Зидан 1972-йилнинг 23-июнида Франциянинг Марсель шаҳрида туғилган. У жазоир миллатига мансуб. Оилада беш ака-уканинг орасида энг кичик фарзанд бўлган.

Ота-онаси Исмоил ва Малика Жанубий Жазоирнинг Кабелия вилояти Агуэмуне қишлоғида истиқомат қилишган.

1953-йилда мамлакатда бошланган уруш сабабли Францияга кўчиб келишган.  Зидан ўзининг қаттиқ тарбияси ва муваффаққиятли карьерасида отасини “йўл кўрсатувчи нур“ деб билади.

Беш ёшида тўп тепишни бошлаган болакай ўша пайтдаги “Марсель“ клубининг юлдузлари Блеж Слишкович, Энсо Франческоли ва Жан Пьер Папинларга ҳавас қилиб улғайди. 10 ёшида Сен Энри номи билан юритиладиган Кастельяна жамоасида биринчи футболчилик лицензиясини олди. Бир ярим йилдан сўнг “Септемес Лес Валонес” клуби бош мураббийи Роберт Центенеро томонидан клубга таклиф қилинди.

14 ёшига қадар ушбу жамоада ўйнагач, Франция  футбол федерацияси томонидан вилоят жисмоний тарбия ва спорт маркази ўқув-машғулотида қатнашиш учун таклиф олди. Айнан шу ерда “Канн” клуби скаутлари назарига тушди.

Уларнинг ичида собиқ футболчи Жан Варруд ҳам бор эди, у Зиданнинг қобилиятини кўра олди.

“Зидан беш-олтита футболчини алдай оларди. У жуда қобилиятли, унинг оёқлари тўп билан гаплашарди“,– деб айтиб ўтганди ўшанда.

 Қаҳрамонимиз 1986-йилги жаҳон чемпионатда  Диего Марадонанинг ўйинларини севиб томоша қилди.

Зидан Катта футболдаги дебютини 1989-йил 18-майда  Франциянинг  1-дивизионида “Нант“ клубига қарши ўйинда нишонлаган. Клубдаги биринчи голини 1991-йил 10- февралда айнан “Нант“ дарвозасига киритган эди.

Зизу 1992-93 йилги мавсумда “Бордо“ га кўчиб ўтди. 1995-йилда Интертото кубогини қўлга киритди, ва 1996-йилда УЕФА кубоги финалида “Бавария”га мағлуб бўлди.

Супер ўйинларида сўнг,  Зидан 1996-йилнинг баҳорида Европа чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби “Ювентус“ га кўчиб ўтди.

Юведа плеймейкер сифатида Дель Пьеронинг ортида ўйнаган. Жамоа ЧЛнинг  1997-йилги финалида “Боруссия Дортмунд“га мағлуб бўлди, келаси йили эса,“Реал Мадрид“ Ювени таслим этди. Бу “Ювентус“нинг Чемпионлар лигасидаги кетма-кет учинчи финали эди.

Шунга қарамай Зизу ФИФА талқинига кўра “Йилнинг энг яхши футболчиси” ва “Олтин тўп“совринини ютди.  Италияда 2 марта А серия, УЕФА кубоги, қиталараро мусобақада зафар қучди ва “Олтин тўп“ни икки бор қўлга киритди.

2001-йилнинг ёзида француз ўғлони 77,5 миллион евро эвазига Мадриднинг “Реал“ клубига ўтди. Криштиану Роналду трансферига қадар дунёнинг энг қиммат футболчиси бўлиб қолди. “Галактикос“ билан бирга илк мавсумидаёқ УЭФА чемпионлар лигаси совринини қўлга киритди. Финалда “Байер“ дарвозасига киритган супер голи бутун дунёни ларзага солди.

Кейинги мавсумда Зидан “Реал Мадрид“ нинг  Ла Лигада ғолиб бўлишига кўмаклашди, ярим ҳимояда Луиш Фигу билан бирга ўйнади ва учинчи марта ФИФА талқинига кўра “Йилнинг энг яхши ўйинчиси“ деб топилди. Девид Бекхем билан бирга жамоада плеймейкерлик вазифасини бажарди.

Сер Алекс Фергюсон: “Менга, 10 бўлак ёғоч билан бирга Зинедин Зиданни беринг, мен ЕЧЛ кубогини ютаман“,- дея унинг иқтидорини кўкларга кўтарган.

Алфредо Ди Стефанонинг айтишича, тўп унда бўлса бутун дунёга ҳукмронлик қилади, у юрадиган спектакль ва ҳар бир оёғида ипак қўлқоп кийиб олгандек ҳаракат қилади.

Зиданнинг клуб футболидаги сўнгги мавсуми совринсиз якунланган бўлсада, у 2006-йил январь ойида “Севиля“ га қарши ўйинда  ўзининг биринчи хет-трикини қайд этди. Райкарднинг Барселонаси қутуриб кетганди ўша пайтларда.

2006-йил 7-майда Жаҳон чемпионатидан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилган Зидан хайрлашув учрашувини ўтказди. “Реал Мадрид“ “Вильярреал“ билан 3:3  ҳисобида дуранг ўйнади. “Сантяго Бернабеу”даги 80 мингдан зиёд мухлислар “Сеҳргарлигинг учун раҳмат“ деб ёзилган баннерни кўтариб туришди.

Зизу 1995-йилда Эрик Контана мухлисни тепганлиги учун бир йилга дисквалификация қилингач, унинг ўрнига Франция терма жамоасида плеймейкерлик вазифасини бажаришни бошлаган.

1998-йилги  Жаҳон чемпионати  унинг ватани Францияда бўлиб ўтди. Франция терма жамоаси гуруҳ босқичидаги учта ўйинда ҳам ғалаба қозонди. Зинедин 3-ўйинда, қизил карточка олиб майдонни тарк этди ва жаҳон чемпионати финал босқичида четлатилган биринчи франциялик футболчига айланди.

Унинг ёрдамисиз нимчорак финалда Парагвайга чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди.  Чорак финалда Италия пенальтилар сериясида таслим этилди, ўшанда биринчи зарбани Зидан голга айлантирган эди. Ярим финалда Шукер етакчилигидаги Хорватия 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратилди, Тюрамнинг дубли жамоани финалга олиб чиқди.

Финалда амалдаги чемпион ва фаворит қўрқинчли Бразилия терма жамоаси  французларга рақиблик қилади. “Стад де франс“ ўйингоҳида кечган учрашувда Зидан иккита гол киритди. Ҳар иккиси бурчак зарбасидан сўнг бош билан.  Иккинчи таймда Эммануэль Петит учинчи тўпни йўллаб якуний ҳисобни ўрнатди. Лекин Бразилия биринчи таймдаёқ Зидан томонидан енгиб бўлинганди. “Модалар юрти“ вакиллари илк бор “Олтин кубок“ни бошлари узра кўтаришди.

Икки йилдан сўнг “Евро 2000“ да ҳам Франция зафар қучди. Зинедин турнирда иккита гол урди. Бири Испанияга иккинчиси Фигу бошчилигидаги Португалияга. Финалда Италия таслим этилди. УЭФА Зиданни мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топди. Ўша пайтлари Зизу бутун дунёни ўз ўйинлари билан сеҳрлаб қўйганди.

Футбол қироли Пеле: “Зидан ҳақиқий мастер, сўнгги ўн йилликда ундан зўри бўлмаган, у дунёнинг энг яхшиси“,- дея эътироф этган.

2006-йил… Жаҳон чемпионатини Франция суст бошлади. Иккита дуранг ва бир ғалаба қайд этиб Швейцариядан сўнг иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқди. Дастлабки икки турда Зидан иккита сариқ карточка ишлаб олди. Жамоа эса, иккита дуранг қайд этди. Учинчи турда Зидансиз Франция Тогони мағлуб этиб, гуруҳдан чиқди.

Нимчорак финалда Испанияни 3:1, чорак финалда Бразилияни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олишди. Агар Франция бўлмаганида, ишонинг, Бразилия етти карра жаҳон чемпиони бўлар эди.

Ярим финалда  юлдузли Португалия олти йил аввал Европа чемпионатида бўлгани каби Зиданнинг пенальтидан киритган голи эвазига таслим этилди ва Франция яна бир йирик финалга йўл олди. Ўша таркибда бугунги куннинг энг яхши футболчиларидан бири Криштиану Роналду ҳам бор эди.

9-июль, Берлин шаҳрида Франция ва Италия финалда тўқнаш келди. Еттинчи дақиқада Малудага нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг ҳакам пенальти белгилади.

Зидан “паненка зарбаси“  билан Буффонни ожиз қолдирди. Кўп ўтмай Марко Маттерацининг голи туфайли мувозанат тикланди.

Қолган дақиқаларда дарвозаларга бошқа тўп киритилмади. Экстра таймларнинг иккинчисида дунё ёдида қолган воқеа содир бўлди. Зидан Маттерацининг шубҳали гапидан сўнг унга “калла қўйди“. Ҳакам Орасио Элисондо лайнсмен билан маслаҳатлашиб Зиданни майдондан четлатди. Мана шу воқеа жуда  кўп муҳокама қилинди, ҳалигача.

Пенальтилар серийасида Италия ғалаба қозонди. Зиданнинг фаолиятидаги сўнги ўйини ҳеч қачон унутилмайди. Ўша турнирнинг энг яхши футболчиси деб айнан Зизу тан олинди.

У фаолияти давомида 14 та қизил карточка олган, иккитаси жаҳон чемпионатида. Бу ҳақида Зидан шундай деган:  

“Эътибор берсангиз, менга кўрсатилган 14 та қизил карточканинг 12 таси провакация натижасидир. Бу баҳона эмас, шунчаки менинг қонимда бор“.

2009-йил 1-июнда Флорентине Перез “Реал“ президентлигига қайта сайлангач, Зиданни Президент маслаҳатчиси сифатида таништирди.

2010-йилнинг ноябрь ойида Зидан “Реал Мадрид“нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Жозе Моуриньонинг мурожаатига биноан  жамоанинг махсус маслаҳатчиси этиб тайинланди. Ўзининг янги ролида Зидан чемпионлар лигаси тадбирлари ва функцияларида иштирок этиши керак эди, шунингдек доимий равишда асосий таркиб билан бирга бўлиши ва ўйинолди йиғилишларда, машғулотларда ва бош мураббий билан учрашувларда қатнашиши керак эди.  2011-йил июлда у “Реал Мадрид“ нинг янги спорт директори бўлишини эълон қилди. 2013-йилда Зидан “Реал“да Карло Анчелоттининг ёрдамчи мураббийи этиб тайинланди.

2014-йил июнь ойида Перез Зиданни “Реал Мадрид Кастилья“ мураббийи бўлишини эълон қилди.

2016-йил 4-январда “Реал Мадрид“ бош мураббий Рафаэл Бенитесни ишдан бўшатди ва шу куни Зидан икки ярим йиллик шартномага кўра клубнинг янги мураббийи этиб тайинланди. 2-апрель куни “Камп Ноу“ да ўтказилган биринчи “Эль Классико“да Зидан жамоаси “Барселона“ устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва “Барса“ нинг 39 учрашувдан иборат мағлубиятсиз сериясига чек қўйди.  Ла Лигада “Барселона“ дан бир очко ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллади. 28-май куни бўлиб ўтган Чемпионлар лигаси финалида “Реал Мадрид“  ҳамшаҳри “Атлетико“ни пенальтилар серисида мағлубиятга учратди ва клуб тарихидаги 11-Европа чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритди. Зидан ЧЛ кубогини  ҳам футболчи, ҳам менежер сифатида ютган еттинчи мутахассисга айланди.

2017-йил  мураббий  сифатидаги биринчи тўлиқ мавсумида Ла Лиганинг кетма-кет 16та ўйинида ғалаба қозонди ва рекорд қайд этди.  Кетма-кет 40 ўйинда мағлубиятга учрамади.“Реал“ ўз тарихида 33-марта мамлакат чемпиони бўлди. Кардиффда ўтган УЭФА чемпионлар лигаси финалида собиқ жамоаси “Ювентус“ мағлуб этилди. Бу кетма-кет иккинчи Чемпионлар лигаси ғолиблиги эди. У ўша йили ФИФА талқинига кўра “Йилнинг энг яхши мураббийи“ деб топилди.  2018-йил 28-май куни Киевда “Ливерпул“ таслим этилди ва қаторасига учинчи бор клуб Европада тенгсиз бўлди.

Финалдан беш кун ўтгач, Зидан, жамоа ўзгаришларга муҳтожлигини ва истеъфога чиқишини маълум қилди. Ўша йили клубнинг тўпурари Роналду ҳам “Ювентус“га трансфер қилинди.

Келаси мавсум “Реал“нинг ишлари юришмади.“ Эль классико“ларнинг аксарияти бой берилди. Чемпионлар лигасида нимчорак финалдаёқ тўхтади. Иккита мураббий истеъфога чиқарилди.

Мавсум якунига етмасданоқ, 2019-йилнинг 11-март куни Зидан яна жамоа мураббийлигига қайтди. Янги мавсумда бир нечта футболчиларни жамоага таклиф қилди. 2020-йилда 34-бор “Реал“га мамлакат чемпионлигини тақдим этди. Унинг бошчилигида жамоа энг кам гол ўтказиб юборди. 21 нафар футболчи гол уришга муваффақ бўлди. Унинг мураббийлик фаолияти эса давом этяпти.

Унинг тўрт нафар фарзанди бор, Энсо, Лука, Тео ва Илёз. Ҳозирда у кўплаб ҳайрияларда қатнашмоқда. Девид Бекхем билан бирга “Адидас“ компанияси роликларида суратга тушмоқда.

 У мураббий сифатида ҳам, футболчи сифатида ҳам дунёнинг энг яхшилардан бири. Зидан бир сўз билан айтганда футбол оламида жуда катта шахс. Зизу эришган ютуқлар, совринларга эришишни ҳар қандай футболчи орзу қилади.

Зиданнинг тўп билан муомалада бўлиш санъати, ўзгача дид билан ҳаракатланиши ва фантастик техникасини ҳар қандай ишқибоз соғинади.

2006-йилги жаҳон чемпионати. Ўша пайтларда олти ёшли болакай эдим. Футболда мен таниган биринчи ўйинчи айнан Зидан эди.

 Ҳар гал болалигимни эсласам, Зизу  кўз олдинда гавдаланаверади. Ўша пайтларда бу номини жудаям кўп эшитганман. Унинг фаолияти билан танишиб чиққач, ҳақиқатан даҳо футболчи бўлганига амин бўлдим. “Merci” Зидан!