Аввалроқ Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган иссиқлик электр станциясида фавқулодда ўчиш содир бўлгани тўғрисида хабар берган эдик.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати 20 ноябрь куни соат 15-51да “Тўрақўрғон ИЭС”нинг 2 та энергоблоки авариявий тўхтагани сабаб мазкур станция орқали энерготизимга етказиб берилаётган қувват 600 МВтга камайганини маълум қилди.

Камайиш оқибатида водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида автоматик равишда чекловлар киритилди. Оператив тарзда ўтказилган ўрганишларга кўра, авариявий тўхташ 2-энергоблокининг юқори босимли барабанидаги ўлчов датчикларининг импульс линияси музлаб қолиши ва бунинг оқибатида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида рўй берган. 1-энергоблок эса частотанинг пасайиши натижасида тўхтаган.

Ушбу қувват етишмовчилигини қоплаш учун “Тахиатош ИЭС”да қуввати 280 МВт бўлган 1-энергоблок соат 16-30да ишга туширилди. Ҳозирда 30 МВт қувватда ишламоқда. Соат 22-00га қадар 200 МВт қувватга чиқарилади.

“Толимаржон ИЭС”да қуввати 450 МВт бўлган 2-энергоблокнинг газ турбинаси соат 16-11 да ишга туширилди. Ҳозирда 300 МВт тўлиқ қувватда ишламоқда. Ҳозирда “Тўрақўрғон ИЭС”да музлаган ҳимоя датчикларини созлаш ишлари бажарилиб, 2-энергоблок соат 17-50 да тизимга уланган. Айни пайтда 150 МВт қувват бермоқда.

Бугун соат 19:00 га қадар қуввати 250 МВтга чиқарилади. 1-энергоблок бугун соат 19-30 гача ишга туширилиб, тизимга 200 МВт қувват беради. Натижада бугун соат 21:00 га қадар ушбу энергоблокларда 700 МВт қувватга етади.

Шунингдек, электр таъминотидаги узилиш сабабли Зирабулоқ компрессор станциясида бугун соат 15-45 да 4 та ва 15-55 да Ғаллаорол компрессор станциясида 4 та газ ҳайдаш агрегатларининг вақтинча тўхташи рўй берди. Соат 16-35 га қадар электр таъминоти тикланиб, компрессор станциялари штат режимда ишлашга ўтган.