Ўзбекистон қўшни давлатда мобил шифохона барпо этиш учун Қирғиз Республикасига, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти кўмагида, ихтисослаштирилган шифохона контейнерларининг иккинчи партиясини етказиб берди.

Маълум бўлишича, 200 ўринга мўлжалланган 40 та шифохона контейнерлар  ортилган поезд «Бишкек-1» темир йўл станциясига етиб борган. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси в.б. Хасилов Х.Н. бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясини Қирғиз Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили К.Т.Шадихонов ва «Қирғиз темир жоли» давлат корхонаси бош директори Дашков В.А. кутиб олган.

Учрашув давомида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси в.б. Хасилов Х.Н. ҳамда «Қирғиз темир жоли» давлат корхонаси бош директори Дашков В.А. ўзаро ҳамкорлик ва икки давлат темир йўлларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан биродар қирғиз халқини қўллаб-қувватлаш акция тадбири доирасида Қирғизистонга 3000 тонна буғдой ва ихтисослаштирилган шифохоналарнинг битта партиясидан иборат гуманитар юкни юборган эди.