1932 йилда АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловида мамлакат тарихида энг машҳур президент сифатида ном қолдирган Демократлар партияси номзоди Франклин Рузвельт ғалаба қозонди. АҚШ Конституциясига кўра, бир киши кетма-кет уч марта президент этиб сайланиши мумкин эмаслигини яхши биласиз. Аммо давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб, Рузвельт учун Конституциянинг бу талабини бузишга тўғри келди. У бир эмас, икки эмас, нақ тўрт марта кетма-кет президентликка сайланган.

Рузвельтнинг «АҚШни иқтисодий инқироздан қутқариш ва унинг буюклигини сақлаб қолишнинг ҳар томонлама пухта ишланган режаси»ни ярата олгани ва буни амалга татбиқ қилгани «Франклин Рузвельтнинг янги йўли» номи билан тарихга кирди. Янги йўл — америка иқтисодиётида кенг миқёсли ислоҳотлар ўтказиш йўли ҳисобланарди. Бу йўлнинг устувор вазифаси ишлаб чиқариш воситаларига хусусий мулкчиликни тўлиқ сақлаб қолган ҳолда давлат бошқарувини иқтисодиётга ва ижтимоий муносабатларга кенг жорий этиш ҳисобланарди. Рузвельтнинг «янги йўли» бўйича давлат мамлакат иқтисодиётини бошқаришга фаол аралашиши керак эди.

Меҳнат ҳуқуқи жиддий равишда қайта кўриб чиқилди. Ишсизликка қарши кураш учун катта миқдорда маблағ ажратилди. Пенсия, нафақа, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимларини такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Рузвельт ишни биринчи навбатда банкларни сақлаб қолишдан бошлади. Шу мақсадда «Фавқулоддаги банклар» қонуни қабул қилинди. Унга кўра, фақат энг йирик банкларга давлат қарзи олишга рухсат этилди. Оқибатда 25 мингта банкдан 15 мингтасигина ўз фаолиятини сақлаб қолди. Улар давлатдан қарз олиб, омонатчилар кўз ўнгида ўз обрўларини сақлаб қола олди.

1933 йилда «Саноатни қайта тиклаш ҳақида» қонун қабул қилинди. Бу қонунга кўра саноатнинг давлат томонидан бошқарилиши белгилаб қўйилди. Бу тизим саноатнинг ҳар бир соҳаси учун ишлаб чиқилган «Ҳалол рақобат кодекси» деб номланган ҳужжатда ўз ифодасини топди. Бу кодексларда ҳар бир корхонанинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот нархи, савдо бозори, шу билан бирга иш ҳақининг энг кам миқдори ҳамда иш ҳафтасининг максимал вақти қатъий белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, қонунда корхона маъмурияти билан жамоавий шартнома тузилиши, ишсизларга ёрдам берилиши кўзда тутилди.

Бундан ташқари, давлат ишсизликка қарши кураш мақсадида ижтимоий ишлар махсус қўмитасини тузди. Бу қўмитага йўл қуриш, мактабларни таъмирлаш, спорт мажмуалари барпо этиш кабивазифалар юклатилди. Бунинг ортидан 8 миллион нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди. Камбағал оилалардаги 18—25 ёшли ишсиз фуқаролар учун махсус лагерлар барпо этилди. Лагерларда текин таълим берилиб, ўқувчи ишсизлар саноатнинг янги тармоқларидаги зарур ихтисосликларга ўргатилди. Ҳар бир штатга ишсизларга ёрдам кўрсатиш учун дотациялар ажратилди. Натижада бу тадбирлар АҚШни ижтимоий ларзалардан сақлаб қолди.

«Янги йўл» инқироз жуда катта зиён етказган АҚШ қишлоқ хўжалигини ҳам қамраб олди. Инқироз оқибатида кўплаб фермер хўжаликлари ҳалокатга учраган эди. АҚШ Конгресси 1933 йилнинг 12 майида «Фермерларга ёрдам тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Қонунга кўра, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг харид нархлари оширилди. Ўз навбатида, фермерлар экин майдони ва чорва моллари сонини қисқартириш ҳақида давлат билан шартнома тузишлари белгилаб қўйилди. Шундай қилган фермерларга мукофот белгиланди. Фермерларнинг қарзи давлат ҳисобига ўтказилди ёки уни тўлаш номаълум муддатларга қолдирилди. Айни пайтда фермерларга кредит берилди ва жами фермер хўжаликларининг 10 фоизини ташкил этган ниҳоятда ночор фермер хўжаликлари тугатилди. Бу тадбирлар Америка қишлоқ хўжалигини ҳалокатдан сақлаб қолди.

«Янги йўл» сиёсати ижтимоий ҳимоя соҳасини ҳам эътибордан четда қолдирмади. 1935 йилда Конгресс «Вагнер қонуни»ни қабул қилди. Унга кўра, ишчилар жамоавий шартнома тузиш ҳуқуқига эга бўлишди. Айни пайтда ишчиларга иш ташлаш ҳуқуқи ҳам тортиқ этилди. Иш ташлашда қатнашганлик учун таъқиб этиш тақиқланди. Шу йили АҚШ тарихида биринчи марта ижтимоий суғурталаш ҳақида қонун қабул қилинди. Унда кексаларни таъминлаш; ишсизлик бўйича ёрдам пули тўлаш; ногиронларга, ёлғиз оилаларга ва етим болаларга нафақа тўлаш кўзда тутилди.

Бу ҳодиса адолатли жамият қурилиши йўлидаги катта қадам сифатида баҳоланди. «Янги йўл» кенг омманинг аҳволини яхшилаш учун энг бой оилаларнинг даромадларига қўшимча солиқ солишни изчиллик билан амалга оширди. Шу тариқа, Франклин Рузвельтнинг «янги йўли» дунёда энг кўламли инсон ҳуқуқлари ва конституциявий кафолатлар тизимини вужудга келтирди. Оқибатда АҚШда дунёда энг юқори турмуш даражаси таъминланди. «Янги йўл» АҚШга буюк, гуллаб-яшнаётган, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан мукаммал давлат сифатида шуҳрат келтирди.

Аҳрор Шарипов тайёрлади

Фойдаланилган манбалар

  1. М. Лапасов, У. Жураев – “Жаҳон тарихи” Тошкент. 2005
  2. Интернет ресурслари