Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон-24» телеканали мухбири ва унга интервью берган мутахассис ноқулай вазиятга тушиб қолгани акс этган видео тарқалди.

Видеода мутахассис фуқаролар учун имтиёзлар ҳақида гапириб, расмийларга миннатдорчилик билдиради. Суҳбат давомида мухбир ва мутахассисни четдан кузатаётган аёл уларни тўхтатиб, ўз бошидан кечирган воқеаларни айтиб беради.

Видео

Фуқаро таъкидлаганидек, мутахассис мутасаддиларни мақтамаслиги керак ва унинг берилаётган имтиёзлари тўғрисида айтган важларининг ҳаммаси ҳам тўғри эмаслигини қўшимча қилади.

Аёлнинг сўзларига кўра, у адолатсизлик туфайли ишидан айрилган ва узоқ вақт давомида юқори лавозимли амалдорлар билан учрашишга эриша олмаган. Ушбу воқеа Қарши шаҳрида содир бўлган. Маълумотларга кўра, репортажга ҳалақит берган Дилфуза номли аёл 3 суткага қамалиб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбекистон-24»нинг яна бир мухбири ҳам Тошкентдаги бозорлардан бирида ноқулай аҳволга тушиб қолган эди. Телеканал бошловчиси маҳаллий бозорларда қандай қилиб гўшт маҳсулотлари билан боғлиқ муаммолар йўқлиги ҳақида гапиради.

Журналист сотувчига яқинлашиб, гўштнинг қандай нархларда сотилиши ҳақида сўрашини бошлаганда, бир аёл уларга яқинлашиб, журналистнинг барча сўзларини рад этади. Фуқаро буларнинг барчаси ёлғон эканлигини айтиб, телеканал ходимларидан ҳақиқатни ёритишни сўрайди. Давлат мухбири аёлга ҳеч нарса дея олмасдан бозорнинг бошқа нуқтасидан репортажни давом эттиришга қарор қилади.