Таъкидланишича, Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг январь—cентябрь ойлари давомида ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Унга кўра 163 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда 121 та чора-тадбирлар дастури ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган давлат дастури ижросини таъминлаш ва доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан ҳукуматда яхлит тизим яратилган. Кўрилган чоралар натижасида ҳисобот даврида хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 8,7 миллиард доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилган.

Ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 2 триллион 824 миллиард сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 1 триллион 211 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 2020 йил бюджетга қарийб 36,3 триллион сўмлик даромад тушган.

Шу кунгача давлат дастури доирасида жами 111 та ҳужжат қабул қилинган. Хусусан, 2 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 5 та қарори, Президентнинг 18 та фармони ва 20 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори ва фармойиши ҳамда 45 та чора-тадбирлар дастури қабул қилинган ва ўрнатилган тартибда ижроси назоратга олинган.

Мажлисда сенаторлар томонидан давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, айниқса, ижро муддати йил давомида белгиланган бандлар ижросига алоҳида эътибор қаратиш, дастурда белгиланган ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди. Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинган.

Facebook Comments