Сўнгги вақтларда кўплаб ёшларнинг олий ўқув юртларида ўқиш учун контракт тўловларини тўлашда қийинчиликларга учраётганликлари тўғрисида мурожаатларни инобатга олиб Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатлари “Талабаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси”ни ташкил этиш таклиф этмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар бермоқда.

“Олий мажлис қонунчилик палатаси таълим кредитларини бериш тартибини қайта кўриб чиқиш ва қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этишни тақазо этмоқда.

Оғриқлиси бир қатор талаба ёшлар маблағи бўлмаганлиги сабабли ўқишни ташлаб кетишга ҳам мажбур бўлишмоқда. Ушбу масала пандемия шароитида янада долзарб бўлиб бораяпти.

Амалдаги тартибларга кўра, тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари бўйича:

чин етимларга, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига  ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит);

талабаларнинг қолган тоифаларига – 2020 йил 1 январдан бошлаб фоиз харажатларининг бир қисмини “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор ставкалари белгиланади.

Таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси ва тижорат банклари томонидан қўшиладиган фоизлар учун тўловлар миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин, бу кредит шартномасида қайд этилиши керак.

Шунингдек, кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади.

Кўрсатиб ўтилган имтиёзга эга бўлган оилалар кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ (Вазирлар Маҳкамасининг 44-сон қарорига 1-илова) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аниқланади.

Бироқ, амалиётда таълим кредити бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланишда қийинчиликлар мавжуд, қанча қисмини компенсация қилиниши аниқ белгиланмаган.

Шунингдек, кам таъминланган оила эканлигини исботлаш жараёни ҳам осон эмас. Талабаларга таълим кредитлари ажратилишини кўпайтириш, енгиллаштириш ҳамда белгиланадиган имтиёз шартларини умумлаштириш мақсадида биз алоҳида “Талабаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси”ни ташкил этиш керак, деган таклифни илгари сурмоқчимиз.

Ушбу жамғарманинг молиявий манбалари этиб оширилган контракт тўловларининг, олий таълим муассасаларида бўш турган маблағларни депозитга қўйишдан тушган фойданинг 5-10 фоизи, хайрия маблағлари, шунингдек, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси,  Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларининг таълим кредити фоизларини компенсация қилишга йўналтирилган қисми;

қолдиқ маблағлар шунингдек, зарур бўлганда бюджет маблағлари этиб белгилаш; жамғарма маблағларини тўлов шартномаси асосида ўқиётган биринчи ва иккинчи босқич талабаларининг 25 фоизига, битирувчи босқич талабаларининг 75 фоизига қолган босқичларда ўқиётган талабаларнинг эса 50 фоизига тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитлари фоизларининг ярмини, чин етимларга, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларга эса тўлиқ тўлашга йўналтириш керак бўлади.

Ушбу таклифнинг қўллаб-қувватланиши талаба ёшларга ёрдам бериш борасида давлат раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларнинг яна бир амалий натижаси бўлади, деган умиддамиз”, – дейилади хабарда.