Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев тез кунларда ўз ўрнини янги ҳокимга бўшатиб бериши мумкин. Бу ҳақда Effect.uz’нинг ишончли манбалари хабар берди.

Айтилишича, Президент Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан ҳокимлик лавозимига тайинланган Эргаш Солиев сўнгги ойларда вилоятда қониқарли ишларни амалга ошира олмаган. Унинг истеъфоси сабаби ҳам айнан шу бўлиши мумкин.

Маълумки, Ўзбекистонда сўнгги ойларда вилоят ҳокимларининг тез-тез алмашинуви кузатилмоқда. Жумладан, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Бош вазир ўринбосари лавозимига кўтарилиши, Наманган ҳокими Хайрулла Бозоровнинг  Фарғонага тайинланиши, шунингдек, Шуҳрат Абдураззоқовнинг Наманганда вилоят ҳокими вазифасида иш бошлаши гапимизнинг яққол исботи ҳисобланади.

Бундан ташқари, вафот этган Карим Камолов ўрнида Ботир Зарипов иш бошлади, коронавирус оқибатларидан бандаликни бажо келтирган Муса Ерниязов ўрнида эса Мурат Камолов фаолиятини давом эттирмоқда.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг эса сўнгги кунларда интернетда турли ҳил ҳақоратли сўзлари тарқалди, ҳоким бунинг учун Халқ олдида ҳеч қандай кечирим сўрамади.

Маълумот учун, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев 2018 йилнинг 18 март куни Шавкат Мирзиёев фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-модда 15-банди ва 102-моддасига ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг қарорига мувофиқ Жиззах вилояти ҳокими лавозимига тайинланган эди. Солиевнинг бошқа ишга ўтиши ёки унинг ўрнига ким ҳоким бўлиб тайинланиши ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.