АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм элчихонанинг расмий твиттер саҳифасида АОКАнинг сўнгги кунларда мамлакат оммавий ахборот воситаларига ўтказаётган босимларига муносабат билдириб, бу ишлардан хафа эканлигини ёзиб қолдирди.

“Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистон оммавий ахборот воситларига нисбатан қабул қилинган сўнгги ҳаракатлардан хафаман. Муваффақиятга эришиш ва Ўзбекистоннинг улкан ислоҳотлари йўлида эркин ва очиқ матбуот талаб қилинади. АОКАнинг ОАВга босимлари бунинг аксига хизмат қилиши мумкин”, деган Розенблюм.

Эслатиб ўтамиз, АОКА “Kun.uz”га газ-свет муаммосини ёзгани учун огоҳлантириш хати юборганида таҳририят буни «босим ўтказиш» деган эди. Бундан ташқари, яна бир огоҳлантириш хати “Daryo.uz” интернет нашрига юборилган. Шунингдек, АОКА COVID-19 статистикаси бўйича янгилик сабабли “Gazeta.uz”ни огоҳлантирганида нашр бунга жавобан “Биз огоҳлантириш хатига таҳририятни “ноқулай” саволлар беришдан тўхташга мажбур қилишга уринишни эслатадиган кескин жавоб деб қараймиз”, дея ёзган эди.

Шундан сўнг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маҳаллий оммавий ахборот воситаларига юборилаётган огоҳлантириш хатлари бўйича расмий баёнот берди. Унда агентлик журналист ва блогерларга давлат органларининг ОАВ билан конструктив ва очиқ мулоқотда бўлишлари учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари ривожланишини таъминлашни кафолатлашини таъкидлади.

Бироқ АОКАнинг ушбу баёнотида Effect.uz интернет нашрини ОАВда динлараро низо келтириб чиқариш масаласида айблади. Таҳририят АОКАнинг бу айбловидан сўнг собиқ директор Комил Алламжонов имзоси босилган ОАВ гувоҳномасидан воз кечишга тайёрлигини билдирган. Ушбу масала юзасидан АОКА таҳририятга ҳеч қандай жавоб қайтармади.

АОКА Effect.uz’ни ОАВда динлараро низо келтириб чиқаришда айблади. Effect.uz Алламжонов берган гувоҳномадан воз кечмоқчи

Маълумот учун, Даниэл Розенблюм АҚШ Сенатининг 2019 йил 11 апрелдаги тасдиғи билан Ўзбекистонга элчи этиб тайинланган эди. У АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги кейинги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишлаган Памела Спартлен ўрнида иш бошлаган.

Facebook Comments