“Мендирман Жалолиддин” сериалида иштирок этган актриса Феруза Норматова Туркияда «коронавирусдан ҳам ёмонроқ» касалликни бошдан кечиргани ҳақида сўзлади.

Буни айтиш тўғрими, нотўғрими, билмадим. Туркияда, албатта, жуда оғир пайтлар бўлди. Ота-онам, яқинларимдан бу қадар узоқ муддатга ҳеч қачон узоқлашмаганман. Шу пайтда Худойимнинг синови келди бошимга. Уйдагилар сиқилмасин, деб уларга айта олмайсиз. Инстаграм, бошқа жойларга қўя олмайсиз, ўзи ваҳима пайти, пандемия даври.

Коронавирус бўлиб қолганим йўқ, ундан баттар бир дард келдики, шуни ўтказиб юбориш муддати энг қийин даврим десам, адашмаган бўламан. Туркияда жуда яхши шифокорлар бор, шунчалик яхши даволашганки, Тошкентга келганимдан кейин тиббий кўрикдан ўтдим, касалликдан асар ҳам қолмабди. Шу даражада яхши даволашган. Лекин касалликни ўтказиб юбориш, ота-онангиз ва яқинларингиздан йироқда дардга сабр қилиш, ҳеч кимга айтмасдан шифохонада ёлғиз кезиш, бу жуда оғир бўлди. Ҳеч қачон шу ёшимга қадар шифохонада ётмагандим, лекин ўша ерда шунақа бўлиб қолди. 

“Мендирман Жалолиддин” сериал лойиҳасининг бошида турган, Ўзбекистондан борган вакиллар мени ўзлари даволатишди, ҳамма жойга ўзлари югуришди. Даромад томондан ҳам, бошқа томондан ҳам улар ёрдам беришди. Шукрки, тезда тузалиб, шифохонадан чиқдим. Кейинчалик ота-онам Туркияга айланишга келди, ўша пайт нимадир бўлдию, сирим очилиб қолди. Улар ҳайрон бўлиб, мени қучоқлаб: «Шунақа нарсани бошингдан ўтказиб, бизга нега айтмадинг?, дейишди. Шукр, ўзимизнинг актёрлар, яқинларимиз, Ўзбекистондан борган вакиллар, ёрдамида тузалдим”.