«Мактаб ва боғчаларда Жинсий тарбия ҳақидаги дарслар ўтилади» дегандан сўнг Олий мажлис сенати раиси Танзила Норбоевага тош отиш бошланди.

Ҳурматли домламиз «жинсий эмас диний таълим» дедилар. Биз имомларимиз, домлаларимизнинг билимларига шубҳа қилмайман. Уларни ёмон дейишдан йироқмиз.

Агар бирон янгилик чиқса, умуман Instagram, Tiktok, Facebook, Twitter, Vkontakte борингки шу каби ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларни эътиборини қаратган мавзу бўлса, комментарияларга кирсангиз оғзини тўлдириб сўкиб ёзади.

Кўчада тўхтатиб шаҳодат калимасини айтинг деса «Бисмиллоҳир Роҳманийр Роҳийм» дейди. Мен мусулмонман дейди. Алҳамдулиллаҳ мусулмонман деб айтишни билмайди. Зино қилади, қизларни йўлдан уриб уйланаман деб психологик манипуляция билан билганини қилади.

Сўрасангиз (Алҳамдулиллаҳ) Мусулмонман дейди. Астағфируллоҳ ана шундайлар энди «Жинсий тарбия ҳақидаги дарслар» деган сўзни эшитган жойида, бизга бу керакмас дейди. Биз мусулмонмиз-ку дейди. Энди эсига тушди Ўзбекистонни 80-90% мусулмон экани (шу қатори улар ҳам). Нега мусулмон бўлсангиз Ўзбекистонда бундай фаҳш ишлар, зинолар, турмуши бўла туриб, хиёнатлар кўп? Мен Мусулмонман деётганларни қилиб юрган ишини кўрсангиз ёқа ушлайсиз. Оғзи-ку тўла сўкиниш…

Орамизда Ислом динини мактабда ўқитилишига қарши эмаслар ҳам кўп албатта. Лекин, Ўзбекистон тўлиқ мусулмон давлат эмаслигини ҳамма яхши билади. Ўзбекистон – ИСЛОМ Республикаси деган номи йўқ. Мактабда бир синфда бошқа дин вакиллари, атеистлар бўлиши мумкин. Уларга ҳам мажбуран Исломни ўргата олмаймиз. Исломда ҳам «Бизда мажбурлаш йўқ» дейилган

Конституцияга кўра, «ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга» (31-модда). Агар Исломни мажбуран ўргатсак бу қонунга зид. Бунга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик мавжуд.

Нега энди Диний таълим йўқ, лекин жинсий тарбия дарслари жорий этилади?

■ Боғчаларда ёшига мослаб, мактабда ва олий ўқув даргоҳларида ҳам ёшига мослаб дарслар ўтказилади дейилди. Демак боғча боласига «Болалар қаердан келиши»ни осмондан тушиб айтилмайди.

■ Жинсий тарбия дарслари фақатгина турмуш ўртоқлар орасидаги «ётоқдаги» муносабатдан иборат эмас. Ким шу фикрда бўлса демак, унинг ўзи бу ҳақда нормал билимга эга эмас.

■ Бу дарслар дунёда Ислом дини борлиги, ва унга эътиқод қилишни инкор этмайди. Нега энди жинсий тарбия билимлари учун Исломга душмандек қараяпмиз?

Сизларга ушбу мавзудаги таълимга оид ёзилган эски китобдан бир мисол келтирамиз. Бу ҳам «Эр ва Хотинларга» («Молодым супругам») деб номланган китоб. (Муаллиф Наум Моисеэвич Ходаков Ўзбек тилига таржима Р. Авазов. Ибн Сино номидаги нашриёт 1990 йил). Унда ичиш ва чекишни жинсий ҳаётга зарарли таъсири, саёқ юриш оқибатида орттирилган ЗАХМ касаллиги каби оқибатлари, оила муҳитида яшаш, ҳиссиётларни бошқариш каби бўлимлари бор. Интим мавзу фақат битта бўлимда(!)

Бу китоб жинсий тарбияга оид бўлса ҳам, зинони тарғиб қилмаяпти. Беникоҳ енгилтак ҳаётга ҳатто қарши гапирилган. Нега энди биз бу ҳақда нотўғри тушунчага эгамиз?

Чунки Жинсий тарбия деганда фақат тор фикрлаб қоляпмиз.

Бир ҳаётий воқеа: Терапевт ҳузурида 25 ёшлардаги аёл, қўлида 2 ойлар атрофидаги жажжи чақалоқ, олдида 1 ёш яна боласи ва қорнида ҳам боласи бор. 3 йил ичида 3 фарзанд. Онани ўзи ранги ўчган, озиб кетган кучсиз ҳатто гапиришлари ҳам бежон. «Болани олдирамиз ҳаётингиз хавфда, она ўлими бизга керак эмас, сизга биз жавоб берамиз, индамадинг дейишади, кейин сиз болаларингизга кераксиз ахир» деса, бу катта гуноҳ, ўлсам ўламан болани олдирмайман деди. Исломда бу гуноҳлигини билган, Исломни (озми-кўпми) тушунган аёл шундай деяпти. Доктор у деди бу деди охири сақлансангиз бўлмайдими деди. Ие, бунақасиям бўлар эканми(!) Ҳайрон аёл. Доктор асабийлашди, «турмушга тайёр бўлмасдан эрга чиқишнинг оқибати» секин айтиб жим бўлди…

Шу пайтгача бу борадаги билимсизликдан келиб чиққан касалликлар, беникоҳ болалар, биринчи кечада« Тубанлик» фильмидаги 15 ёшли қиз аҳволида касалхонага келтирилган ва ҳатто жон берган қизлар, зўрланишлар, тажовузлар ва тажовузни кўтара олмай ўз жонига қасд қилган қизлар ҳеч нимани англатмайдими? Автобус ҳайдовчиларини иш жойида порнографик видеолар томоша қилиб руль бошқараётгани, такси ҳайдовчилари ёлғиз аёл йўловчиларга тегажоғлик қилишлари, билимсизликдан бўлмаса унда нимадан?

Нега айнан мен қиз бола бўла туриб бу дарсларга тарафдорман? Чунки Жинсий тарбия борасидаги билимсизликдан асосан қизлар азият чекяпти. Шунинг учун эркаклар бунга қарши кўпчилик тарафдор қизлар индамаяпти чунки, «уят» бўлади.

Факт шуки, ҳар бир ота ўғлига ва ҳар бир она қизига жинсий тарбия ҳақида сабоқ бермаяпти. Улар турли сайтлар, видеолардан кўриб тўғри-нотўғри нарсалар ўрганяпти.

Буларнинг ҳаммаси Диний илмсизлик оқибатларими?

Ҳа шундай, Динни ўргатиш ота-онага фарз ўргатсин ота-оналар болаларига. Мактабига юборинг ўргатсин деб айтилмаган Исломда. Мактабда Ислом дарслари бўлишига қарши эмасман. Лекин шунча илмни савобини бировга бериб қўясизларми? Ўзингиз ўрганинг ва ўргатинг сизга савоби бўлсин.

Керакли жойда ҳаё, уят каби хислатлар бўлиши керак. Улар инсоният табиатига жуда ярашадиган нарсалар. Лекин, баъзи жойда «уят» деб қизлар ўзларига педофиллар тажовузини, инсест (инсест) қариндошларининг тажовузини айта олмайди. Яширишади, катта психологик травма олишади. Керакли жойда «уят»га эмас, «Ҳақиқат»га қараш вақти келди!

Хуллас «диний тарбиями ё жинсий тарбиями?» Жавоб иккаласи ҳам бизга зарур…

Моҳинур Саидова

Ўхшаш мақолалар: Ўзбекистон мактабларига жинсий тарбия дарслари керакми?