“Кўриб чиқамиз”, “амалга оширамиз”, “ваъда берамиз”… Деярли ҳар битта раҳбарнинг селектори шу сўзлардан иборат.

Расмий минбарларда янграганидек, юқоридагилар “олиб қочишга мажбур”. Аммо вақт ҳеч кимга шафқат қилаётгани йўқ, вақт тезлик билан ўтиб бормоқда. Бугунги система аъзоларига халқ томонидан муносиб баҳо бериладиган вақт яқинлашмоқда.

Ҳадемай, президент ва унинг жамоаси ўтган 5 йил давомида нималарни бажарганини, амалга оширилган ишлар сарҳисобини аҳолига топшириши шарт бўлади. Ҳар бир система учун ўз легитимлик даражасини юқори планкада ушлаб туриш ўта муҳим. Юқори легитимлик кейинги фаолиятни белгилашда муҳим рол ўйнайди, келгусида ўз олдига аниқ ва равшан мақсадларни қўйиб чиқишга имкон беради.

Футболда бир қоида бор: мураббий ва футболчилар қанчалар ҳаракат қилишмасин, улар рақибнинг имкониятидан келиб чиқибгина ўйнайди. Рақиб имконият берса “ёрворишади”, агар қаршилик ҳаддан ташқари кучли бўлса, жамоа аъзолари ҳам шунга яраша ҳаракат қилишга мажбур бўлади.

Бу ҳолат нафақат футболда, балки сизу бизнинг кундалик ҳаётимизда ҳам кўп учрайди. Бугунги система аъзолари халқнинг фаоллигига қараб иш юритади: халқ имконият берса “ёрворади” (бюджетни истаганича ўмаради, ўзига қасрлар қуради, етти авлодига етадиган маблағни тўплаб қўяди), агар халқ бунга имконият бермаса, муносиб қаршилик — сиёсий фаоллик кўрсатса, амалдорлар ҳам шунга яраша ҳаракат қилишга мажбур бўлишади.

Қачонки халқ ўзининг сиёсий фаоллигини оширса, ҳар бир сиёсий жараёнларда мунтазам иштирок этса, амалдорларнинг, депутатларнинг ҳисобдорлигини талаб қилишни бошласа, шунда қандайдир ренессанслар — уйғониш даврига умид қилишимиз мумкин бўлади.

Ислоҳот ва ўзгаришларга ўзи қалбан ишонмайдиган, ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш ёки талаб қилишни пайсалга соладиган одамлар билан фуқаролик жамияти қуриб бўлмайди.

Бизнинг эътиборсизлигимиз ёки “қуллуқ” қилишимиз (ўз талабларини масъул шахсдан ўта ҳижолат ва ҳурмат билан сўраш) туфайли катта-кичик амалларга ўтирганлар ўзларининг ноқонуний занжирларини яратишда пешвоз чиқишмоқда. Бефарқлик энг катта йўқотишларга йўл очиб беради.

“Нима ҳам ўзгарарди!” деб сайловларга бормаслик ўрнига сайловларни ўта катта иштиёқ билан халқ кутиши, сайланадиганлар эса сайловчилар олдида катта масъулиятни ҳар доим ҳис этиши керак, вақтинча эмас.

Энди хонлик, совет ёки “қора туш” даври тугаган, ўзбек халқининг ҳам кўкрагига эркинлик шамоли тега бошлади. Иқтисодий ва бошқа муаммоларни очиш учун халққа минбар берилди ва бугун халқ ўз сўзини айтиб келмоқда.

Бу муҳим жараён бўлиб, энди халқ ўз сиёсий фаоллигини кучайтириши, пойтахтда юрган ўз ҳудуд депутатини таниши, ундан ҳисоб талаб қилишни ҳамма тенгдан бошлаши, амалдорларни “оёғи ердан узилиши”га йўл қўймаслик чораларини кўриши керак.

Ҳар бир қадами жамоатчилик назорати остига олинган мансабдорлар халқ олдидаги жавобгарлигини ҳис этади. Афсуски, ҳозирда улар фақатгина Президентга ёқиш ҳақида кўпроқ қайғуришмоқда.

P.S. Расмда халқ олдида ҳисобдорлик нималигини билмай, ўзини хонлардек тутувчи типик ўзбек амалдорларидан биттаси (кимлиги номаълум), Андижонда юпун кийинган бир нечта мактаб ўқувчиларини ўзи учун “хон йўлакчаси”ни “тўшаб бериш”га мажбурлаётгани тасвирланган.

Муаллиф: Темур Малик