Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан ўтказилган учрашувда ойлик масаласига тўхталди. Президентга кўра, оддий ўқитувчи ёки шифокор 1000 доллар ойлик олмаса, у ишга келиши керак эмас.

“Режаларимиз катта. Оддий ўқитувчи $1000 ойлик олмаса, у ишга келиши керак эмас. Шифокор ҳам худди шундай. $1000 олмаса, эртага у қандай уйига бориб неварасини, боласини боқади. Қилишимиз мумкинми? Мумкин”, деган президент.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, пойтахтда ўқитувчи ва шифокорлар учун қарийб 1000 та вакант жой борлигини таъкидлади.

“Тошкентда 23 мингта ўқитувчи ва 500 та вакант жой, тиббиётда эса 498 та вакант жой бор. иш керак, деймиз. Лекин иккала соҳадаям минглаб вакант ўринлари турибди. Нимага? Бюрократия”, таъкидлаган давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан мулоқотда яна бир қанча масаларга тўхталиб ўтди.

“Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришамиз? Мени шу савол қийнайди. Сизлар билан учрашишдан мақсад – қуйи тизимдаги масалаларни билиш, тўғри йўл тутиш”, деган давлат раҳбари.

2020 йил барча соҳалар учун катта синов бўлди. Тиббиёт ходимлари ҳам, ўқитувчилар ҳам янгича шарт-шароитда ишлашига тўғри келди.

“Оғир синовлар пайтида бирлашдик. Бу синовлар бизни изланишга мажбур қилди. Шунинг учун натижа бўлди”, деган Президент.