Бу видео лавҳа Хоразм вилоятининг янги ташкил этилган  Тупроққала туманининг маркази Питнак шаҳри ва кишлоғи ҳудудига қарашли.

Питнакликлар қарийб 15 йилдан буён мана шу йил йўллар таъмирланади ичимлик суви ўтказилади деган бемаъни эртакга ишониб яшашади.

15 йил олдин таъмир талаб ва абгор ҳолатда бўлгани учун таъмирланади дейилган бўлса, 15 йил утиб хам мутасадди ташкилотлар ҳали ҳам ваъдасининг устидан чиқмаган. Аҳоли эса сабр қилишдан бошқа йўли йўк дея сабр қилиб шу кунгача жим келди.

10 йил олдин Питнак шаҳрида GM заводи очилди шундан сўнг, бир қатор хорижий меҳмонлар ташриф буюра бошлади ва Питнак шаҳри жуда гўзал шаҳарга айланиши хорижий меҳмонларга мос бўлиши хақида оғиз кўпиртиришди. Хоразм вилоятига қандай тепса тебранмас дангасалар раҳбар экан дея ҳайрон қоламан.

 Наҳотки шу қадар бефарқ ва боқибеғам бўлишса?. Аввалига Питнак Хазорасп туманига киритилган эди. Жорий йилдан Питнак шаҳри ва қишлоқ ҳудуди Тупроққала туманига киритилди. Аслини олганда, Питнакнинг ўзи бир туман қилиб куйса арзирли эди.

Ер жиҳатидан жуда катта майдонга эга бу ҳудудни алоҳида туман қилишса ва эътибор қаратишса бундан ҳам ажойиб бўларди майли.

Туман маркази қилиб куйишди, хўш туман маркази қандай бўлиши керак. Бир неча кун олдин мен айнан Питнак шаҳрида бўлиб қайтдим. Аслида ўша ерда туғилиб ўсганман. Шу сабабдан нима масалалар бор ва камчиликлар бор яхши биламан.

Энг аввало йўллари жуда аянчли ҳолатда. Хали ҳам эсимда, мактаб даврлари, маҳалла ичидан катта йўла чиққунча чанг ва тупроқдан оёқ кийимларимиз тўлиб кетар эди . Ёғингарчиликда тасаввур қилиб кўринг энди.

Лой-шалаббо, катта йўлга чиқишдан эса наф юк, асфальт деган нарсанинг номи қолган холос. Айтилиши асфальт йўл ўзи эса пахта агатидан беш баттар эгри- бугри.

СССР даврида менинг ота онам мактаб ўкувчиси бўлган даврда асфальт бўлган экан. Питнак аҳолисини доимий ишсизлик қийнайди, 80 фоизини ишсизлар ташкил қилади балки бундан хам кўпроқдир. Аҳоли йил бўйи чет элда пул ишлаб келиб автомобил сотиб олишади. Ўзингизга маълум бизнинг ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни унча мунча одам сотиб ололмайди.

Одамлар машинаси бўлишини ярим умри давомида орзу қилиб ишлашади. Питнакликлар бир нарсани доим таъкидлайди.

Биз итдай ишлаб машина сотиб оламиз бу расво йўллар эса бизнинг 5,10 йиллик меҳнатимизга келган автомобилни бир неча ойга хам етмасдан ишдан чиқаради. Бир ойга бормасдан ҳамма жойини алмаштиришни бошлаймиз“, – дейди аҳоли.

Питнакнинг ер майдонлари ҳақида айтиб утдим, қишлоқ ҳудуди деҳқончилик билан шуғулланади. Асосан шоли етиштирилади, пахта экилади, ёз бўйи бечора халқ сув пойлаш билан овора Хоразмдаги ёз ҳавосини кўпчилик билса хам керак 65 даражадаги иссиққа кандай чидаш мумкин?

Об-ҳавони ўзгартириб булмайди биламиз, аммо шундай шароитларда яшовчи халқнинг бироз турмиш тарзини ўзгартириш ва кулайлик яратиш мумкинку.

Ичимлик сувини Питнак кишлоғи аҳолиси 100 фоиз сотиб олиб ичишади. Чунки у ерларга ичимлик суви тармоғи ўтказилмаган.

Сув эса худди туз солингандай шўр, Питнак тоғли соя салқин булоқлари қайнаб чиқадиган маскан бўлганда эди халқ бунчалар ёниб куймаган булар эди.

Афсуски ундай жой эмас, канал ва ариқлардаги сув ерларни суғориш даврида қуриб қолади. Аҳоли эса ерга сарф қилган пулини қоплай олмасдан эзилиб юради. Агар бир бошидан айтаман десам камчилик ва кузбуямачиликларнинг чеки чегараси йўқ. Питнак қишлоғи ҳудудини мен ўзим жуда яхши биламан.Уйимиз олдидан оқиб ўтувчи катта ариқни хар 2 уч йилдан қазиб кетишади.

Узи асфальт ва тош нималигини кўрмаган йўлимиз энди текисланай деганда ариқдан қазиб олинган лой ташланади. Лой камида 2 ёки 3 ойда қурийди.

Тоғ каби уюм қилиб ташлаб кетилган лойни, аҳоли аравачаларга ортиб у ёқ бу ёқларга ташиб автомобил утиши учун йўл очишади. Шунча лой тушгандан сўнг, расвоси чиққан кўча яна чанг билан тупроққа айланади.

Катта ариқ утган кўчалар асфальт қилинмас эмиш! Эй нодон қазиган лойингни бошқа жойларга ташла бечора халқ қаердан юриб ўтсин. Қуш бўлса экан қаноти борку учиб утади десанг.

Бозор учардан келиши бор кулларида юк тула одамлар таксисларга худони зорини қилади сал ичкарига олиб кириб ташланг пулини бераман дейди. Бу гап айнан Питнак кишлоғи Паст том маҳалласи хақида.

Аммо таксистлар йўқ киролмайман, бу Қизил Аскар кўчасига киргандан кўра 10 марта бориб келганим яхши. Чангидан йўл кўринмайди. Сиз берган пул машинани ювишга хам етмайди дейди.

Шундай қилиб Паст том мағалласининг Қизил аскар томонида яшайдиганлар яна тупроқ ва лой кечиб юраверишади. Мен хар сафар Тошкентдан Хоразмга борганимда қани бирон ўзгариш бўлдимикан деб қарайман.

Деярли бир йилда бир ёки икки марта бораман, аммо ҳеч нарса ўзгармайди. 1 йил ичида битта дарахт хам экилмаган ўша ўша ҳолатлигича тураверади.

Аҳоли ўзини ўзи базўр эплайди. Агар уларда ошиб тошиб ётган пул бор бўлганда ҳамма ерни ўзлари таъмирлаб ташлаган булар эди.

Мен бу гапларни шунчаки айтаётганим йўқ. ўша чанг тупроқ тула кишлоқда мен туғилдим катта бўлдим. Халқ қанча сабр тоқат қилиши керак.

Давлатнинг пулларини қаерга сарф қиляпсизлар? Мансабингиз ортидан гердайиш ўрнига халқ учун бирон иш қилиб дуо олсангиз бўлмайдими мутасадди шахслар. Халқ лаънати ва карғишидан бошқа нимага лойиқсиз? мана шу саволга жавоб бера оласизми?

Агар ўша жойлар гуллаб яшнаб турган бўлса эди, мен жонкуяр ходимлар дея таъкидлаб айтар эдим. Аммо сиз фақат иш ёқмас  деган номга муносибсиз.

Рухсора Баҳромзода