Россиянинг “Первый канал” телеканалида эфирга узатиладиган “Вечерний Ургант” шоу дастурида Ўзбекистон ҳукуматининг энг кўп пиёда юрган фуқароларни рағбатлантириш тўғрисидаги қарори ҳақидаги хабар кўрсатилди.

“Вояга етган фуқаролар ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрганда 3 минг сўмгача олишлари мумкин, бу 30 Америка центи атрофида, яъни ҳар кун учун 27-28 минг рубль (3000 сўм 22,5 рубль бўлади. Шу тариқа бошловчи рублнинг долларга нисбатан тушиб бораётганига ишора қилиб ҳазиллашган – таҳр.). Энг фаол пиёдаларга қўшимча 30 доллар тўлашади, вилоятларда эса ҳатто 50 доллар. Энг кўп юрган ўзбекистонликлар тахминан… тахминан, бу жуда муҳим… 100 доллардан олишади”, – деди телебошловчи Иван Ургант.

Шунингдек, Ургант қадамлар ҳақида ҳазиллашиб, MC Doni эндиликда севган машғулотидан пул ишлаб топшиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Шавкат Мирзиёев “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Қарор билан:

  • бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқаронинг электрон ҳамёнига 3 минг сўм;
  • бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.