Жорий йилнинг 14 ноябрь оқшомида бокс бўйича ярим ўрта вазн тоифасида WBO камари соҳиби, енгилмас Теренс Кроуфорд Келл Брукка қарши ҳимоя жангини ўтказди. У жангнинг 4-раундида рақибини нокаутга учратиб, профессионал фаолиятидаги 37-ғалабасини қўлга киритди.

Гап шундаки, Теренс фаолияти давомида ҳали бирорта жангини бой бермади. Effect.uz журналисти Ҳумоюн Орипов боксчининг спортга кириб келиши ва босиб ўтган йўли ҳақида бир қанча маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилади.

Теренс «буд» Аллан Кроуфорд – 1987 йил 28 сентябрда туғилган, америкалик профессионал боксчи. У учта вазн тоифасида бир нечта жаҳон чемпионлик камарларини қўлга киритган.

Шу билан бирга, 2018 йилдан бери ярим ўрта вазн тоифасида WBO чемпионлик камарига эга чиққан. 2014 йилдан 2015 йилгача енгил вазн тоифасида WBO, 2015-2017 йиллар оралиғида ярим-енгил вазн тоифасидаги WBA (Супер), WBC, IBF ва WBO чемпионлик камарлари ғолиблигини қўлга киритган.

2017 йилнинг августида Кроуфорд ярим ўрта вазн тоифасига кўтарилишидан олдин ярим енгил вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. «Буд» 2005 йилда Жермейн Тейлордан бери бир вақтнинг ўзида бокс бўйича тўртта жаҳон чемпионлигини (WBA, WBC, IBF ва WBO) қўлга киритган биринчи эркак боксчи ҳисобланади.

Буни амалга оширган фақат тўққиз нафар чарм қўлқоп усталари мавжуд: Жермейн Тейлор, Бернард Хопкинс (2004), Сесилия Брухус (2014-2020), Теренс Кроуфорд, Александр Усик (2018), Кларесса Шилдс (2019), Кати Тейлор (2019дан ҳозиргача), Жессика Маккаскил (2020 йилдан ҳозиргача) ва Теофимо Лопез (2020).

2019 йил декабрь ойидан бери P4P, “BoxRec”, ESPN, “Ring« ва »Transnational Boxing Rankings Board” (TBRB) версиялари бўйича дунёнинг энг яхши боксчиларидан бири. Теренс 2014 йилда Америка бокс ёзувчилар уюшмаси томонидан, 2014 ва 2017 йилларда ESPN версияси бўйича «Йилнинг энг яхши боксчиси», деб топилган.

Услуб жиҳатдан Кроуфорд ўзининг тезкорлиги, зарбалар кучи, қарши зарба бериш ва мудофаа қобилиятлари билан машҳур. У етти ёшида бокс билан шуғулланишни бошлаган.

Ҳаваскор боксида 70 та расмий жанг ўтказган ва атиги 12 марта мағлуб бўлган. 2008 йилги Олимпиададан сал олдин учта турнирида ғолиб чиққач, АҚШда энг энгил вазн тоифасида юқори даражага кўтарилди.

Бироқ, унинг даъвогар Садам Алига ютқазиши олимпия ўйинларига бўлган интилишларини пучга чиқарди. 2007 йилги Панамерика ўйинлари олтин медаль соҳиби бўлгани унинг ҳаваскор боксчи сифатидаги энг катта ютуғи ҳисобланади.

Кроуфорд ўзининг профессионал боксдаги дебютини 2008 йил 14 мартда Браян Каммингсга қарши ўтказган ва биринчи раунддаёқ уни нокаутга учратган. Америкалик ўзининг биринчи эътиборли жангини WBOнинг енгил вазн тоифасида собиқ чемпион Бреидис Прескоттга қарши олиб борди.

Дастлаб, Прескотт ярим енгил вазн тоифасида WБА йўналиши чемпиони Хабиб Аллахвердиев билан, «буд» эса худди шу куни Роберт Осиобе билан тўқнаш келиши керак эди, аммо Ҳабибнинг тирсагидан олган жароҳати сабабли унинг ўрнига жанг ўтказиш таклифини қабул қилди. 10 раунд давом этган баҳсда Теренс колумбиялик боксчини очколар ҳисобига кўра мағлуб этди.

Кроуфорд 2013 йил 15 июнь куни Алехандро Санабрияга қарши жанг ўтказди. Далласдаги (Техас) “American Airlanes” марказида бўлиб ўтган жанг WBO енгил вазн тоифаси учун элиминатор бўлиб хизмат қилди.

Вакант бўлиб турган WBO NABO унвони учун ҳам ўтказилди. Олтинчи раундда Кроуфорд рақибини нокаутга учратди. 2013 йил 21 августда ҳали бирор марта мағлуб бўлмаган россиялик Андрей Климовга қарши жанг ўтказди ва очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди.

У кейинги жангини ўтказиш учун Шотландияга борди. 30 ёшли Рики Бернс билан 2014 йил 1 мартда енгил вазн тоифасида WБО камари учун рингга кўтарилди. Бернснинг промоутери Эдди Хирн жангнинг Шотландияда ўтказилишига эришди. Бироқ америкалик боксчи тўлиқ давом этган баҳсда ғолиб бўлди ва ўзининг биринчи катта титулини қўлга киритди. Бернс беллашув сўнггида: «кучли боксчи ғалаба қозонди», деб айтиб ўтган эди.

 

Ҳозирги кунгача энг оғир жанг

Кроуфорд туғилган шаҳри Небраска штатидаги Омахада биринчи марта ўзининг титул ҳимоясини 2004 йилги Афина Олимпиадаси ғолиби, енгил вазн тоифасида собиқ бирлашган унвон соҳиби Юриоркис Гамбоага қарши ўтказди. Бу Омахада ўтказилган иккинчи чемпионлик жанги эди (биринчиси, 1972 йилда, оғир вазн чемпиони Жо Фрейзер ва Рон Стандер ўртасида кечган).

Гамбоа бир йил давомида рингга кўтарилмаган эди (ҳибсда бўлган). “Century Link” марказида 2014 йил 28 июнда жанг бўлиб ўтган. Дастлабки раундларда Гамбоа ўзининг тезлигидан фойдаланган ҳолда устунликка эришган, аммо Кроуфорд бир неча марта рақибини нокдаун ҳолатига туширди ва ғалаба қозонди.

Матбуот анжуманида Теренс: «уни енгишимга ишончим комил эди, чарчаб қолишини билгандим», деб айтиб ўтган. Рей Белтранга қарши баҳсидан сўнг «буд» енгил вазнни тарк этишини маълум қилди. Ана шу ғалабалар туфайли ESPN ва Америка бокс ёзувчилар уюшмаси томонидан 2014 йилнинг энг яхши жангчиси деб топилди.

Ярим ўрта вазндаги биринчи жангини Томас Дюлормега қарши вакант бўлиб турган WBО камари учун ўтказиб, ғолиб бўлди. Ўша пайтларда у Менни Пакяо билан ҳам беллашишга тайёр эканлигини айтиб ўтганди.

2016 йил 23 июль куни Кроуфорд ва WBC чемпиони Виктор Постол ўртасида Лас-Вегасдаги “MGM Grand”да енгил вазн тоифасида бирлаштирувчи жанг бўлди. Иккала жангчи ҳам 28 ғалабали рекорд билан рингга чиқди, йўқотишлар йўқ, карьераларида биринчи марта “MGM Grand” аренада рингга кўтарилган эдилар.

«Буд» очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди ва енгил вазнда иккита чемпионлик унвонини қўлга киритди. Жангдан кейинги интервьюсида Постол Кроуфордни мақтаб, шундай деди: «Бугун иккита юқори техникали боксчилар рингга чиқди, яхши жанг бўлди, деб ўйлайман. Лекин у мендан тезкорроқ эди. У дунёнинг энг яхшиларидан бири». Кроуфорднинг ишқибозлари сони ортиб борди. Унинг ижросидаги беллашувлар трансляцияси орқали телеканаллар яхшигина даромадга эга бўлишар эди.

Шундан сўнг, у икки марта ҳимоя жангини ўтказгач, ярим ўрта вазнга кўтарилишидан аввал, барча чемпионлик унвонларини қўлга киритмоқчи эканлигини айтиб, промоутер Боб Арумга мурожаат қилди. Арум Кроуфорд ёзда Юлиус Индонгога қарши баҳс олиб бориши мумкинлигини айтди, ғолиб енгил вазн тоифасида мутлақ чемпионга айланиши керак эди.

2016 йил 21 сентябрда Кроуфорд жиноий бузғунчилик, ўзгаларга тажовуз қилиш, ўғирлик ва зўравонликда айбланиб, 90 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ ўғирлик ва тажовуз қилиш айбловлари олиб ташланди ва 10 минг долларлик жаримага тортилди.

Теренс Кроуфорд ва Юлиус Индонго

2017 йил 19 августда “Top Rank” енгил вазн тоифасида Кроуфорд ва WБА (Юнифаед) ҳамда IBF чемпиони Юлиус Индонго ўртасидаги беллашув Линколндаги ”Pinnacle Bank Arena”да бўлиб ўтди. WBA, WBC, IBF, WBO чемпионлик камарлари ғолиблиги тикилган баҳсда Кроуфорд учинчи раунддаёқ рақибини нокаутга учратди ва ўз орзусига эришди.

Ўрта вазндаги биринчи жангидаёқ Кроуфорд WBO камари соҳиби Жефф Хорн билан беллашадиган бўлди. Тўқнашув 2018 йил 9 июнь куни Лас Вегас шаҳрида ўтказилди. 9-раундда Теренс нокаут эвазига ғалаба қозониб, учта вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлди.

Унинг тезкор ва аниқ зарбалари Хорнни мувозанатдан чиқарди. Жангдан сўнг, Кроуфорд ярим ўрта вазндаги дебюти ҳақида гапириб берди:”Аввал айтганимдек, мен кучлиман. Барчангиз менга унинг қанчалик кучли эканлигини айтиб туравердингиз, шунинг учун, рингга чиқиб, буни исботлашим керак эди. Сиз у эрда нима қилганимни кўрдингиз. Жисмоний ҳолатим жуда яхши. Энди мен ярим ўрта вазнда барча чемпионлик камарларини ютишни хоҳлайман”.

Кроуфорд “Top Rank” билан узоқ муддатли шартномани имзолади ва интервьюсида: “Мен дунёдаги энг яхши жангчиман. ESPN спортнинг энг катта бренди, “Top Rank” эса бокснинг энг йирик промоутерлик компаниясидир. Дунё кўришни истаган супер жангларнинг барчаси амалга ошади. Илгари айтганимдек, мен ярим ўрта вазн тоифасидаги барча унвонларини ютишни хоҳлайман”, деб айтиб ўтди.

Шундан сўнг, Хосе Беневидез, Амирхон, Эгедиус Кавалиускас ва Келл Брукларга қарши тўртта ҳимоя жангида ғалабага эришди. Теренс Кроуфорд рақибларининг барчасини мағлубиятга учратди.

Ҳаваскор боксда орзулари амалга ошмагач, профессионал боксда ўзининг қандай боксчи эканини бутун дунёга кўрсата олди. Ўзи иштирок этган барча вазн тоифаларида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Флойд Мейвейзернинг (50-0) рекордини янгилаш учун унда яхшигина имконияти бор. Ўз орзусини амалга ошириши учун Эррол Спенс (WBC ва IBF), Менни Пакяо (WBA) каби боксчиларни мағлуб этиши талаб этилади. Лекин бу вазифа жуда мураккаб.

Агар мутлақ жаҳон чемпионлик жанги Эррол Спенс ва Теренс Кроуфорд ўртасида ўтказилса, боксдаги бир қанча рекордлар янгиланиши мумкин. «Пекмен» ҳам шунчаки вазиятни кузатиб турмаслиги аниқ.

Ҳумоюн Орипов