Бугун, 26 ноябрь куни Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Пахта Нефтбазаси”да 5 минг тонна сиғимли ёқилғи цистернаси ёниб кетди.

Ёнғин содир бўлган жойга Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 14 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб келган.

Вазият Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тўлиқ назорати остида бўлиб турибди.

Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, ёнғинни тўлиқ бартараф этиш учун тахминан 1 соат вақт кетади. Айни вақтда қурбонлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.

Энергетика вазири Алишер Султонов ҳодиса кўлами ва уни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни бевосита ўрганиш учун зудлик билан воқеа жойига етиб борган.