Олий мажлис сенати раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи айни вақтда Зангиотадаги махсус колонияда сақланаётган Гулнора Каримова ҳақида гапирди. Бу ҳақда Effect.uz мухбири Акмал Эшонхонов хабар берди.

Сенат раисининг айтишича, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган ҳар бир аёл ҳимояда бўлиб, уларга нисбатан қилинаётган ноҳақликлар давлат даражасида ҳисобланади.

“Биз нафақат Гулнора Каримова ундан ташқари барча аёлларнинг жамиятда гендер тенглики масаласини долзарб вазифага айлантиришга уруняпмиз. Бироқ бу борада аёлларга қилинаётган адолатсизликларни ҳеч қачон оқлай олмаймиз.

Фақат бир нарса аниқки ким жиноят қилган бўлса, у жинояти учун жазосини олиши шарт. Гулнора Каримованинг аҳволи яхши, у ҳақида ижтимоий тармоқларда сиздирилаётган миш-мишлар асосга эга эмас. Унинг аҳволи ҳақидаги батафсил маълумотни тегишли масъул ходимлар тақдим этишлари мумкин”, дейди Танзила Нарбаева.

 

Шундан сўнг журналист Акмал Эшонхонов бу ҳақидаги миш-мишларга якун ясалиши мақсадида саволга янада тўлиқроқ жавоб берилишини сўради. Шундан сўнг ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Умида Абдуллаева сўз олиб, жумладан, шундай деди.

“Гулнора Каримова айни вақтда Зангиотадаги махсус колонияда қилган жинояти учун жазосини олмоқда. Унинг ўз жонига суиқасд қилгани, ёки соғлиги ёмонлашгани борасидаги миш-мишлар ҳақиқатдан йироқ бўлиб, биз ОАВ ходимларига Каримованинг ҳозирдаги ҳолати бўйича аниқ маълумот берамиз”.

Умида Абдуллаева

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳисоб-рақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик бергани ҳақида хабар берилган эди.

Швейцария ҳукумати баёнотида айтилишича, Ўзбекистон қайтарилган активларни аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак бўлади. Бундан ташқари, ушбу маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.

Гулнора Каримовага тааллуқли яна 715 млн долларлик маблағлар музлатиб қўйилган. Ҳозирча бу маблағлар Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш кетаётгани учун ушлаб турилади. Ушбу маблағлар ҳам фақат юқоридаги каби шартлар асосидагина Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин.

Гулнора Каримова 2015-2020 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий жиноятлар учун уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йилу 4 ой қамоқ жазоси тайинланган. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

2020 йил майида Ўзбекистон ҳукумати Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активларни қайтариб олганди.  Бош прокуратура Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирганди.

Июнь ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.