Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ вакиллари Хоразм вилоятида бир гуруҳ аёллар қизни ечинтириб, унинг қизлик иффати йўқлигини рўкач қилиб, видеога олиб тарқатиб юборганини кескин танқид қилишди. Бу ҳолат ўзбек интернет майдонида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айримлар қизнинг тарафида бўлса, айримлар йигитнинг тарафини олишди.

Аниқланишича, бу тўй 7 октябрь куни Урганч шаҳрида бўлиб ўтган. Тўйдан сўнг куёв қариндошларига қиз бокира эмаслиги ҳақида айтган. Шундан сўнг унинг қариндошлари қизни ечинтириб, ҳолатни видеотасвирга олган. Кейинроқ видео интернет тармоқларига тарқатилган. Барча ҳолат куёвнинг аммаси томонидан тасвирга олинган. Бу ҳақда Eltuz нашри маълум қилган.

Янгиариқ туманининг Гулобод қишлоғида истиқомат қилувчи 20 ёшли Хуршида сентябрь ойи охирида 28 ёшли урганчлик, муқаддам зўрлаш жинояти билан жазо ўтаб чиққан Бунёд исмли йигитга унаштирилади. Қизнинг ўгай отаси куёв аввалроқ ўзга қизни зўрлагани учун судланганини тасдиқлади. Бироқ келиннинг оиласи буни тўйдан кейин билган.

Ўгай ота шунингдек, куёв томон тўйга кетган ҳаражатлар учун 50 млн сўм талаб қилганини айтди. Эркак сўралган пулни бера олмагач улар видеони тарқатиб юборган.

Тўй Урганч шаҳридаги тўйхоналардан бирида бўлади. Маросимлар тугагач, келин-куёв чимилдиққа киришган. Бунда келин томондан икки келин янга ўзбекчилик миллий одатларига кўра гувоҳликка қолган.

Куёв келин янгаларга қизнинг бокира чиқмаганини айтади ва ўзининг қариндош-уруғларини чақиради. Куёвнинг аммалари, холаси, икки янгаси, отаси, онаси ва акаси иштирокида келин таҳқирланиб, сўроқ қилинади. Видеода янгалардан бирининг қўлига резина қўлқоп кийиб келиннинг жинсий аъзосини “текшираëтгани” акс этган.

“Ярим кечаси, юрагимизни ҳовучлаб куёвникига бордик. 6 та барзангидай эркак ёқамдан олиб кетди. Нима дейишни ҳам билмай қолдим. Қизингни олиб кет, тўйга 90 миллион сарфладик, шу пулни жойга қўй, дея шарт қўйди. “Унча беролмайман, ҳозир ишсизман, уйда ўзимман, икки келиним ҳам менинг қарамоғимда, икки ўғлим Россияда ишлаяпти, дедим. Унамади. Охири 50 миллионга кўнишди.

Эртаси куни уйдаги 3 та қорамолимни сотиб, 20 миллион сўм элтиб бердим. “Гаров”да турган келин янгаларни чиқариб юборишди. Ўша куни қизим ва хотиним уйдан чиқиб кетди. Маҳалладагилар олдида шарманда бўлдим, деб хотиним уйга келмаяпти. Урганч шаҳрида ижарада яшаяпти. Қизим ҳар куни ўзимни ўлдираман, дермиш. Видео интернетга тарқаб кетгандан сўнг хотиним ҳам руҳий сиқилди, деди келиннинг ўгай отаси Раҳимов.

Ўгай отанинг айтишича, куёв томон бир ойда 50 миллион пулни тайёрлаб қўй, бермасанг уйингни ёқаман, деган босим ўтказган. Маҳалла оқсоқоллари пул берма, аввалги 20 миллион сўмни ҳам бекор берибсан, сен ҳам тўйга пул сарфлагансан ахир, деган. Ўгай ота куёв томонга ортиқ пул бермаслигини айтади ва куёвнинг акаси эса бунга қасд қилиб, 22 ноябрь куни видеони интернетга тарқатиб юборади.

Ҳозирда видеога олган фуқаролар қўлга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан теговолди суриштирув ишлари ўтказилмоқда.

“Куёв томон мазкур ҳолатда зўравонлик ва таҳқирлаш ҳолати борлигини била туриб видеога олганлиги, келинни таҳқирлагани ва унга туҳмат қилганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189 ва Жиноят кодексининг 130-моддалари билан жавобгарликка тортилиши зарур.

Ўгай отага қилинган пўписа, куч ишлатиш ҳолати даражаси ўрганилиб, унга ҳам чора кўрилиши керак”, дейди ҳолатга муносабат билдирган тошкентлик ҳуқуқшунос.

Хоразм вилояти ИИБ ходими тез орада бу видеога олиш “маросими”ни амалга оширганларга қонуний чора кўрилишини билдирди. Ҳозир тергов ишлари бошлаб юборилган.

“Ўгай ота берган 20 миллион сўм пулнинг қайтариб олиб беришга ваъда беролмаймиз, ушбу оила билан муросага келиш қийин бўляпти. ИИБ биносида ҳам анча жанжал қилди. Уларда на қонунга амал қилиш тушунчаси бор, на ўзаро ҳурмат ҳисси”, дейди ИИБ ходими.

Воқеалар ривожини Effect.uz ахборот агентлигида кузатиб боринг.

Facebook Comments