Бош прокуратурада ўтаётган йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги айрим ходимлар бевосита зиммасидаги вазифаларни бажаришда турли суиистеъмолчиликларга қўл ураётгани ҳам кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги икки йилда вазирлик тизимидаги 57 нафар ходимлар турли коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Масалан, Тўрақўрғон туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Э. аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Э. 3 нафар ходимлари билан жиноий тил бириктириб, 2019 йилги пахта мавсумида тўрақўрғонлик 327 нафар ишсизлар Тошкент ва Жиззах вилоятларига теримга жалб этилганлиги, уларга жамоат ишлари жамғармасидан мукофот пули берилиши ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, сохта ҳужжатларни банкка тақдим қилиб, мукофот пули сифатида жами 276,4 млн. сўм нақд пулларни олиб, “чўнтакка урган”.

Э. пандемия шароитида жамоат тадбирларига жалб қилинган фуқароларга иш ҳақлари жамоат ишлари жамғармасидан тўланиши белгиланганидан фойдаланиб, ушбу маблағларни ҳам ўзлаштириш пайига тушади.

Шу мақсадда, дарҳол яқинлари номига 6 та сохта фирмаларни ташкил қилиб, ушбу фирмаларга, гўёки, пандемия даврида 179 нафар ишсизлар жамоат ишларига юборилганлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, 325,5 млн. сўм маблағни талон-торож қилган.

Э. жиноий йўл билан топилган маблағлар ҳисобига 2 та Ласетти ва 2 та Дамас автомашинасини сотиб олиб, легаллаштирган. Ҳозирда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ўтказилмоқда.