Актриса Азиза Ёқубова коронавируснинг оғир кўринишига чалиниб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Effect.uz мухбири хабар берди.

Маълум бўлишича, актриса ўзида коронавирус инфекциясини ўтказиб юборган ва бунинг оқибатида коронавируснинг оғир кўриниши пневмонияга чалиниб, Тошкентдаги шифохоналарнинг бирига тез тиббий ёрдам машинаси ёрдамида олиб борилган.

 

Эслатиб ўтамиз, кеча Туркияда “Мендирман Жалолиддин” сериалида Ширин исмли қаҳрамон образини гавдалантираётган актриса Феруза Норматова қардош мамлакатда “коронавирусдан ҳам ёмонроқ” касалликни бошдан кечиргани ҳақида гапирган эди.

“Буни айтиш тўғрими, нотўғрими, билмадим. Туркияда жуда оғир пайтлар бўлди. Ота-онам, яқинларимдан бу қадар узоқ муддатга ҳеч қачон узоқлашмаганман. Шу пайтда Худойимнинг синови келди бошимга. Уйдагилар сиқилмасин, деб уларга айта олмайсиз. Instagram, бошқа жойларга қўя олмайсиз, ўзи ваҳима пайти, пандемия даври. Коронавирус бўлиб қолганим йўқ, ундан баттар бир дард келдики, ўша муддат энг қийин даврим десам, адашмаган бўламан.

Туркияда жуда яхши шифокорлар бор, шунчалик яхши даволашганки, Тошкентга келганимдан кейин тиббий кўрикдан ўтдим, асар ҳам қолмабди касалликдан. Шу даражада яхши даволашган. Лекин касалликни ўтказиб юбориш, ота-онангиз ва яқинларингиздан йироқда дардга сабр қилиш, ҳеч кимга айтмасдан шифохонада ёлғиз кезиш, бу жуда оғир бўлди. Ҳеч қачон шу ёшимга қадар шифохонада ётмагандим, лекин ўша ерда шунақа бўлиб қолди”, деган эди Норматова.

Маълумот учун, бир неча сериал ва кинофильмлардаги образлари билан танилган ёш актриса Азиза Ёқубова шу йилнинг 29 сентябрь куни иккинчи марта турмушга чиқди. Азиза Ёқубованинг 6 ёшли Ясмина исмли қиз фарзанди бор. Ясмина “Журналист” сериалида роль ижро этган.