Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими Акмал Мадиевнинг блогер ва фуқаро билан телефон орқали гаплашган ауидо ёзуви тарқади.

Аудиоёзувда ҳоким фуқаро билан телефонда газ узилишлари масаласида суҳбат олиб боради.

Ҳокимга кўра, газнинг ўзи паст ёки таги ҳам йўқ. Фуқаро ҳокимнинг бу сўзига қарши жавоб билдириб, газ паст эмас газ умуман йўқлигини билдиради. Лекин ҳоким сўзида давом этиб, аудиоёзувда айтилган маҳаллада газ бўлиши қийинлигини фуқарога тушунтиради.

Шунда фуқаро ҳокимга агар жойига чиқиб кўрилса, бемор одамлар борлигини айтади. Бироқ ҳоким Акмал Мадиев фуқарога “пешонамдан отиб юборсанг ҳам газ йўқ”, дея жавоб қайтаради.

Суҳбатда давом этган фуқаро метан газ заправкаларини ўчирса бўлмайдими дея ҳокимга савол беради. Ҳоким бу саволга “ҳамма газ заправкалар ўчирилган” дея жавоб қайтаради.

Фуқаро Чиноз раҳбаридан газсиз уйда қолган маҳалла аҳли нима қилиши кераклигини сўраганда, ҳоким газнинг тепасидагилари билан гаплашиб, газ босимини ушлаб турилгани катта ютуқ эканлигини рўкач қилади.

 

Маълумот учун, Акмал Мадиев 1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1999 йилда, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Мутахассислиги: ҳуқуқшунос бўлиб, 2017 йил Чиноз тумани прокурори вазифасини бажарган. Сўнгра 2017 йилдан бери Чиноз тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб боради.