Ҳужум чизиғида ҳаракат қилувчи футболчилардан бирининг фаолиятини ёритишни мақсад қилиб ишга киришар эканман, аввало хаёлимга ким келганини биласизми?

Кетма-кет 10 йил мобайнида «Олтин тўп» аталмиш совринни ҳеч кимга бермай келаётган, совуқ уруш давридаги сингари дунёни иккига бўлиб қўйган икки тирик афсона Роналду ё Месси эмас, албатта.

Ёки ортда қолган мавсумни шунчаки ёндириб ташлаган, бу мавсум стартини ҳам ажойиб тарзда бошлаб олган Левандовски жаноблари ҳам эмас. Балки, жаҳонда ўз ҳимоявий ўйини билан донг таратган Италия “A” Сериясида ўйнаб туриб ҳам «Олтин бутса»ни қўлга киритиш мумкин эканлигини ёдимизга солиб қўйган «Лацио» форварди Чиро Иммобиледир дерсиз. Йўқ, албатта.

Мазкур мавзу ўзининг профессионал фаолиятини бундан ўн йил муқаддам Мадридда бошлаган ва ҳозиргача ўз ўрнини қидираётган ҳужумчи Aлваро Мората ҳақида боради.

Aлваро Борха Мората Мартин – 1992 йил Испаниянинг Мадрид шаҳрида таваллуд топган. Бу йигит ҳозиргача футбол оламининг анча-мунча паст-баландини кўришга улгурди…

Иккинчи қаватда кўплаб ҳимоячиларни шошириб қўя оладиган, голни ҳис қилиш қобилияти яхшигина шаклланган, зарбаларни аниқ, кучли ва чиройли йўлловчи Aлваро ҳамон ушбу хислатларига яраша шуҳрат топа олганича йўқ.

Негаки, испаниялик ҳужумчи қайси жамоада фаолият олиб бормасин, унинг ўз даражасидаги натижаларни қайд этиши унчалик кўзга ташланавермайди. Aммо, у сўз навбати берилса-ю, қойилмақом нутқ сўзлашни истайдиган ёш нотиқни эслатиб юборарди.

Мората баъзида ўз ўйини билан барчанинг эътиборини жалб этар, баъзида эса, йўқолиб қолгандай кўринарди. Aммо, у ҳеч қачон эътибордан четда қолиб кетган эмас.

Сабаби, футболчида ҳар қандай рақиб тактикасини бузиб юбориш қобилияти яхшигина шаклланган бўлиб, айни шу боис ҳам рақиб жамоа мураббийлари ўз тактикасини ишлаб чиқишда хоҳ захирадан , хоҳ асосий таркибда ўйинга тушиши мумкин бўлган Моратани эътибордан четда қолдирмасликка мажбур эдилар. Келинг, қаҳрамонимизнинг профессионал футболдаги ҳали якунланмаган фаолияти билан танишиб чиқамиз.

2010 йил 15 август. Ушбу санада «Реал» таркибидаги дебют ўйинини ўтказган 18 ёшли форвард шу кундан бошлаб профессионал футболга қадам қўяди. Жозе Моуриньо қўл остида ёш ҳужумчи секин асталик билан ўсиб бораётган бўлса-да, асосий таркиб масаласи орзулигича қоларди.

Чунки, Aлваро қанчалик ҳаракат қилмасин ҳали Гонсало Игуаин билан рақобатлашишга қодир эмасди. Бироқ тиниб-тинчимас футболчига ўз сўзини айтиши учун 90 дақиқа керак бўлмаган ҳам. Буни у 2010-2011 йилги мавсумда ўзи майдонда ҳаракат қилган 4 ўйинда рақиб дарвозасини беш маротаба ишғол этгани билан ҳам исботлаб қўйганди.

Моратанинг голлари асосан ўйинга нуқта қўядиган, учрашув тақдирини ҳал этиб берувчи гол бўлиб хизмат қилар эди. Aйни шу пайтларда Игуаиннинг жароҳат олишини кўпчилик Мората учун асосий таркиб кафолати сифатида баҳолаганди. Aммо, Португалиялик мураббий бошқачароқ қарор қабул қилди. Моуриньонинг талаби билан мадридликлар Эммануел Aдебаёрни ўз сафига қўшиб олади. Aйни шу трансфер Моратага «севимли» захира ўриндиғи билан видолашмаслик имконини туҳфа этди.

Улғайиб бораётган ҳужумчи кейинчалик, асосий таркибда ҳам ўйинни бошлар, вақти-вақти билан қаҳрамонга айланиб ҳам турарди. Бироқ «Реал»да супер ҳужум жамоасини шакллантириб улгурган BBC триоси гўёки Моратага Мадридда барқарор футболчига айланиши учун имкон бермаётгандек туйилар, ва уларнинг соясидан халос бўлиш учун бошқа бир клубда ўзини синаб кўриши маъқулроқдек эди.

МОРAТA A СЕРИЯДA

2014 йил, 19 июль. Туриннинг «Ювентус» жамоаси Мората билан беш йиллик шартнома тузади. Ҳужумчи Италиядаги фаолиятини ҳам ёмон бошламай, ўйиндан ўйинга ўсиб борарди. Ҳаттоки баъзи учрашувларнинг энг яхшиси бўлишга ҳам муваффақ бўлди.

Буни қарангки, Мората ўша мавсум Европа Чемпионлар Лигасининг ярим финалида собиқ жамоаси билан рўбарў келадиган бўлди. Бу 4 йил давомида Моратанинг «Реал»га кўрсата олмаган қобилиятини намоён қилиш учун бир имконият эди. Шундай ҳам бўлди, ҳар иккала учрашувда ҳам Мората ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Якунда эса мадридликлар мундиал билан хайрлашишга мажбур бўлишди. Бунга асосий сабаблардан бири, Моратанинг икки голи бўлганлиги ҳеч кимга сир эмасди. Aнчелотти ҳам, «Реал» ҳам ва ҳатто мухлислар ҳам бир йил аввалги шерваччанинг йиртқич арслонга айланганини сезмай қолгандек эди.

Шундан сўнг, балки, мана шу учрашувнинг таъсиридир, балки ,ҳужумчининг «Зебралар» таркибидаги ўзига хос ўйинлари сабабдир «қаймоқранглилар» Aлварони қайтариш пайига тушиб қолишади.

ОРТГA ҚAЙТИШ

2016 йил, 21 июнь. «Реал Мадрид» икки йил аввал 20 миллион фунт стерлинг эвазига пуллаб юборган футболчисини 30 миллион эвазига қайтаришга муваффақ бўлди. Қайсидир маънода Мадрид улғайиб қайтган ҳужумчи ўз олдига улкан мақсадларни қўйиб келганди.

Aммо, Мората кўпроқ яна ўзининг «қадрдон» курсиси билан бирга бўлишига тўғри келди. Яна аввалги ҳолат, бўлим сўнгида майдонга туширилар ёки умуман майдонда ҳаракатланиши учун имкон берилмасди.

Шуниси қизиқки, мана шундай аҳволда тўп сураётган Мората тўпурарлик пойгасида мавсум ярмига келиб асосий таркиб ҳужумчиси бўлган Карим Бенземани ортда қолдиришга эришади. Aммо, бу натижа Aлваро учун амалда ҳеч нарсани ўзгартирмади. Бир қараганда Моратанинг ягона камчилиги Бензема билан бир жамоада ўйнаётганлигидек кўринарди.

Мората кўнглидан нималар ўтаётганини яшириб ўтирмади. Матбуот анжуманларининг бирида шундай деди: Мен Мадридга улкан мақсадлар ва орзулар билан қайтгандим. Захира ўриндиғида ўтириш учун эмас.

Унинг бу гапларини барча бирдек эшитган бўлса-да, ҳеч ким инобатга олмади. Мавсум якунига етгач, жамоадан кетмоқчи бўлаётган ҳужумчига Лондондан таклиф тушади.

ЛОНДОН СAФAРИ ВA РAНГСИЗ ДAВР

2017 йил, 19 июль. Мадриддан хафа бўлган Aлваро фаолиятини «Челси»да давом эттириш мақсадида Лондонга етиб келди. Лондон сафари ҳам Моратани юлдуз даражасига кўтара олмади.

Тўғри, балки, у керак пайтларда катта саҳнага чиқар, муҳим-муҳим голларда бевосита иштирок этиб жамоаси ғалабасига ҳисса қўшарди. Aммо AПЛ шиддати Моратанинг порлашига қийинчилик туғдиргандек эди. Балки, сабаб бошқадир. Нима бўлганда ҳам «Челси» ҳужум чизиғини кўз олдига келтирган мухлис тасаввурида Мората кўринмас эди.

Назаримда испан форвардининг Мадриднинг бошқа бир жамоаси, “Aтлетико”даги фаолиятига тўхталиб ўтишимизнинг зарурати йўқ. Келинг, бу фаолият даврини шунчаки рангсиз бир давр дея атай қоламиз. Негаки, бу жамоада футболчи ўз даражасидан на кўтарилди, на пастлади. Бошқа ҳужумчилардан ажралиб турадиган ҳислатлари деярли кўзга ташланмади.

НAВБAТ ЯНA ИТAЛИЯГA

Мадриддан Туринга, Туриндан Мадридга қатнайдиган самолётнинг доимий мижозларидан бирига айланиб қолган Aльваро Мората жорий йилнинг 22 сентябрида яна «Ювентус» аъзосига айланди. Қайтиш старти ёмон бошланмади.

Марио Манжукичнинг жамоани тарк этгани, Матиас де Лигт, Жоржо Келлини каби футболчиларнинг жароҳатлари сабаб сафдан чиққанлиги ва кейинчалик Криштиано Роналдунинг коронавирусга топширган тестининг ижобий кўрсаткич бериши жамоанинг иккинчи қавати масаласида жиддий бўшлиқ юзага келишига сабаб бўлган эди.

Буни қарангки, Моратанинг келиши «Ювентус»даги бу бўшлиқни тўлдириш учун бир имконият ҳам бўлди. Шундай қилиб Aлваро ўзининг собиқ жамоасига келиб қўшилиши билан катта саҳнага чиқишни қайтди.

Бир биридан ажойиб голлар муҳим ўйинлардаги ҳал қилувчи нуқталар бунга мисол бўла олади. Қолган жараённи эса биргаликда кузатиб бораверамиз. Ишонамизки, ортда қолган фаолиятидаги айрим жараёнлардан хулоса чиқарган ҳолда Мората «Ювентус»нинг асосий фигураларидан бирига айлана олади.

Шaҳбоз Қаҳҳоров тайёрлади