Сирдарё туманида 5 та умумтаълим мактаб директорлари ёппасига ишдан олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, таълим инспекциясининг Сирдарё вилояти бўлими томонидан туманда ўтказилган ўрганиш мобайнида бир қатор камчиликлар борлиги аниқланган. Яъни тумандаги бир қатор умумтаълим мактабларида ўтилаётган дарсларнинг сифати пастлиги, ўқитувчиларнинг дарсларга тайёргарликсиз келиши, ўқувчилар давомади назорати сустлиги, тарбиявий ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Тумандаги 42- умумтаълим мактабида шу йилнинг ўзида 3 нафар 11-синф ўқувчиси талончилик жиноятини содир этган. 21-мактаб ўқувчиси Ш.У. эса гиёҳвандлик моддаси билан мутасадди идора ходимлари томонидан қўлга олинган. Ёки 27-умумтаълим мактаби ўқувчиси С.Р. ўқиш, билим олиш ўрнига ўғрилик билан машғул бўлиб, вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этган.

Таълим сифатининг пастлиги туман бўйича жорий йилда мактабни тамомлаган 1 минг 635 нафар битирувчидан атиги 179 нафари ёки 14,6 фоизигина олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Тумандаги 28-сонли умумий ўрта таълим мактабининг геометрия фани ўқитувчиси Н.Элбоев 7 нафар ўқувчиси дарсга келмаган бўлсада, йўқлама қилиб, уларнинг дарсда йўғлигини журналда қайд этмаган. Бу ўқувчилар қаерда? Нима иш билан шуғулланмоқда?.

Ушбу саволларга жавоб бераётган масъулнинг ўзи йўқ. Ўқитувчининг қўлида на АКТ воситалари, на саволлар тўплами, на тест топшириқлари, на кўргазмали қуроллар ва на янги мавзунинг баёни бор?!. Унда календарь режадан бошқа ҳеч нарса йўқ. Хўш у ўқувчига нимани ўргатадию, ўқувчиси ундан нима олади. Энг ачинарлиси бунга ўхшаш ҳолат тумандаги 3, 21, 42-сонли умумтаълим мактабларида ҳам кузатилган.

Тумандаги умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман халқ таълими бўлими масъуллари иштирокида ўтказилган танқидий руҳдаги йиғилишда айнан шу масалалар муҳокама этилган.

Йиғилишда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тумандаги 5 та умумтаълим мактабларининг директорлари йўл қўйган хато ва камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Вилоят ҳокими ўринбосари О.Носиров, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Ёдгоров ва бошқалар томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси олдига аниқ вазифалар белгилаб берган.