Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) Effect.uz интернет нашрини ОАВда динлараро низо келтириб чиқариш масаласида айблади.

Агентликнинг 27 ноябрь куни берган расмий баёнотида айтилишича, АОКАда ижтимоий тармоқларда ёритилаётган материаллар борасида баёнот тақдим этиш учун етарли асос ва фактлар мавжуд бўлган. Бироқ Effect.uz АОКАдан айнан қайси материалда динлараро низо келтириб чиқариш кайфияти улашилгани тўғрисида изоҳ сўрайди. Айблов албатта, асоссиз бўлмаслиги лозим.

“Хусусан, айрим ОАВда динлараро низо келтириб чиқариш (Effect.uz, Hordiq.uz), порнография ва зўравонликни тарғиб қилиш (Nova24.uz) каби тақиқланган контентни тарқатиш ҳолатлари аниқланган эди”, дейилади АОКА баёнотида.

Фото: EFFECT.UZ

 

АОКАнинг тўлиқ баёнотида эса шундай дейилади:

Сўз ва ОАВ эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатда ахборот соҳасини демократлаштириш, халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, ахборот олишни кенгайтириш борасида фаол саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари аҳолига жамоатчилик учун зарур бўлган ахборотни фаол ва муваффақиятли етказиб бермоқда, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни ҳар томонлама ёритиб бормоқда ва бунда фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга яқиндан эътибор қаратмоқда.

Шунга кўра, АОКА ўз ваколатлари доирасида бугунги кунда “тўртинчи ҳокимият” ролини ҳақли равишда бажаришга киришаётган оммавий ахборот воситалари манфаатларини доимо қўллаб-қувватлаган ва қувватлашда давом этади.

Бироқ кейинги пайтларда, айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда тасдиқланмаган ахборотларни чоп этиш кузатилмоқда, ёлғон  маълумотларни тарқатиш фактлари мавжуд. Ушбу масала юзасидан Агентлик томонидан 2020 йил 10 октябрь, 19 октябрь ҳамда 11 ноябрь кунлари “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги, “Давлат тили ҳақида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг тегишли моддалари талабларига мос келмайдиган фактларни кўрсатган ҳолда алоҳида баёнотлар берилган эди.

АОКА томонидан ижтимоий тармоқларда ёритилаётган материаллар борасида баёнот тақдим этиш учун етарли асос ва фактлар мавжуд бўлиб, айрим ОАВда динлараро низо келтириб чиқариш (Effect.uz, Hordiq.uz), порнография ва зўравонликни тарғиб қилиш (Nova24.uz) каби тақиқланган контентни тарқатиш ҳолатлари аниқланган эди.

Шунингдек, Агентлик Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шу боис аниқланган қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан огоҳлантириш, кўрсатма ва тақдимномалар бериш ваколатига эга.

Хусусан, 20-23 ноябрь кунлари оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган “Kun.uz”, “Daryo.uz”, “Gazeta.uz”, “Podrobno.uz”, “Repost.uz” веб-сайтларига амалдаги қонунчилик талабларига мос келмайдиган ахборотларни тарқатиш ҳолатлари бўйича  огоҳлантириш хатлари юборилгани шулар жумласидандир.

Масалан, “Kun.uz” сайтида ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчиларининг турли шарҳлари, ҳақоратли фикрлари ва чақириқлари жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилган.

Шунингдек, 17 ноябрь куни “Gazeta.uz”, “Daryo.uz”, “Podrobno.uz”, “Repost.uz” веб-сайтларида жойлаштирилган материалларда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар статистикаси шубҳа остига олинган ва ушбу масала юзасидан расмий изоҳлар тақдим этилмаган.

Агентлик журналистиканинг асосий мақсади — жамиятга ҳар томонлама текширилган, барча нуқтаи назарлар мужассамлашган, холис ахборотни масъулият билан етказишдан иборат эканига ишонади.

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган, аҳолини қийнаётган муаммоларга тегишли давлат органларининг раҳбар ва масъул ходимларидан муносабат олиш, мавжуд камчиликларга уларнинг эътиборини қаратиш мақсадида жорий йилнинг март ойидан буён Агентликнинг ўзида 700 дан ортиқ матбуот анжумани ва брифинглар ташкил қилинди. Ушбу тадбирлар доирасида тегишли давлат органлари раҳбарлари ва масъул шахслари аҳоли учун долзарб ва аҳамиятли масалаларга бевосита жавоб қайтаришди ва ОАВ кўтарган муаммоларга тезкор муносабат билдиришди.

Бу каби тадбирлар бундан кейин ҳам давом эттирилади. Хусусан, Агентлик томонидан АОКА пресс-холи ҳамда Ўзбекистон миллий матбуот марказида ўтказиладиган тадбирлар режаси тасдиқланди. Медиа-режада 100 дан ортиқ матбуот анжумани ва 80 дан зиёд пресс-турлар ўрин олган.

Шунингдек, очиқликни таъминлаш, журналистлар ва фуқароларнинг ахборот олишга доир конституциявий ҳуқуқларини тўлақонли қондириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳокимлар, давлат органларининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари иштирокида жойларда матбуот анжумани, очиқ мулоқот ҳамда медиа-турлар ўтказишга доир режалар ишлаб чиқилиб, Агентликнинг расмий веб-ресурсларига жойлаштирилди.

Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ҳар бир ҳудудда 120-150 тагача турли кўринишдаги матбуот тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси оммавий ахборот воситаларининг зарур ахборотни биринчи манбадан монеликсиз олишига имкон беради.

Таъкидлаш лозимки, декабрь ойида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини аниқлаш мезонлари тасдиқланиши режалаштирилмоқда. 2021 йилдан бошлаб ҳар чоракда ушбу мезонлар бўйича тузилган рейтинг эълон қилиб борилади. Рейтинг натижалари Парламентнинг тегишли йиғилишида муҳокама қилинади.

Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида “Диалог майдончаси” фаолияти йўлга қўйилаётгани яна бир муҳим қадамлардан биридир. Бу лойиҳа оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар ва кўмак беришга йўналтирилган.

Агентлик журналист ва блогерларга давлат органларининг ОАВ билан конструктив ва очиқ мулоқотда бўлишлари учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради, шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари ривожланишини таъминлашни кафолатлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АОКАнинг бундай огоҳлантириш хатлари Ўзбекистондаги йирик ахборот сайтлари жумладан, Daryo.uz, Kun.uz, Gazeta.uz, Podrobno.uz’ларга етиб боргани маълум бўлган эди.

Маълумот учун, АОКА Effect.uz таҳририятига расман 2020 йилнинг 5 августи ва шу йилнинг 7 сентябрь куни Дилноза Абдураҳмонхўжаева номидан “[email protected]” почтаси орқали иккита – бири огоҳлантириш яна бири тақдимнома нусхасидаги хат юборилган.

Таҳририят бу хатларга сўралганидек, жавоб қайтарган. Яъни АОКАга ҳурмат сақлаган ҳолда агентлик хатидаги иддаолар қабул қилинган. Гўёки айбдорлигимизни тан олганмиз… Албатта, истисно тариқасида.

5 август куни юборилган огоҳлантириш хатида 1 август куни Effect.uz саҳифасида эълон қилинган “Раис пулимизни берсин. Уят!” – Сергелида давлат пули учун оммавий жанжал кўтарилди (видео)” мақоласи ҳақида гап боради. Унда АОКА Effect.uz сайтини ушбу видеолавҳа тўлиқ ўрганилмасдан, бир ёқлама ёндашув ила омма эътиборига ҳавола қилгани айтилган. Шу туфайли агентлик Effect.uz интернет нашрини бундай материалларнинг натижаси ҳуқуқий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.

Ушбу видеоматериалда сўзлаган аёл Нилуфар Баратованинг иддаолари бир кун ўтиб, кескин ўзгариб қолиши таҳририятга шубҳали кўринмоқда. Чунки, бу аёл биринчи куни “раис пулимизни берсин, у халққа ноҳақлик қиляпти” дея сўзлаган эди. Бироқ орадан бир кун ўтиб, аёл юзага келган англашмовчилик учун узр сўраб, ўзи Ҳайитлик пуллари олгани ҳамда ёрдам олмагани айтилган оилага, аслида давлат томонидан мунтазам равишда ёрдам бериб келинганини маълум қилган.

Агар шундай бўлса, АОКА нега фуқарони ҳам ҳуқуқий оқибатлар ила қўрқитмади аксига олиб, унинг оғзи ёпилганини тарғиб қилиб, Халқдан шармандаларча узр сўраттирди. Ким кўрган-ки, орадан бир кун ўтиб юқорида айтилган ёрдам берилган бўлса, бунга дадил жавоб берадиган мард борми Ўзбекистонда?

Агар муаммо интернет юзини кўрмасдан ҳал бўлганида, эди ёки биз хато гапираётган бўлсак, бу аёл нима учун жанжал кўтариб, интернетга булбулларча сайраган видеосини тарқатди. Агар шу видео тарқатилмаганда бу ҳолат балки, ОАВ эътиборига тушмаган бўлармиди, бўларди. ОАВ муамони кўтариб чиқмаса, бу муаммо тепадагилар эътиборига тушмасмиди, тушмасди. Унда нега муаммо яратувчи “зараркунда”ларга  чора кўрилмасдан, сиз айтаётган ноҳолис сайт огоҳлантириш хати олиши керак. Бу масаланинг натижаси аниқ ва конкрет нима билан якун топди?

7 сентябрь куни АОКАнинг худди шу почта манзилидан яна бир тақдимнома келди. Огоҳлантириш хатидан устунроқ турадиган тақдимнома келиб тушади. Унда айтилишича, Effect.uz веб сайти 2020 йил 1 сентябрь куни ўтказилган мониторингда “қармоқ”қа тушиб қолган.

Яъни АОКА “Tik Tok’да Мирзиёвни қўшиқ куйлашга мажбурлаганларга жазо борми?” сарлавҳаси остидаги мақолага қарши таҳририятга нисбатан тақдимнома киритган. Effect.uz веб сайти ўз мақоласида ушбу ҳолатни кескин қоралаб, Президент Шавкат Мирзиёев суратлари мемга айлантирилаётгани ҳақида танқидий позицияга ёндошган.

Жумладан, ушбу мақолада: “Бу ҳолат аввало Президентга бўлган хурматсизлик ва бошқа давлат фуқаролар олдида раҳбарларни очиқчасига шарманда қилиш. Ҳозирда, Tik Tok'да кўплаб фойдаланувчилар Мирзиёевнинг мемга айланган видеосини  ўз саҳифаларига жойламоқда.

Бу эса ўз-ўзидан бу видео оммалишишига сабаб бўлиб, чет эл давлатлари фуқароларида Мирзиёев ва Ўзбекистонга нисбатан хурматсизликни пайдо қилмоқда. Машхур тиктокер Билли Порш бошлаган ушбу видео бутун дунёда оммалашиб бормоқда.

Бундай видеолар Tik Tok тармоғида кўпайиб бормоқда ва бу ҳозирги кўраётган видеолар юздан бири деса ҳам бўлади. Ўзбекистон республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникациялари ривожлантириш вазирлиги ушбу ҳолатга эътибор беришини сўраган бўлар эдик”, дейилган.

Бор гап шу, аммо АОКА вазиятга бошқача позиция билан қаради: Асад Ходжаев (Хўжаев) имзоси босилган тақдимнома қуйидагича эди.

АОКА директори Асад Ходжаев (Хўжаев)

Яъни бу мақола билан Ўзбекистон президентининг мемлари оммалашиб кетади ва бу Шавкат Мирзиёевнинг халқаро миқёсдаги нуфузига салбий таъсир кўрсатади. Шу баробарда давлат раҳбари шахсига нисбатан ҳурматсизлик юзага келиб чиқади.

Effect.uz мақоладаги иддаолари орқали Шавкат Мирзиёевга нисбатан ҳурматсизлик қилаётган шахсларга тегишли ташкилотлар тезкорлик билан чора кўришлари кераклигини эслатган, акс ҳолда бу видеороликлар оммалашиб борса, АОКА айтганидек, Президентинг халқаро миқёсдаги нуфузига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Таҳририят позицияси ҳар ҳолда шундай эди.

Effect.uz ушбу мақолани АОКАнинг тақдимномасидан сўнг омма эътиборидан “яшириб” қўйган эди. Аммо АОКАнинг охирги баёнотидан сўнг биз сўзимизнинг исботини оммага етказиш учун бу мақола яна қайта очилди.

Президентнинг халқаро миқёсдаги нуфузига келадиган бўлсак айтиш мумкинки, Президенти, Ватанидан рози бўлган халқ ўз вакилларини, давлат раҳбари ёки мамлакати номини ҳеч қаерда пастга урмайди. Ёки унинг таҳқирланишига йўл очиб бермайди. Фақат бир савол очиқ қолиши мумкин: Ўзбекистон халқи ўз давлатидан розими?

Бундан ташқари, АОКАнинг 11 ноябрьдаги расмий баёнотида Effect.uz сайтига жорий йилнинг ўтган 9 ойида 3 та тақдимнома киритгани ҳақида ёзган.

Фото: EFFECT.UZ

АОКА расмий мақомга эга 1 минг 777 та ахборот субъектига нисбатан қонун барчага баробарлиги тамойили асосида ёндашаётганини ОАВда қонунга зид ҳолатларни бартараф этишга доир огоҳлантиришлар кесимида ҳам яққол кўриш мумкин. Мисол учун, 2019 йилда жами 150 та – шундан теле-радио каналларга 75 та, даврий босма нашрларга 65 та, интернет сайтларга 10 та тақдимнома ва огоҳлантириш юборилган.

“2020 йилнинг ўтган 9 ойида жами 90 та – шундан телевидение ва радиога 39 та (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телеканаллар фаолиятига оид 20 га яқин, “Zo‘rTV” телеканалига 7 та, “Севимли” телеканалига 5 та ва бошқаларга), даврий босма нашрларга 29 та (“Ишонч” газетасига 1 та, “Сўғдиёна” газетасига 1 та, “Бекажон плюс” газетасига 1 та, “Театр” журналига  1 та ва бошқаларга), Интернет нашрларига 22 та (“Effect.uz” сайтига 3 та, “Nova24.uz”, “Qalampir” ва “Repost.uz” сайтларига 2 тадан ҳамда бошқаларга) тақдимномалар киритилган”.

Бироқ АОКА Effect.uz сайтига 3 та эмас фақат 1 та тақдимнома ва 1 та огоҳлантириши хати киритган. Ҳурматли, аокачилар 1+1=2 бўлади. Савол: бу билан кимга яхши кўринмоқчи бўлдингиз?

Фото: EFFECT.UZ

АОКА йўллаган 3 хати эса тақдимнома ҳам огоҳлантириш хати ҳам эмас. Буни таҳририят тавсиянома дея тушунди. Излай-излай, электрон почтамиздан учинчи номани топа олмадик…

 

Effect.uz таҳририяти ўз позициясига доим содиқ қолади. Очилганимизга ҳали бир йил тўлмасидан шукрлар-ки, Халқнинг чексиз ҳурматига лойиқ кўрилдик… Сафимизда жасур журналистлар бор, биз уларни ватанини ҳақиқий севадиган инсонлар деб биламиз. Чунки, улар ноҳақликка чидай олмайди, бировнинг дардини ўз дарди деб ҳис қилади, ич-ичидан ўтказади.

Мамлакатда очилган сўз эркинлиги ҳақида гап-сўз йўқ. Биз эркинликдан ташқарига чиқмаяпмиз. Бундан ортиқи ҳам ортиқ ками эса жуда кам. Халқ манфаати йўлида баралла айтишимиз мумкин-ки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан 2019 йилнинг 1 ноябрь куни собиқ директор Комил Алламжонов имзоси босилган 1323 рақамли гувоҳномадан воз кечишга тайёрмиз!

АОКА собиқ директори Комил Алламжонов

Зеро, оммавий ахборот воситаси сифатида расман рўйхатда турмайлик, бироқ Ўзбекистон аҳлининг, ўзбекистонликларнинг қалб тубида рўйхатда турганимиз бизга кифоя бўлади. Расмиятчиликка, турли мавзудаги хатларга жавоб бериб қимматли вақтимизни сарфлагандан кўра, сизлар учун ноҳолис бўлса ҳам ўз йўлимизда ҳолис хизматда давом этамиз. Ҳар ҳолда бугунги баёнот остида айбсиз айбдорга айланганимиз Effect.uz жамоаси ходимларига кескин салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади… Тушкун кайфият аро гувоҳномадан воз кечиш керак бўлса, биз буни амалга оширамиз.

“Мен тизимдаги муаммоларни кўтариб чиқаётган, ёритиб бераётган журналист ва блогерлардан хурсандман. Айнан улар кўплаб муаммо ва қилинаётган ишларни ёритиб беришмоқда. Албатта, бу масалалар оддий тилда айтганда эви, тасдиғи билан бўлиши керак. Улар одатда кўп масалаларни ўзи ўқиган, яъни ривожланган давлатлар билан солиштиришади.

Лекин улар шуни ҳам тушунишлари керакки, бизда очиқлик сиёсатига энди 3 йил бўлди. Журналист ва блогерлар солиштираётган давлатларнинг эркинлигига эса 300 йил бўлган. Биз албатта шу даврларга ҳам етамиз. Улар ўзимизга муносиб масалаларни ёритишда қўрқмаслиги керак”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Президент таъкидлаган даврлар ҳам келишига ишонамиз, муносиб масалаларни ёритишда эса ҳеч кимдан қўрқмаймиз! Мавжуд муаммоларни ёритишни айб деб ҳисобламаймиз, бунга Президент Шавкат Мирзиёевнинг айтган сўзлари ОАВ вакиллари учун етарли мотивация бўла олади…

EFFECT.UZ жамоаси. 28.11.2020

Facebook Comments