Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Бангладеш расмийларини Мянманинг шимолидаги Аракан вилоятидан қочқинларни Бенгал кўрфазидаги оролга жойлаштириш ғоясидан воз кечишга чақирди.

Ташкилотнинг баёнотида айтилишича, Мянмадан қочқинларни жойлаштирмоқчи бўлган Бхасан-Чар ороли БМТ томонидан яшаш учун хавфсиз жой деб эълон қилинмаган. Роҳиня мусулмон халқидан бўлган қочқинларнинг ўзлари ҳам Бхан-Чарга кўчиб ўтишни хоҳламайдилар.

Шунинг учун Халқаро Амнистия Даккани мамлакат жанубидаги Кокс Базар минтақасидаги энг катта қочқинлар лагеридан қочқинларни жойлаштириш ғоясидан воз кечишга чақиради.

Хабарда айтилишича, Бангладеш ҳукумати ноябрь ойининг охирига қадар 300-400 аракаликларнинг биринчи партиясини оролга кўчиришни режалаштирмоқда ва уларга нисбатан турли босимлар ўтказмоқда.

Халқаро Амнистия эса қочқинларни жойлаштириш жараёнида шаффофлик зарурлигини таъкидлаяпти.

Мянма шимолидаги Аракан вилоятида мусулмонларга қарши ҳужумлар «қуролли жангариларга қарши кураш» баҳонасида 2017 йил 25 августда кучайган. Минтақадаги гуманитар вазият тобора кескин ёмонлашиб бормоқда.

1970 йиллардан бери Мянмадаги Роҳиня мусулмонлари мунтазам ҳужумлар ва этник тозалашларга дуч келмоқдалар. Икки миллионга етадиган Мянмадаги мусулмонларнинг 80 фоизгача қисми қўшни мамлакатларда, асосан Бангладешдан бошпана топган.