Қашқадарё вилоятида 2 та умумий ўрта таълим мактаби маъсуллари фирибгарлик содир этди. Бу ҳақда Effect.uz ахборот агентлигига Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Қарши шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Косон туманидаги 100-сонли мактаб директори ўринбосари Н.О., фуқаро Х.нинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали шу мактабга психолог вазифасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 1 200 АҚШ доллари сўраб, шундан, 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган .

Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Шаҳрисабз тумандаги 7-сонли мактаб директори Б.С. мактаб балансида бўлган яроқсиз қозонхона биносини балансдан чиқариб, фирибгарлик йўли билан фуқаро А.га 6 000 АҚШ долларига сотишни режалаштириб, ер учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига келишилган пулнинг 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, “Тошкент-Андижон” йўналишидаги поезднинг вагон кузатувчиси фирибгарлик устида ушланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан транспорт прокуратураси билан ўтказилган тезкор тадбирда, “Тошкент-Андижон” йўналиши вагон кузатувчиси Ф.Х. фуқаро М.нинг ишончига кириб, уни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ўзи ишлаб келаётган жамиятга ишга киритиб қўйиш эвазига 2 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ф.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Facebook Comments