Аввалроқ телеграмдаги “Милиция УЗБ” каналида “Миллий Гвардия ходимлари билан фуқаролар ўртасидаги тортишув – фуқаро тиббий ниқоб таққан бўлсада, ходимлар уни “Матиз”га тиқиб олиб кетишмоқда” сарлавҳали видео эълон қилинган. Ушбу видео айни вақтда ўчириб юборилган.

Лекин шунга қарамай, Effect.uz ахборот агентлиги ушбу ҳолат юзасидан Миллий гвардия қўриқлаш бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Дурматов билан боғланди.

Маълум қилинишича, 19 ноябрь куни тахминан соат 11:30ларда Самарқанд шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали хиёбонида ўзларининг ножўя ҳатти-ҳаракатлари билан жамоат тартиби қоидалари ҳамда карантин талабларини бузиб, атрофдагиларнинг эътиборини ўзларига қаратиб юрган 3 нафар йигит Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган.

Ходимлар уларга жамоат жойида ахлоқсиз ҳаракатлари қилмасликлари ҳамда карантин талабларига риоя этишлари (тиббий ниқобларни тўғри тақишлари) борасида тушунтириш берган.

Ушбу фуқаролар Миллий гвардия ходимларининг огоҳлантиришларидан тўғри хулоса чиқармай, қўпол муносабатлари билан ўзларининг ахлоқсизлигини намоён этиб, ушбу ҳаракатларни қўл телефонлари орқали видеотасвирга олишган ва натижада атрофдаги кўплаб фуқароларнинг диққатини жалб қилиб, уларнинг тўпланишига сабаб бўлган.

Миллий гвардия ходимлари ушбу фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ҳурматсизлиги ва қўпол муносабатда бўлганликлари сабабли ўрнатилган тартибда Самарқанд шаҳридаги 3-сонли ИИБга олиб борилган.

Дастлабки ўрганишлар давомида, ушбу фуқаролар 2000 йилда туғилган ва Пастдарғом туманида яшовчи М.Қўчқоров, Ш.Наимов ва У.Каримовлар эканлиги аниқланган.

“Ушбу ҳолат юзасидан ходимларнинг ҳатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш учун хизмат текшируви тайинланган”, дейди Даврон Жуманазаров.