Шифокорлар учун ош “Дўстлик” ўзбек маданий ташкилоти кўнгиллилари томонидан тайёрланмоқда. Таомнинг биринчи порцияси 2 ноябрь куни пиширилган бўлиб, тўрт кун ичида 1600 та овқат солинган контейнер тарқатилган.

Россиянинг Томск шаҳрида ўзбек диаспораси вакиллари коронавирус беморларини даволашга ихтисослашган касалхоналарнинг ходимларига ош пишириб тарқатмоқда.

ТV2 нашри хабарига кўра, кўнгиллилар шифокорларни миллий таом билан икки ҳафта сийлашни режалаштирган.

Шифокорлар учун ош “Дўстлик” ўзбек маданий ташкилоти кўнгиллилари томонидан тайёрланмоқда. Таомнинг биринчи порцияси 2 ноябрь куни пиширилган бўлиб, тўрт кун ичида 1600 та овқат солинган контейнер тарқатилган. Шунингдек, улар яна икки минг порция ош, шунча салат ва 600 та нон тайёрлашни режа қилган. Ош шаҳардаги 11 та касалхонага тарқатилмоқда.

Таъкидланишича, ушбу ғояни Ўктам Маҳмудов билдирган, диаспоранинг қолган аъзолари ва унинг раҳбари Саматулла Рўзиев якдиллик билан қўллаб-қувватлаган. Томсклик ўзбеклардан сўнг Омск ва Кемеровадаги диаспора ҳам тиббиёт ходимларини тушлик билан меҳмон қилишни бошлаган.

Инсоният учун ўз кучи ва соғлиғини, шунингдек, ҳаётини бериб, тиним билмаётган инсонларга ҳурматда бўлайлик. Ойлик бу бошқа, бу меҳнат учун ҳақ. Бундай усулда миннатдорчилик билдириш эса бошқача. Шифокорлар хурсанд, биз ҳам уларга яхшилик қилганимиздан шодмиз. Бу каби оғир вазиятда бир-биримизга ёрдам беришимиз муҳимдир”, — дейди Саматулла Рўзиев.

“Ҳозирги мураккаб, бундай оғир шароитларда ишлаётган тиббиёт ходимларимизга ёрдам кўрсатаётган лоқайд бўлмаган ва миннатдор кишиларнинг мададини ҳис этиш ёқимли”, – деди шаҳарнинг Тез тиббий ёрдам касалхонаси бош ҳамшираси Светлана Мишкина “Томск” телевидениесига берган интервьюсида.

Қайд этиш жоизки, аввалроқ ўзбек дипломатлари Москва шифокорларига ош тарқатишган эди. “Ҳаётни сақлаб қолганингиз учун ташаккур!” шиори остида мазали таомларнинг бир қисми Москвадаги турли тиббиёт муассасаларида ишлайдиган кўплаб шифокорларга топширилган эди.