Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати 2020 йил 30 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Ногирон қизимни зўрлаб ташлади, ҳеч ким қарамади” сарлавҳаси билан тарқалган фуқаронинг видеомурожаати бўйича вазиятга ойдинлик киритди.

Қайд этилишича, ушбу видеомурожаатда акс этган ҳолатлар бўйича олиб борилган ўрганишларга кўра, 2020 йил 26 сентябрь куни Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро К.И туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида қўшниси Ю.Ф  вояга етмаган қизи М.А  билан 3-4 ойдан буён жинсий алоқада бўлиб, унга нисбатан уятсиз, бузуқ ҳаракатлар содир этганлигини маълум қилган ва  Ю.Ф.га нисбатан қонуний чора кўриб беришни сўраган.

Ушбу мурожаат шу куни Пахтаобод тумани ИИБ навбатчилик қисми томонидан рўйхатдан ўтказилиб,туман тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Тергов ҳаракатлари жараёнида судга оид тиббий,физика-техника ва психиатрия экспертизалари ўтказилган. Текширув ҳаракатлари якунига кўра фуқаро Ю.Ф вояга етмаган М.А билан 2018 йилдан буён, унинг 16 ёшга тўлмаганлигини англаган ҳолда жинсий алоқа қилиб келганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 04 ноябрь куни фуқаро Ю.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб,ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.