгиланди.

– Дам олиш кунлари жума куни кечқурун соат 21:00 дан душанба куни эрталаб соат 5:00 га қадар кўчага чиқиш мумкин эмас.

– Жаноза ва тўй маросимларида ҳам қатнашчилар сони 30 кишидан ошмаслиги керак.

– Барча давлат муассасалари иш кунлари соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган вақтда фаолият кўрсатади.

– 65 ёшдан ошган ва 20 ёшдан кичик фуқаролар жамоат транспортидан фойданала олмайдилар. Улар иш кунлари соат 10:00 дан 13:00 га қадар кўчага чиқишлари мумкин. Жума куни бундан мустасно. Жума намозига боришга рухсат этилади. Иш кунлари болалар ва пенционерлар соат 5:00 дан 21:00 гача шахсий транспортда ҳаракатланиши мумкин.

– Меҳмонларни қабул қилиш, мавлудлар, кечалар ўтказиш, байрамларни, жумладан Янги йилни нишонлаш тақиқланди.

– Маҳсулотларни уйга етказиб берувчи озиқ-овқат, гўшт, мева-савзавот дўконлари ҳамда бошқа савдо расталари дам олиш кунлари ҳам ишлашига рухсат берилади.

– Кинотеатрлар йил охиригача ёпиқ бўлади. Шунингдек, сауна, ҳаммом ва лунапарклар ҳам ёпилади.

– Ўйин ва спорт майдончаларидан фойдаланиш тақиқланади. Мамлакатдаги барча спорт тадбирларини ҳозирги вақтдагидек томошабинларсиз ўтказишда давом этилади.

– Савдо марказларига фақат махсус код (ҲEС код) билангина кириш мумкин бўлади. Махсус код Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон иловаси орқали олинади.

– Барча болалар боғчалари, тайёрлов синфлари ва бошқа болалар таълим муассасалари фаолияти тўхтатилади. Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун масофавий ўқитиш 2020 йил охиригача узайтирилмоқда.

– Шифохоналар, ўт ўчириш хизматлари, полиция ва дорихоналар ҳар куни ҳеч қандай чекловларсиз ишлайди.

– Комендантлик соати вақтида фақат уйга етказиб бериш хизмати билан шуғулланувчи дўконлар, кафелар ва ресторанлар ҳам ишлашни давом эттиради.

– Агар бирор кишида самолёт ёки поезд чиптаси бўлса, у аэропорт ёки темир йўл станциясигача етиб олиш учун шахсий ёки жамоат транспортидан фойдаланиши мумкин.

– Жамоат транспортидан фойдаланиш, савдо маркази, касалхона, давлат идораларига кириш учун сиздан HEC коди талаб қилинади. Бу Туркия фуқароларига ҳам, мазкур мамлакатда яшаш ҳуқуқига (икамет) эга бўлганларга ҳам тегишли.

– Мунтазам равишда юз ниқобини тақиб юриш тартиби, ижтимоий масофани сақлаш ва вирусга қарши гигиеник қоидаларга амал қилиш, шунингдек, кўчада сигарет чекишга қўйилган тақиқ ўз кучида қолмоқда.

Туркияда юзага келган оғир эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Элчихонасининг консуллик бўлими ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳужжатларни жумладан электрон почталар орқали қабул қилишни (Элчихона консуллик бўлими [email protected], Бош консулхона – [email protected]), электрон почталар воситасида консультатив ёрдам кўрсатишни бошлаган.

Facebook Comments