Ўзбекистон спортига муносиб ҳиссасини қўшиш билан танилган Умид Аҳмаджонов яна интернет оламида кўринишни бошлади. Бу ҳақда Effect.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, кеча, 9 ноябрь куни Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти лавозимини сақлаб қолган Умид Аҳмаджонов БАА футбол ассоциациясига ташриф буюрган.

Умид Аҳмаджонов ташрифи давомида Бирлашган Араб Амирликлари футбол ассоциацияси (UAEFA) президенти ва Ажман шаҳри мери Рашид бин Ҳумайд Ал-Нуаймий билан Дубайдаги UAEFA қароргоҳида учрашган.

Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Умид Аҳмаджоновга Осиё Олимпия Кенгашининг халқаро алоқалар қўмитаси аъзоси ва Кураш халқаро ассоциацияси вице-президенти Зиёвиддин Хожиниязов ҳамроҳлик қилган.

EFFECT.UZ

Учрашув давомида томонлар БААда футбол ривожланиши учун бир қанча фикрлар билан тажриба алмашган. БАА футбол ассоциацияси билан узоқ йиллик дўстлик муносабатларига эга бўлган Умид Аҳмаджонов ушбу мамлакат билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Хусусан, Умид Аҳмаджонов ўз нутқида БАА футболини нафақат мамлакатда, шунингдек, Осиё ёки жаҳон миқёсида ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Музокаралар чоғида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тўрт йил аввал бошланган шаффофлик сиёсати ва кенг кўламли ислоҳотлар натижасида янги Ўзбекистон барча соҳаларда, жумладан, спорт ва футболда жадал ривожланиб бораётганини қўшимча қилган.

Шунингдек, у Осиё Олимпия Кенгаши шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабоҳ бошчилигида коронавирус пандемияси оқибатларини муаммосиз бартараф этиш учун бутун Осиё бўйлаб спорт ҳаракатини ва унинг аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётганини айтиб ўтган. Бундан ташқари, томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилиб, келгусида ўзаро самарали ҳамкорликнинг давом этишига умид билдиришган.

EFFECT.UZ

Маълумот учун, бунгача Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, Миллий олимпия қўмитаси президенти лавозимида фаолият юритган Умид Аҳмаджонов 2019 йилнинг июнь ойида лавозимидан кетишга қарор қилган эди. Унинг ишдан бўшаш сабаби дея бир вақтнинг ўзида Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти сифатида ҳам ишлаб келаётганлиги ва шу туфайли чет элга хизмат сафарлари кўплиги келтирилади. Аҳмаджонов айнан шу сабаб ЎФАдаги мансабини топшириш ҳақида ариза ёзган.

Жорий йилнинг 16 май куни 43 ёшни қарши олган Умид Аҳмаджонов 2019 йилнинг 3 март куни Осиё Олимпия Кенгашига Марказий Осиё минтақасидан вице-президент этиб сайланган эди. Шундан сўнг у апрелда Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси (МОФА) раҳбарлигидан кетди, май ойида эса Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президентлигидан истеъфога чиқди.

Умид Аҳмаджонов спортдаги раҳбарлик фаолиятини 2002 йилда Ўзбекистон ногиронлар спорт федерацияси бош котиби сифатида бошлаган. 2007 йилдан кейин 10 йил давомида Миллий паралимпия ассоциациясида бош котиб ва раис ўринбосари лавозимларида ишлади. Бу вақтда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритган. 2016 йилги Рио Паралимпиадаси (31та медаль, 16-ўрин) унинг соҳадаги карьерасида бурилиш нуқтаси бўлганди.

2017 йил бошида Умид Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитасида вице-президент этиб сайланди. Кўп ўтмай, у Дзюдо федерацияси вице-президенти Бобур Шодиев “Пахтакор” вице-президенти этиб тайинланиши ортидан мазкур клубда бош директор сифатида иш бошлади. Ўша йилнинг сентябрига бориб эса Ўзбекистон футбол федерацияси президентлигига ягона номзод сифатида ушбу мансабни эгаллади. Қисқа вақтда ўзини ижобий томонлама кўрсатган Аҳмаджонов 2018 йил бошида Миллий олимпия қўмитасига раис этиб сайланади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Умид Муҳаммаджонович расман ЎФФ президенти сифатида 4 ой ишлагач, 2018 йилнинг январида ўз ваколатларини ташкилотнинг ҳозирги бош раҳбари – Очилбой Раматовга топширган.

“Осиё Олимпия кенгаши вице-президентлиги – ниҳоятда масъулиятли вазифа. Келаси йил (2020 йил – таҳр) Токиода Олимпия ўйинлари бошланади. Мазкур мусобақага вақт кам қолмоқда. Хизмат сафарлари кўп. Шу сабабдан Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президентлигидан бўшаш бўйича ариза ёздим.

Ўйлашимча, ўтган вақт давомида ўзбек футболи ривожи учун астойдил меҳнат қилиб, қўлимиздан келган барча чора-тадбирларни амалга оширдик. Буларнинг самараси аста-секин кўзга ташланмоқда.

Шу ўринда юртимизда спорт ривожига, хусусан, футбол ривожига катта аҳамият қаратиб келаётган муҳтарам президентимиз Шавкат Миромоновичга, барча зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман”, деган эди Умид Аҳмаджонов ЎФАдан кетар чоғида.

У шунингдек, кетар пайтида ўзбек спорти мухлисларига “қилганларимиз ва қила олмаганларимиз учун биздан рози бўлинглар”, дея ўз постини таъсирли равишда бўшатиб берган.

Аҳмаджонов 2017 йил 12 сентябрь куни у вақтда ЎФФ деб аталган футбол иттифоқи раҳбарлигига сайланган эди. Кейинчалик у ташкилот номини ўзгартирди ва ўзбек футболида турли революцион ўзгаришлар қилишга интилди. ЎФАдаги икки йиллик фаолияти давомида Аҳмаджонов доимий танқидлар остида ишлашга мажбур бўлди. Ўша йилнинг 15 май куни Умид Аҳмаджонов МОҚ президентлигини ҳам тарк этиб, деярли Ўзбекистондаги фаолиятига якун ясади.