Туркиянинг коронавирус инфекциясига қарши яратган вакцинаси бутун дунё мамлакатларида мавжуд бўлади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған G20 саммити иштирокчилари билан бўлган видеоконференцияда маълум қилди.

Туркия давлати раҳбари пандемия даврида дунё ва асосан ривожланган мамлакатлар зарур бирдамлик ва ўзаро ёрдамни намойиш эта олмаганлигини таъкидлаган. Эрдўған шунингдек, бугунги кунга қадар Туркия G20га аъзо 15 мамлакатга беғараз ёрдам кўрсатиб келганини эслатди.

G20 платформаси барча учун вакциналардан арзон ва тенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш механизмларини тайёрлаши ва улардан фойдаланиши керак, дея қўшимча қилган Эрдўған.

Шунингдек, у Туркия Жаҳон Савдо Ташкилотининг асосий тамойиллари доирасида глобал иқтисодий ўсиш ва бойликларни тақсимлаш тарафдори эканлигини кўрсатиб ўтган.

Маълумот учун, Туркияда ҳозиргача коронавирус инфекциясига чалинган жами 367 592 бемор тузалиб, шифохоналардан чиқарилган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлики маълумотларига кўра, ўтган бир кун ичида Туркияда коронавируснинг янги туридан (Covid-19) яна 141 ўлим тасдиқланган ва касаллик қурбонларининг умумий сони 12 084 нафарга этган.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, коронавирус инфекциясининг умумий рўйхатга олинган сони 435 273 тани ташкил этган, чунки яна 5103 кишида вирус аниқланган. Пандемия 2019 йил декабрь ойи охирида Хитойнинг марказий қисми Хубей провинцияси Ухан шаҳрида келиб чиқиши номаълум бўлган пневмониянинг дастлабки ҳолатларини аниқлаш билан бошланди.

2019 йил 31 декабрда Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) касаллик ҳақида хабар берди. 30 январь куни ЖССТ коронавируснинг янги тарқалишини халқаро соғлиқни сақлаш учун фавқулодда вазият деб тан олди. 2020 йил 11 февралда касаллик янги коронавирус касаллиги (Covid-19) деб номланди.

Ўхшаш хабар: Туркия пандемиянинг иккинчи тўлқинига тайёрми? Эрдўған сўзга чиқди (видео)