Ўзбекистонда пахта чигитини бошқа вилоятларга олиб чиқишни тақиқлаган Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда Хоразм вилояти ҳокимликларига нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги ИИБларга пахта чигитининг бошқа вилоятларга олиб чиқишини тақиқлаш бўйича оғзаки топшириқ бергани ўрганиб чиқилган.

Биржа савдоларида республиканинг барча ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ушбу чигит маҳсулотини сотиб олишлари мумкинлиги қонунчилик билан белгиланган бўлсада ҳокимликлар чигитни фақатгина ушбу ҳудуддаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетмасдан ишлатиши бўйича кўрсатма берилмоқда.

Давлат органларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига битимлар тузиш бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш тақиқланади.

Мазкур ҳолат Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиб, барча вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва вазирликнинг вилоят бошқармаларига бундай ҳаракатларни содир этилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан мурожаат қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда қўмита томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларга улар фаолият кўрсатаётган ҳудудидан қаътий назар қонуний харид қилинган махсулотларни бир ҳудуддан бошқасига олиб чиқиб кетишда муаммолар юзага келган тақдирда қўмитага мурожаат қилиши сўралган.

Facebook Comments