Олий мажлис сенати раиси Танзила Нарбаева 12 ноябрь куни Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг фаолияти, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалалари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида аёллар билан содир бўлаётган салбий ҳолатларга ўз муносабатини билдирди.

Жумладан, Нарбаева Самарқандда эри томонидан памперс едирилган аёл, вояга етмаган қизнинг машҳур хонанда Ж.У томонидан зўрланиши, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамалиши, Наманганда МИБ ходимлари кўз олдида ўзига ўт қўйган аёл Гуландон Дедабоева ва ниҳоят Гулнора Каримова ҳақида ўз фикрларини билдирди. Сенат раисига ушбу саволлар билан Effect.uz мухбири Акмал Эшонхонов юзланди.

Акмал Эшонхонов: Биз айрим салбий воқеаларни интернет орқали эшитиб, биляпмиз. Аммо бундай ҳолатлар Ўзбекистонда деярли ҳар куни учрайди. Бироқ ҳозирда Гендер тенглики ҳақида гапиряпмиз, бундай салбий ҳолатларга қарши қандай чоралар кўрилмоқда? Умуман келажакда бу каби ҳолатлар содир бўлмаслигини олдини-олиш учун нималар қилиняпти?

Олий мажлис сенати Раиси Танзила Нарбаева: Суд Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан бирданига қамоқ жазосини тайинлади. Аёлни ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан эмас, биз ўзбекистонлик ҳамма аёлларни ҳимоя қилишга тайёрмиз. Бироқ ҳақиқаттан жиноят содир қилган бўлса, у ким бўлишидан қатъий назар жавоб бериши керак бўлади. Лекин олдинги чора сифатида фикримизни билдирган эдик. Прокуратура ишни қайта кўриб чиқди ва натижада Гулжаҳон Йўлдошева озодликка чиқди. Лекин бу жараёнда суд негадир четда қолиб кетди. Аслида бу иш суднинг қарори бўйича бўлган. Аммо прокуратура мурожаати билан бу аёл судгача озод этилди.

Наманганда ўзини ёққан аёл масаласига келадиган бўлсак, бу ерда мажбурий ижро бюроси (МИБ) нинг тўлиқ айби бор. Шундан сўнг Бош прокурор билан мулоқот ўтказдим, чунки МИБ бевосита прокуратурага бўйсунади. Мисол учун, аёл бу ҳолатда ноҳақ бўлиши мумкин, ҳақиқатда ҳолат нотўғри тасвирланган бўлиши эҳтимоли бор. Лекин унинг тагида минг-минг сабаблар бор. Бу ҳолатда аёлнинг яшаётган уйига қарорлар чиқариб берган ташкилотлар бор, кадастр деган ташкилот бор, албатта ҳокимият ва ҳоказо. Буларнинг ҳаммасини айби мана шу воқеа билан тамом бўлди. Яъни қуйи бўғиндагиларнинг айби тўлиқ мавжуд. Шунинг учун биринчи навбатда ҳуқуқ амалиёти дейиляпти, ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтиришимиз керак. Ҳуқуқий маданиятни оширишимиз зарур. Кейинги масалада масъулият турибди.

Каттақўрғон шаҳрида Зуҳра Насриддинова исмли фуқаро яшайди, у МИБдан норози бўлиб, ижтимоий тармоқларда мунтазам чиқиш қилади. Шахсан ўзим унинг уйига икки марта бордим. МИБ унинг уйига бориб, таълабни қаттиқ қўйганидан ўзини ёқиб юборишга мажбур бўлган. Ҳозирда юзи жуда ҳам куйиб, аёллик гўзаллигидан ҳам маҳрум бўлган. Шу аёлга 100 миллионга яқин пулини ундуртириб бердик, яъни етказилган зарар миқдори ундирилди. Энди у аёлни иш билан таъминлаш тўғрисида топшириғ берганмиз, у аёл ишламоқчи. Масалан, Ички ишлар ёки бошқа ташкилот ходимлари тазйиқларга беписанд қараётгани каби Мажбурий ижро бюроси ҳам ишини бир ёки икки кун кейин амалга оширсин…

Наманганлик аёл ҳолати жуда ҳам асабийлашган бўлса, кўплаб фуқароларнинг руҳий ҳолати ҳар-хил бўлади. Стресс ҳолатида балки бошқача чора кўрилганда, докторни чақириб, ёрдамлашиб, ўз ҳолига келтириб олгач, кейин ўша идоралар бир йиғилиб қарорни қайта кўриб чиқибми, уни чуқур таҳлил қилиб, чора кўриши таълаб этилади. Ўйлайманки, ўзини ёқиб юборган аёлнинг вафотига унинг атрофидаги идораларнинг барчаси айбдор ҳисобланади. Шу сабабдан ҳуқуқ амалиётининг тарғибот ишларини кўпайтириб, масъулиятни оширишимиз керак ва айбдорлиги бўлган мансабдорар шахсларга тегишли чорани кўриш ҳам шарт деб ўйлайман.

Гулнора Каримованинг тақдири ҳақида: Буларнинг ҳаммаси айтилганидек миш-мишлар, асослантирилмаган фактлар. Ҳозир у Зангиотадаги махсус колонияда суд белгилаган жазони ўтамоқда.

Олий мажлис сенати раиси шу онда сўзни ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Умида Абдуллаевага бурди:

Интердаги миш-мишларга асос йўқ, ўз жонига қасд қилди ёки бошқа бир вазият содир бўлмаган. Хуллас бу асоссиз хабарлар. Ҳозирда суд томонидан жазо белгиланган ва шу жазо муддатини ўтиб келяпти.

Акмал Эшонхонов: Гулнора Каримовага тайинланган жазо муддатининг аниқ санаси борми?

Танзила Нарбаева: Жазони ўташнинг муддати бор, бу Умида Абдуллаеванинг эсида бўлмаслиги мумкин.

Умида Абдуллаева: Айнан сизнинг саволингиз бўйича ушбу қарорни кўтариб, сизга алоҳида маълумот беришим мумкин.

Танзила Нарбаева: Лекин аёл сифатида қандай баҳо берасиз десангиз, Гендер тенглиги масаласида гап кетаётган бўлса ҳам, аёлми, эркакми жиноят қилса, тенг жавоб бериши керак.

Олий мажлис сенати раиси памперс едирилган аёл ва машҳур хонанда томонидан вояга етмаган қизнинг зўрланиши ҳақидаги саволларга негадир жавоб бермади.

ГУЛНОРА КАРИМОВАНИНГ МАВХУМ ТАҚДИРИ

Швейцария ҳукумати Гулнора Каримовага тааллуқли 131 миллион долларни маълум шартлар билан Ўзбекистонга қайтаришга розилик берди. Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тааллуқли бўлган ҳисоб-рақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берган. Икки мамлакат ўртасида имзоланган келишувда бу ҳақда сўз боради.

Швейцария ҳукумати баёнотида айтилишича, Ўзбекистон қайтарилган активларни аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак. Бундан ташқари, ушбу маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.

“Гулнора Каримовага тааллуқли яна 715 миллион долларлик маблағ музлатиб қўйилган. Ҳозирча бу маблағлар Каримовага нисбатан жиноий иш кетаётганлиги учун ушлаб турилади. Мабодо ушбу маблағлар берилган тақдирда ҳам юқоридаги шартлар асосидагина Ўзбекистонга қайтарилади”.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни 2020 йил 18 март куни ниҳоясига етган бўлиб, у 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.

Олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм ва 165 миллион долларни ташкил этган.

Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2020 йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган.

Июнь ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.

ГУЛЖАҲОН ЙЎЛДОШЕВА ИШИ

7 октябрь куни Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева уй қамоғига ўтказилди.

Бош прокуратура томонидан маълум қилинишича, 2020 йил 10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва COVID-19 ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий касалликлар диспансерига ўтказилганлигини билдирган. Ф.Рустамов 2 август куни соғлиғи ёмонлашиб, вафот этган. Шу сабабли унинг қариндоши айбдор шахсларга қонуний чора кўрилишини сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлишига сабаб бўлган касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик ҳолати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан, юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори ушбу беморни оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилишига йўл қўйган.

Шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор COVID-19 касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбири давомида жами 100 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинганлиги аниқланган.

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан, узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутахассислари томонидан 2020 йилнинг 28, 29 август ҳамда 3, 4 ва 8 сентябрь кунлари ўрганиш учун шифохонага кирмоқчи бўлганида юқумли касалликлар шифохонаси ишчилари Гулжаҳон Йўлдошеванинг телефонда берган топшириғига асосан мутахассисларни шифохона ҳудудига киритмасдан, ўрганишга тўсқинлик қилган. Бу ҳақда далолатномалар расмийлаштирилган.

2020 йил 8 сентябрь куни шифохона бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» (одам ўлишига сабаб бўлган мансабга совуққонлик билан қараш) банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.

“Айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилган Бош прокуратура баёнотида.

Таъкидланишича, жиноят иши бўйича Гулжаҳон Йўлдошеванинг конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиб, у ҳимоячи билан таъминланган, унга нисбатан олиб борилаётган барча тергов ҳаракатлари бевосита ҳимоячиси иштирокида амалга оширилмоқда.

Маълум қилинишича, Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 9 сентябрь куни Чирчиқ шаҳар халқ таълими бўлимига Гулжаҳон Йўлдошеванинг қарамоғидаги олти нафар вояга етмаган фарзандини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

“Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева аёл эканлиги, шунингдек, олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси эканлиги инобатга олиниб, Бош прокурорнинг ташаббуси билан унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириш юзасидан Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан судга тегишли илтимоснома юборилди ва суд томонидан прокурор илтимосномаси қаноатлантирилди”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, эҳтиёт чораси ўзгартирилгани Гулжаҳон Йўлдошевадан барча айбловлар олиб ташланди, дегани эмас.

Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Натижаси бўйича тегишли айблов хулосаси билан жиноят иши суд муҳокамасига юборилади ҳамда мазкур жиноят иши юзасидан якуний қарор суд томонидан белгиланади. Жиноятга жазо муқаррарлиги тамойили тўлиқ таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 2 октябрь куни Гулжаҳон Йўлдошевага қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдириб, унинг аёл киши эканлиги ва кичкина боласи борлигини эътиборга олиб, ҳозирча қамоққа олмаслик мумкинлигини айтганди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Гулжаҳон Йўлдошева билан 3 октябрь куни Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм (МПМ) доирасида суҳбат ташкил этилгани, вазирлик Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамоққа олинганидан ташвишдалигини билдирганди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи — Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева 5 октябрь куни вилоят бош инфекционисти билан боғлиқ ишни кузатиб бораётганини маълум қилди ҳамда прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб чиқди.

Бош прокуратура 6 октябрь куни Гулжаҳон Йўлдошевага қўлланилган ҳибсга олиш тўғрисидаги эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш масаласи Чирчиқ прокуратураси томонидан кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса Бош прокуратура мазкур иш бўйича қамоққа олиш эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилиши кутилаётганини маълум қилиб бўлганидан кейин прокуратура идораларидан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан бошқа эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқишни сўраган эди.

НАМАНГАНДА МИБ ХОДИМЛАРИ КЎЗ ОЛДИДА ЎЗИНИ ЁҚҚАН ГУЛАНДОН ДЕДАБАЕВА ВАФОТИ

Наманган шаҳрида истиқомат қилган 35 ёшли аёл 29 сентябрь куни ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, марҳум икки ярим йил муқаддам сотиб олинган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини билдирган. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, воқеаси юзасидан жиноий иш очилган.

“Ижтимоий тармоқларда Наманганда мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйган аёл ҳалок бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Эслатиб ўтамиз, аёл 30 сентябрь куни танасининг 80 фоиздан ортиқ куйиш тан жароҳати натижасида Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Наманган филиалида вафот этган.

 

Маълум қилинишича, аёл фирибгарлик қурбони бўлган – унинг онасига уйни 13 минг долларга алдаб сотган аёлга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган, уйнинг асл эгаси эса мулк ўзига қайтарилиши учун судга мурожаат қилган. Суд ундирувчи фойдасига жавобгар ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳридаги хонадонлардан биридан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.

Уйни ўз ихтиёри билан бўшатишни ҳоҳламаган аёл ва унинг онаси томонидан суд ижро ҳаракатларини амалга оширишга фаол қаршилик кўрсатилган. Айни ўша вақтда ижро ҳужжати талабини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида 1985 йилда туғилган Д.Г. ўзига бензин сепиб, ёқиб ҳалок бўлган.

МИБ Наманган шаҳар бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра ундирувчи А.Ж. фойдасига жавобгар – марҳуманинг онаси Муҳаббат Дадабоева ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳридаги хонадонлардан биридан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.

«Масъул ходимлар Мажбурий ижро органлари суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлайди ва буни муҳокама қилмайди, лекин доим қарздорларга суд қарорини ихтиёрий бажариши учун ва ҳақиқий аҳволдан келиб чиқиб, инсонпарварлик нуқтаи назаридан ёндашиб келинишини таъкидладилар.

Қарздор Муҳаббат Дадабоеванинг уйдан чиқиш ижро иши бўйича ижро ҳаракатлари жами турли сабаблар билан 3 марта тўхтатилган, қолаверса ижро иши Бюронинг Наманган шаҳар бўлимига 2019 йил ноябрь ойида келган бўлиб, давлат ижрочилари 3 маротаба қарздорнинг уйига бориб, ўз ихтиёри билан суд қарорини бажаришга ундаб келган.

Бу каби суд қарорлари бўйича кимдир қарздор, иккинчи томон эса, ундирувчи бўлади. Ушбу ижро иши бўйича ҳам ундирувчи А.Ж. томонидан суд қарори ижроси таъминланмаётгани ҳақида кўплаб эътирозлар ва бир нечта шикоят аризалари билдирилиб, турли шаклда 30 дан ортиқ мурожаат қилинган», — дейилади МИБ матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотда.

 

Бу масала бўйича Сенат раиси Танзила Нарбаева бундан аввал ҳам ўз муносабатини билдирган.

“Бу ҳолатни мен мутлақо қоралайман. Балким бу ўринда аёл қайсидир маънода ноҳақдир, Мажбурий ижро бюроси тўғри талабни қўйгандир. Лекин шунда ҳам аёлнинг ҳолатини тушуниш мумкин эди. Оддий гаплашганда ҳам кимдир чарчаб қолган, кимдир асабийлашган, кимдир ўзини тутолмаётганини сезиш мумкин. Бу ҳам айб эмас, унинг саломатлигида қандайдир муаммо кузатилаётган бўлиши мумкин.

Мана шундай ҳолатда Мажбурий ижро бюроси ўзининг ички қарори билан ижрони маълум бир муддат кейинроққа суриши, аёл ўзига келгач, яқинлари орқали тушунтириб, сўнгра яна шуғулланиши мумкин эди. Бу ҳолатда Мажбурий ижро бюросининг ҳам хатоси бор, деган хулосага келдим”, деган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида қилган чиқишида.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов 6 октябрь куни марҳума яшаган уйга борди. Шавкатжон Абдураззақов Наманган шаҳридаги “Истиқбол” маҳалласида бўлиб, марҳума Гуландом Дадабоеванинг яқинларига таъзия билдирди. Унинг 15 ва 12 яшар ўғиллари муносиб шароитларда вояга етишларида ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлади.

“Мазкур ҳолат бўйича ҳозирда прокуратура идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларнинг натижаси бўйича вазиятга қонуний, ҳуқуқий баҳо берилади ва бу ҳақда, албатта, жамоатчиликка маълум қилинади”, деди вилоят ҳокими.

3 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилоят бошқармасида брифинг бўлиб ўтади. Брифингда 29 сентябрь кунги ижро ҳаракатлари давомида марҳума Гуландом Дадабоеванинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ масалалар ҳақида сўз борган. Тадбирда бюронинг Наманган вилоят бошқармаси ва шаҳар бўлими Наманган шаҳар ИИБ, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари, электрон нашрлар вакили иштирок этган.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқлар ва жамоатчилик эътиборида бўлди. Воқеани кузатиб борганлар уйдан чиқиши лозим бўлган марҳуманинг онаси Муҳаббат Дадабоеванинг фойдасига қарздор Ф.Насриддиновадан 13 минг АҚШ долларига тенг 131 миллион 991 минг сўмни ундириш тўғрисидаги ҳужжат ижроси ҳозирда таъминланмаётганлиги ҳақида айтиб ўтилган эди», – деган брифингда иштирок этган расмийлар. Брифингда МИБ Наманган вилояти ва шаҳар бўлими масъуллари ҳодиса юзасидан изоҳ берган.

“Масъул ходимлар ушбу воқеа ташвишли ҳолат бўлганлиги ва марҳума Гуландом Дадабоеванинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб ўтди. Ҳақиқатан ҳам, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2020 йил 9 июндаги ижро ҳужжатига асосан Ф.Насриддиновадан ундирувчи М.Дадабоева фойдасига 13 минг АҚШ долларига тенг бўлган қийматда 131 миллион 991 минг 470 сўм моддий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 27 июнда келиб тушган.

Қарздор Ф.Насриддинованинг эгалик ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида тегишли молия, кредит ва рўйхатдан ўтказувчи ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра, қарздорнинг номида ҳеч қандай мол-мулклар аниқланмаган.

Ҳозирда қарздор Ф.Насриддинова Наманган вилояти Олий ва ўрта-махсус таълим бошқармасига қарашли Наманган шаҳар “Гулбоғ” МФЙ ҳудудида жойлашган Наманган шаҳар 1-сонли Педагогика коллежининг ётоқхонасининг бир хонасида (қўшимча хонаси йўқ), олти нафар фарзанди билан биргаликда яшаётганлиги ҳамда яшаш эҳтиёжидан ортиқча бўлган мол-мулклар йўқлиги аниқланган.

Давлат ижрочиси томонидан белгиланган моддий зарар суммаларини тўлаш талаб этилиши бўйича оғзаки ва расман 18 августда огоҳлантирилиб, 28 августда ҳамда 12 сентябрда ҳолат юзасидан тушунтириш хати олинган.

Бундан ташқари, 2020 йил сентябрь ойи давомида қарздорнинг яшаш шароити яна ўрганилганда, ушбу ётқохонадаги фуқаро ва масъул ходимлар Ф.Насриддинова 2020 йилнинг февраль ойидан бери яшаётганлиги, турмуш ўртоғи йўқ, олти нафар фарзанднинг боқувчиси ўзи эканлигини, шароити оғирлиги сабабли, Ф.Насриддинова яшаётган хона эса М.Акрамованинг ўғли А.Валижоновга тегишли эканлиги, Ф.Насриддинованинг бошқа борадиган жойи йўқлиги учун М.Акрамова унга вақтинча яшаш учун рухсат берганлиги маълум бўлган.

Қарздор Ф.Насриддинованинг ётоқхонасида олинган ва эҳтиёжидан ортиқ мол-мулки йўқлиги ҳақидаги фотосуратлар ҳам мавжуд. Ҳолат бўйича холислар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган ва хонадон фотосуратга олинган ҳамда ижро иш ҳужжатларига қўшилган.

“Давлат ижрочисининг қонунчиликда йўл қўйиладиган барча ҳаракатлари натижасиз бўлганлиги сабабли ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш имкони бўлмаган. Шунга қарамасдан ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, дейилган МИБ матбуот хизматининг маълумотида.

САМАРҚАНДДА МАШҲУР ХОНАНДА ВОЯГА ЕТМАГАН ҚИЗНИНГ НОМУСИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛДИ

Ўзбекистоннинг машҳур хонандаси Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теккани, ИИБ эса хонандага нисбатан жиноий иш очишни рад этгани, Бош прокуратура қарор қонунийлиги текширилиши маълум қилинганди. Шундан сўнг Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича қўшимча текширув тайинлангани ҳақида хабар берганди.

Жабрланувчининг яқинларига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатларини Самарқанд вилоят ИИБ Тергов бошқармаси олиб бораётгани айтилмоқда.

– “Вазиятни прокуратура назоратга олгач Каттақўрғон туманига бориб, ҳодиса содир бўлган уй ИИБ вакиллари ҳамроҳлигида ўрганилди. 10 октябрь куни жиноят иши қўзғатилди. Шундан сўнг терговга чақиришди. Терговга Ж.У. ҳам чақирилганди, аммо ўша воқеа содир бўлган кунда хонанданинг ёнида турган икки шериги келди, холос. Истардикки, бу сафар тергов бир томонлама бўлиб қолмайди, холислик таъминланади”, дея маълум қилган қизнинг отаси.

– “Ҳақиқатан ҳам қиз ўша куни ўзининг зўрлангани ҳақида айтмоқда. Зўрлаш ва номусга тегиш аломатлари бўлгани сабабли жорий йилнинг 10 октябрида ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Инсон шаъни ва қадр-қиммати билан боғлиқ бўлгани сабабли терговнинг бошқа тафсилотлари ошкор қилинмайди. Тергов якунига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дея маълум қилган ички ишлар идораларидаги манба.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 118-моддасига кўра, номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш содир этилган жиноятнинг оғирлик даражасига қараб 3 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

ЭРИ ТОМОНИДАН ПАМПЕРС ЕДИРИЛГАН АЁЛ ВОҚЕАСИ

Самарқанд шаҳрида турмуш ўртоғига мажбурлаб памперс едирган эркак иши бўйича суд бошланди. Маълум бўлишича, 1985 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган Ш.К.нинг хотинига нисбатан қилган иши 2020 йилнинг 12 ноябрь куни Самарқанд шаҳар суди судьяси Зарифа Аҳмедова раислигида очиқ суд мажлисида кўриб чиқила бошланди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи Мустаҳкам исмли аёл

Суд аввалида айбланувчининг адвокати судда кўрилаётган иш оилавий масала бўлганлиги учун оммавий ахборот воситалари ва блогерлар судда иштирок этмаслигини сўраган. Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг ёритилганлиги ва муҳокама қилинганлиги учун судда ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокига қаршилик қилмаслигини билдирди. Унинг турмуш ўртоғи Ш.К. эса адвокатининг гапини маъқуллаб, судда журналист ва блогерлар иштирок этмаслигини сўраган. Тарафларнинг фикрини тинглаган судья жиноят ишини кўришда ОАВ ва блогерлар иштирокига рухсат берган.

Судда сўз олган айбланувчи Ш.К. ўзига қўйилган айбловнинг қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш (Жиноят кодексининг 105-моддаси) қисмини тан олиб, 103-модда (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) ва 110-модда (қийнаш) назарда тутилган жиноятларни содир этмаганлигини билдирган. Шунингдек, у ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳолат бўлганлигини тан олган.

Жабрланувчи М.Ваҳобова судга бўлиб ўтган ҳолатлар бўйича барча асослари борлигини, турмуш ўртоғи томонидан узоқ йиллар давомида турли тазйиқларга учраб келганлигини баён қилиб, айбланувчига қонуний жазо берилишини сўраган. Суд 2020 йил 18 ноябрь кунига қадар танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида эри томонидан аёвсиз калтакланаётгани акс этган аёл видеоси тарқалиб кетган эди. Маълум бўлишича, эр аёлни мунтазам хўрлаган ва мажбурлаб памперс едирган. Эркак турмуш ўртоғини ургани тасвирланган видео интернетда тарқалгач уйидан қочиб кетган. 23 август куни эркак Тошкентда қўлга олиниб, Самарқандга олиб кетилган. Кейинроқ Сенат мазкур аёл билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олган.