Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 20 ноябрь куни Қорақалпоғистон марказидаги кўп қаватли уйларнинг бирида ижарада яшаб келаётган Нукус давлат педагогика институтининг талабаси бўлган тўрт нафар қиз хонадонда ўрнатилган иситиш қозонхонаси қувуридан сизиб чиққан ис газидан заҳарланган.

Худди шу куни Янгийўл тумани «Қовунчи» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи бир оиланинг беш нафар аъзоси (ота-она, уч нафар вояга етмаган фарзанд) ҳам яшаб келган уйнинг ошхонасида ис газидан заҳарлангани айтилмоқда.

Заҳарланганларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Вафот этганлар ҳақида маълумот йўқ. Хабарда айтилишича, ҳар икки ҳолат бўйича (маҳаллий прокуратура органлари томонидан) терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.