Бугун, 21 ноябрь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкент шаҳри туман халқ таълими бўлими раҳбарлари ҳамда барча мактаб директорлари билан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг пойтахтда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан мулоқотида берилган вазифалар муҳокама этилган.

Давлат раҳбари куни кеча бўлган йиғилишди тиббиёт ва таълим – давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўприги эканлигини, агар ушбу тизимлар тўғриланса, адолат таъминланиб, халқимиз рози бўлиши ва Тошкент бунда намуна бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.

Халқ таълими вазири бугун Тошкент шаҳри мактабларида бошқа ҳудудлардагига нисбатан яхшироқ шароитлар яратилганига қарамай уларда олий таълим муассасаларига кириш бўйича ўртача кўрсаткич пастлигини, хусусан 116 та мактабда 10 фоиздан, 152 та мактабда 20 фоиздан кам эканлигини қайд этди.

Айниқса, таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда таълим сифатини ошириш ва битирувчиларнинг келажакда муваффақиятга эришишига йўналтириш муҳимлиги таъкидланган.

Танқидий руҳда кечган йиғилишда пойтахт мактабларидаги аҳволни тубдан яхшилаш вазифалари қўйилиб, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасига Козимжон Ҳасанов раҳбар этиб тайинланди.

Маълумот учун, Козимжон Ҳасанов 1978 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

У Бирлашган Миллатлар ташкилоти тараққиёт дастури -ўқув ишлари координатори, Тошкент Халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махус, касб-ҳунар таълими маркази ва қатор хусусий мактабларда раҳбар лавозимларида фаолият юритган.